Зеус Кабадайи

Мени ёлғиз қолдирма


Скачать книгу

Бобом, катта бобом, онам ҳақида… Демак, биргина кулимсираш кишининг ичига борини тўкиб ташлашига сабаб бўлар экан. Бу орада «Бошингни оғритган бўлсам, узр сўрайман» дедим. У бўлса, «Ҳаммаси жойида, мен ҳам тинглашни яхши кўраман», деган эди. Тинглади ҳам… Лекин, ўйлайманки, эшитганлари унга ёқмади. Яхши бўлиш ва севгига орзуманд бўлмоқ нақадар ёмон экан, эҳ, билсангиз эди.

      Инсон кимгадир ичидаги борини тўкиб солишни хоҳлайди. Айтишни ва кейин айтгани учун пушаймон бўлмасликни истайди.

      Одатда ўзимга савол берардим: пул муҳимми ёки севги? Доим пул дейдиган ўзим, бугун негадир «ишқ» дедим. Чунки ўн уч йил бир аёлни сев, унга «эркам» де, кейин эса уни унутиб юбор! Роппа-роса ўн уч йил, сўнгра унут! Кейин келгин-да, бир кечада айни туйғуларни ҳис қил… Аҳмоқ! Яна айтаман: аҳмоқман!

      Бугун тўхтамай югуришни хоҳладим, аммо, афсуски, қўлимдаги оғир юклар сабабли югура олмадим. Уриниб кўргандим, юрагим бўғзимга келди.

      Шуни тушундимки, шугина ишни ҳам уддалай олмас эканман.

      Кимсасиз бир ғарибдай атрофга алангладим. Билдимки, ҳеч кимим йўқ. Танишларимнинг айтганлари тўғри экан: мен бу дунёга ёлғиз ўтиш учун келганман. Нега? Чунки ҳаммага валдирайверадиган одам ошиқ бўлолмайди. Ҳам ошиқ бўлади, ҳам жафо ҳақда лоф урадими? Жуда бўлмағур гап.

      Биламан, сен ҳам мен каби ёлғизсан. Шу лаҳзада буни ўқир экансан, мен ҳам ёлғиз ўтаман, дейсан. Йўқ, ягонам, сен ёлғиз ўтмайсан. Сен жуда бахтли бўласан. Ҳатто бир куни оила қурасан, болаларинг бўлади. Қачондир сенга «Қара-я, фалончи ўлибди», дейишади. Сен: «Фалончи бошқалар айтмаган гапларни айтар эди, одамларнинг овози эди», дейсан. Ягонам, билганим шуки, сени шоҳона ҳаёт кутмоқда. Қидирган одамингни топасан ва жуда бахтиёр бўласан.

      Баъзан ҳаётда шунақа бўлади; мен тўлашим керак бўлган бадални сиз тўлайсиз, бошқача эмас.

      Сени севаман, унутма, хўпми?

      Энди ўрнингдан тур, мен учун бир финжон қаҳва ич.

      Осмонга боқ ва у ерда ўз гўзаллигингни кўр.

      Осмон каби мусаффо умр кечир.

      Бунга ишон.

      Буни унутма.

      КЕТСАНГ…

      Кетсанг кемтик бўлиб қоламан, бутун бўлишдан воз кечаман.

      Кетиб қолишингдан жуда қўрқаман. Сени шу қадар яхши кўраманки, буни тасаввур ҳам қилолмайсан.

      Одам севган кишисининг кўзига тикилди дегунча йиғлагиси келадими? Бошқаларни билмадим-у, менинг йиғлагим келади. Нега, биласанми? Бир куни кетиб қолишингни билганим учун!

      Баъзан вақт тўхтаб қолгандай бўлади, хўрсинаман. Қалбингда қолишни жуда хоҳлайман, бу рўёдан уйғонишни ҳеч истамайман.

      Лекин биламан…

      Сен мени сени севганимдай севмайсан.

      Сендан бир қизим бўлишини жуда хоҳлаган эдим. Билмайман, ана шундай ўйладим, буни ичичимдан жуда кучли ҳис қилган эдим.

      Сенга ўхшашини, сендай бўлишини хоҳлар эдим…

      Сендай бўлсинки, қизимни биров сени севганимдай севсин, хотиржам бўлай.

      Чунки бир куни қўл силтаб, бизни ташлаб кетасан, мана шуни ўйлайман.

      Бу менинг хаёлим, холос, қўрқма. Буларнинг ҳаммаси сени севганим учун. Одам