яшайверган, алданмаганлар қириб ташланган ёхуд бўйсундирилган.
«Оловли йўллар» фильмида шундай лавҳа бор: Ҳамза Шоҳимардонда аёл-қизларни паранжини улоқтиришга, қишлоқ гузарига чиқиб, давра ясаб, ўйин-кулги қилишга чорлайди… Қишлоқ аҳли дунё дунё бўлиб кўрмаган бир ҳол. Уларнинг назарида Ҳамза ким? Дажжол эмасми?! Номаҳрам эркак хотин-қизларни бундай йўлга бошлашига қандай ҳақ-ҳуқуқи бор?! (20-йилларни қўя туринг, ҳозир биров маҳаллангизга келиб шундай қилиб кўрсин-чи!)
Ҳамзанинг, тўғрироғи, фильм ясовчилар яратган Ҳамза образининг назарида аёлларни ўша тариқа озодликка олиб чиқиш юксак инсонпарварлик, жасорат саналади. Лекин айни вақтда Ҳамза ўзининг бу «адолати» билан Ўзбекнинг Ватанини кўтариб турган асос устунлардан бўлмиш ўзбек аёлининг шаънини, яъни аёлларни номаҳрам назаридан асрашдек ўта нозик азалий миллий қадриятни оёқости қиляпти-ку! Бундай «инсонпарварлик», «Аёлни биргина эркакка боғлаб қўйиш худбинлик, ҳар бир аёл барча эркакларникидир», деб аёлларга мутлақ ҳурлик бериш таълимотини илгари сурган Маркиз де Саднинг «покиза» ниятларидан моҳиятан йироқ эмас.
Биргина шу – хотин-қизларга муносабат масаласидаёқ инқилобдан кейинги ўзбек иккига ажраб кетди: аёлларни Ҳамза (образи) истаган қабилда озодликка чиқишини ёқловчи – янгилар ва буни рад этувчи – эскилар. Кўп ўтмай мазкур эскилар ва янгилар орасидаги ихтилоф катта-кичик ижтимоий-маиший муаммолар баҳонасида шиддатли суръатда кескинлашди, яхши ниятлар қобиғида келган мусофир қадриятлар зўравонлик йўлига ўтиб, Ўзбекнинг Ватанини ғорат ва поймол қила бошлади. Миллатлар орасидаги майда-йирик тўқнашувлардан тортиб, то асосан ватанпарварлик ҳаракати бўлган босмачиликкача шу зўравонлик касофати эди.
Хуллас, асрий қадриятларимиз зўравонлик билан ёки алдов йўли билан ўзгартиришга киришилди.
Алданмасликнинг бирдан-бир чораси Ўзбекистон дея аталгувчи Ватанда ўзбек халқи сифатида яшамоғимиз аллақайси доҳий ёки аллақайси фирқа, мафкура томонидан эмас, Яратгувчи томонидан белгилаб қўйилганини, бунга ҳеч қандай ташқи инсоний куч дахл кўрсатишга, ҳатто аралашишга ҳақи йўқлигини ҳис қилмоғимизда эди! Инсоний камолотимиз ва саодатимизнинг бош ва ўзгармас мезони ҳам шу бўлмоғи керак эди!
Биз ана шу мезонни унутдик ва ҳаётимизни нуқул ташқаридан келган, келтирилган андозалар асосига қурмоқчи бўлавердик.
Ҳар қандай жамиятнинг, ҳокимиятнинг одиллик даражаси ўз фуқароларига комил инсон мартабасига етишмоқ учун нечоғлик шарт-шароит яратиб бергани билан ўлчанса, дунёдаги «энг инсонпарвар» жамиятимизда инсоний камолот чўққиси «совет халқи», «совет кишиси» деган тушунчага олиб бориб тақалди.
1918 йили бўлиб ўтган Оренбург губерния 1-қурултойида «энди казаклар ҳам, деҳқонлар ҳам, мусулмонлар ҳам йўқ, фақат гражданлар бор, холос», деган фикр устунлик қилди. Бу – даҳшатли нуқтаи назар эди! Шундай жоҳилликлар оқибатида миллий мансублик ўрнига «совет фуқароси», маҳаллий