кўчади. Шу ҳисобга кўра ҳозир космик ой ниҳояланиб Ер Балиқ буржидан Далв буржига кўчиш арафасида турибди. Ердаги 2000 йилга тенг бўлган «Ҳар бир космик ой, – деб ёзади Б.Хамваш, – улкан тарихий даврдир, бу – юнонларда дон деб аталади. Ойдан ойга ўтиш чоғида умумбашарий кескин ўзгаришлар кузатилади. Ҳар олти космик ойдан сўнг улкан фалокатлар юз беради».
Демак, асримиз пировардида курраи заминимизда, жумладан, бизнинг минтақаларда рўй бераётган табиий офатлар, ҳалокатлар, ижтимоий-сиёсий портлашлар сабаблари Ерда – ён-атрофимиздагина эмас, кўпроқ Коинотда ҳам экан-да! Буржлардаги оғишларгина эмас, Қуёшдаги портлашлар, Ой фазалари Ерга таъсир кўрсатишини биламиз. Қадим-қадимда оғир юқумли касалликларнинг тарқалиши, тошқину зилзилалар, ҳатто катта урушлар Коинотдаги жараёнларга дахлдорлиги айтилган. Чернобил фожиаси, Ўш, Фарғона воқеаларининг бир чеккаси ҳам самовий жараёнларга тақалмоқда. «Янги давр дунёни англаш асослари» китобида одамларнинг тафаккури, фикрлаши Нафис ва Оловли Дунё қатламлари билан узвий боғлиқлиги ҳақида мулоҳаза юритилган. Руҳан бой – руҳоний бўлган дастлабки одам шу уч Дунёда яшаган, бинобарин, самовий қатламлару (Етти қават осмон) дунёларни бирлаштириб турган улкан уйғунлик – буюк мувозанат одамнинг руҳий – Ҳақиқий Ватанидир!
ХХ аср одамларининг энг катта фожиаси, ана шу Ватандаги беватанлиги. Замондошлар учун энг олий нажот ҳам Буюк ва Мутлақ самовий уйғунлик тимсолидаги Ватанни англамоқликдир!
«Биринчи одамларда илоҳий келиб чиқиш туйғуси равшан англанган. Улар табиат – руҳ – қалбнинг абадий бирлигини ўзларида мужассам этган одамлар эдилар», дейди Б. Хамваш.
Зикр этилган «самовий уйғунлик», «катта ватан», «ҳақиқий ватан», «инсоний саодат», «буюк мувозанат», «мутлақ уйғунлик», «олий мувозанат» сингари иборалар маъно жиҳатидан бир тушунчани ифодалайди. Эйнштейн тасаввуридаги «олий илоҳий куч» иборасини ҳам шулар қаторида келтириш мумкин, зеро, буюк физик олим «Олий илоҳий кучни тушуниб етиш учун мана шу коинотга қараб турсам, у Аллоҳнинг борлигини қалбимга солади», деб ёзган. Демак, санаб ўтилган иборалар айтиладими ёхуд Аллоҳнинг муборак номи тилга олинадими – моҳият ўзгармайди: ҳар қайси ҳолатда ҳам сўз Самовий уйғунлик назарда тутилган буюк ва мутлақ ҳақиқат – ҲАҚ ҳақида бораётган бўлади. Ҳақиқий инсоний юксалиш шу Ҳақ висолига мубталолик орқали бўлади.
Миллий туйғуни англаш, она юртни азиз ва мукаррам билиш кишини юз карра улуғласа, шу йўл орқали ўзини Самовий уйғунликда, Самовий уйғунликни ўзида ҳис эта олмоқлик Инсонни минг карра улуғлайди! Бундай инсоннинг қилган иши, босган қадами, сўзлаган каломидан ҳаётбахш нурлар таралади.
Фуқароларини ана шундай ҳурлик, озодлик йўлига сола олган Ватангина мустақил ҳисобланади, шу мақомга етиша олган одамларгина Ватанда беватан яшаб ўтмайдилар.
«Ҳар қандай маданият ва ҳар қандай халқда ташқи олам билан инсоннинг ички дунёсида бақамти борувчи оқимлар мавжуд, – деб ёзган эди Ж.Неру.