Иброҳим Ғафуров

Мангу латофат: бадиалар


Скачать книгу

таассуротлари, тасаввурлари, ҳаяжонлари шеърият ва умуман ҳар қандай ижоднинг битмас-туганмас манбаи. Кейин катта бўлганда юзага чиқадиган ижодий ҳодисаларнинг бари болалик ва унинг таассуротларида муҳрланган бўлади.

      Болаликнинг таассуротлари, айниқса, унинг илк ижоди намуналарида 60-йилларда ёрқин намоён бўлди. Унинг барча шеърларидан беғубор тонг нафаси руҳи сезилиб туради. Шу билан бирга отани соғиниш руҳи илк давр шеъриятининг мағзига сингиб ётади. Дунёга ёрқин бир шоир келганлигидан хабар берган «Буюк ҳаёт тонги», «Нидо» сингари шеърий гўзал достонларининг тубида ота соғинчи ётади. Бу соғинч ёш шоир қалбининг беҳад теран қаърларидан чиқади. У билиниб-билинтирмай асарларнинг руҳига кўчиб ўтади. Бу жиҳатдан айниқса, «Нидо» соғинишнинг апофеозига кўтарилади. Уруш даврининг болалари бу достонни ўз армонларининг овози каби қабул қилган эдилар. Унда инсоний соғинч юксак самимият билан ифодаланган эдики, ҳали-ҳануз бу асарни ҳаяжонланмасдан ўқиб бўлмайди. «Нидо»дан бошлаб соғиниш ва у билан безлик ранг-баранг кечинмалар Эркин Воҳидовнинг бутун ижодида ўзига хос ўрин ва мавқени ишғол этади. Унинг шеъриятига ўзгача колорит бағишлайди. Шоир ижодида бунчалар юксак ўрин тутган юрт севгиси, ҳақни эъзозлаш, инсонни баланд пардаларда куйлашда ҳам шу катта маънодаги соғинишнинг кучли таъсири борлиги аён.

      Ўқувчилик чоғлари, талабалик йиллари ва ундан кейинги узоқ шарафли, машаққатли, зиддиятларга тўла ҳаёт йўлларини кузатиб, бу йўлларни баъзан бирга ўтиб шунга тўла ишонч ҳосил қилганмизки, Эркин Воҳидов инсон ва ижодкор сифатида бахтиёр одамлар тоифасига киради. У қайси даврада иштирок этаётган бўлса, ўша даврада файзу шукуҳ ва фазлу фасоҳат шуълалари кезиб юради. Унинг сўзлари, тиниқ, нафис байтлари кириб борган қалблар ичдан нурланиб, шеър файзи билан гўзаллашади. Унга илҳом, фасоҳат ва фазл нурлари эргашиб юради. Унинг сатрлари одамларни ўз оҳанрабо доирасига тортади. Ўқувчилар унинг илк шеърлари ва достонларидаги оҳанрабони жуда тез илғаб олган, мафтун бўлган, янги шеърларини ихлос билан кутар, қаршилардилар. Унинг атрофидан сабоқдошлар аримасдилар. Тенгдошлари ҳам, катта ёшдаги кишилар ҳам уни ўзларига жуда яқин олар, яқин кўрар, унинг шеърларидан инсон бу қадар гўзал, фасиҳ ва самимий бўла олиши мумкинлигини англардилар. Аллақандай инсоний жозиба, назокат, маданият ва одоб-икром унга туғма тарзда тортиқ қилинганга ўхшарди. Буларнинг бари унинг табиати, феъл-атворида ичичидан табиий тарзда шуълаланиб турарди. Фикр унда эрта шаклланди. Шахси тез камолга етди. Шу камол ҳам балки илгаридан ато этилгандир. Шоирнинг бахтиёрлиги шундаки, у ўзига ато этилган камолни тез илғаб олди, уни ўзидан бир зум ҳам нари четлатмади, унга бепарво бўлмади, уни емириши мумкин бўлган жунуний хислатлардан ўзини йироқ тутди. Камолот у билан бир умр дўстлашиб қолди. Одамларни жалб қилган, унинг чироғи атрофига тортган ҳодиса инсоний камолнинг ана шу даражаси ва сифати бўлса керак. Эркин Воҳидовнинг илк асарлари мухлисларнинг