Лев Толстой

Тирилиш


Скачать книгу

эди. Гарчи заиф бўлса-да, қалбида қизга нисбатан яна ҳақиқий муҳаббат товуши эшитилди. Ана шу товуш унга қиз ҳақида, қизнинг ҳис-туйғулари, ҳаёти ҳақида гапирди. Бошқа товуш эса, бўш келма, айшингни суриб қол, ўз бахтингни кўзла, деярди. Ана шу кейинги товуш олдинги товушни босиб кетди. Нехлюдов дадил юриб қиз олдига келди, Шу пайт вужудини зўр ҳайвоний ҳис эгаллаб олди.

      Нехлюдов қизни қучоғидан қўйиб юбормай ўринга ўтқазди-да, яна нималар қилиш лозимлигини ҳис қилиб, унинг ёнига ўтирди.

      – Жон Дмитрий Иванович, қўйиб юборинг, – деди қиз ялиниб. – Вой, Матрёна Павловна келяпти! – қичқирди-да, унинг қучоғидан отилиб чиқди. Ҳақиқатан ҳам аллаким эшик томон келарди.

      – Билиб қўй, кечқурун олдингга бораман, – деди Нехлюдов. – Ёлғизсан-а?

      – Нима деяпсиз? Йўқ, йўқ! Керак эмас, – деди Катюша тил учида, аммо ҳаяжонланган, довдираб қолган вужуди бутунлай бошқа нарса деб турарди.

      Эшик ёнига келган ҳақиқатан ҳам Матрёна Павловна экан. У қўлида адёл кўтариб хонага кирди ва Нехлюдовга таънаомуз назар ташлаб, бошқа адёл олиб келгани учун Катюшани койиди. Нехлюдов индамай чиқиб кетди. У ҳатто уялмади ҳам. Матрёна Павловнанинг қиёфасидан ўзи қилган иши учун уни айблаётганини ва айблашга ҳақли эканини кўрди ва билди, бу қилмиши яхши эмаслигини ҳам тушунди, аммо аввалги самимий муҳаббат ўрнида пайдо бўлган ҳайвоний ҳирс бошқа ҳеч нарсани тан олмай, бутун вужудини эгаллаб олган эди. Энди у шу ҳирсни қондириш учун нима қилмоқ кераклигини билар ва бунга чора изларди.

      Шу оқшом Нехлюдов ўзини қўярга жой тополмай юрди: гоҳ аммаларининг ёнига кирар, гоҳ у ердан чиқиб ўз хонасига қайтар, зинапояга чиқар ва фақат бир нарса ҳақида, яъни қандай қилиб қизни ёлғиз учратиш ҳақида ўйлар эди. Катюша ҳам унга кўринмасликка ҳаракат қилар, Матрёна Павловна эса қизни кўздан қочирмасликка уринарди.

      XVII

      Оқшом шу алфозда ўтди, тун кирди. Доктор ухлагани кетди. Аммалари ҳам ётишди. Нехлюдов Матрёна Павловна ҳозир аммаларининг ётоғида эканлигини, Катюша қизлар хонасида ёлғизлигини биларди. У яна зинапояга чиқди. Ҳовли қоронғи, ҳаво намхуш ва илиқ эди. Баҳорда сўнгги қорни эритувчи ёки эриган сўнгги қордан вужудга келувчи оппоқ туман ҳавони тўлдирган эди. Уйдан юз қадамча наридаги тепалик тагидан оққан сойдан ғалати товуш эшитиларди: бу синаётган музларнинг овози эди.

      Нехлюдов зинапоядан тушди ва ҳалқоблардан ҳатлаб ўтиб, музлаган қорни ғарч-ғарч босиб, қизлар хонаси деразаси ёнига бориб тўхтади. Юраги шундай дукуллардики, ҳатто ўзи ҳам эшитарди; гоҳ нафаси тиқилар, гоҳ ҳарсиллар эди. Қизлар хонасида кичкина лампа ёниб турарди. Катюша стол ёнида бир нуқтага тикилиб, хаёл суриб ўтирарди. Нехлюдов, қиз ҳеч ким йўқлигида нима қилар экан, деб анчагача қимир этмай тикилиб турди. Қиз бир-икки дақиқа қимир этмай ўтирди-да, кейин кўзларини кўтариб жилмайди, ўзига ўзи таъна қилгандай бош чайқади, кейин ҳолатини ўзгартириб, икки қўлини стол устига қўйди-да, рўпарасига кўз тикди.

      Нехлюдов қизга тикилганича ҳам юрагининг