югуриб чиқди. Нехлюдов эшикнинг оҳиста ғирчиллаб очилганини эшитди. Нехлюдов уни даҳлиз ёнида кутиб турарди, ёнига яқинлашиши биланоқ индамай қучоқлаб олди. Катюша унинг пинжига тиқилди, бошини кўтарди, лаби билан унинг лаби учрашди. Улар ҳовлида, даҳлизнинг бурчагида қори эриб қуриган ерда туришарди. Нехлюдовнинг вужудини қонмаган шиддатли ҳирс қамраб олган эди. Тўсатдан эшик яна ғичирлаб очилди, аччиғи чиққан Матрёна Павловнанинг овози эшитилди:
– Катюша!
Катюша унинг қучоғидан отилиб чиқди-да, қизлар хонасига яна кириб кетди. Нехлюдов эшик ҳалқасининг «ширқ» этиб тушганини эшитди. Шундан кейин ҳамма ёққа сукунат чўкди, деразадаги қизғиш нур ғойиб бўлди, ҳамма ёқ туман, сойдан шовуллаган товуш келиб турарди.
Нехлюдов дераза ёнига келди, ҳеч кимса кўринмас эди. У тақиллатиб кўрди, ҳеч ким жавоб бермади. Нехлюдов уйга кўча эшикдан қайтиб келди-ю, лекин ётиб ухлай олмади. У этигини ечиб яланг оёқ бўлиб йўлакка чиқди-да, Матрёна Павловнанинг хонаси ёнидаги Катюшанинг эшиги томон юрди. Дастлаб у Матрёна Павловнанинг хуррак отаётганини эшитиб, энди кирмоқчи бўлиб турган ҳам эдики, бирдан Матрёна Павловна йўталиб қолди ва тўшагини ғижирлатиб иккинчи ёнбошига ағдарилди. Нехлюдов турган ерида қотиб беш дақиқача турди. Теварак-атрофга жимлик чўкиб, яна хуррак эшитила бошлаганда, у полнинг ғижилламайдиган тахтасига оёқ қўйишга уриниб нари кетди ва Катюшанинг эшиги тагига келди. «Чурқ» этган товуш эшитилмас эди. Афтидан, Катюша ухламаган. Чунки унинг пишиллагани эшитилмасди. Нехлюдов: «Катюша!» деб шивирлаши биланоқ қиз ирғиб ўрнидан турди-да, эшик ёнига келиб, қайтиб кетишини илтимос қила бошлади. Нехлюдовнинг назарида, жаҳл билан гапираётгандек туюлди.
– Бу нима қилганингиз? Яхши эмас-ку. Аммаларингиз эшитиб қолишади, – деди Катюша, аммо дилида «жон» деб турарди.
Нехлюдов фақат шунигина тушунарди.
– Бирпасга оч. Жон Катюша, – деди у бемаъни сўзларни такрорлаб.
Катюша жимиб қолди, кейин Нехлюдов унинг ҳалқани қидираётган қўлининг шитирлаган товушини эшитди.
Ҳалқа «ширқ» этиб очилди ва Нехлюдов ўзини ичкарига урди.
У дағал қўли билан ич кўйлакда бўлган Катюшани маҳкам қучоқлаб олди ва кўтариб чиқиб кетди.
– Вой! Қўйинг-э! – деб шивирларди қиз.
Қизни ўз хонасига кўтариб кетаётган Нехлюдов унинг сўзларига парво қилмади.
– Қўйинг, кераги йўқ, қўйиб юборинг, – деяр эди қиз, аммо ўзи эса унинг пинжига тиқиларди.
Катюша титраб-қалтираб, унинг гапига жавоб қайтармай индамай чиқиб кетганда, Нехлюдов бўлиб ўтган ҳодисанинг мағзини чақиш учун зинапояга чиқди.
Ҳовли ёруғроқ эди, пастда сойнинг қасир-қусури, шовуллаши яна кучайган, аввалги товушларга шилдираган овоз қўшилган эди. Туман чўка бошлаган ва туман пардаси ортидан кўтарилиб чиққан ўроқ шаклидаги ой қандайдир қора ва даҳшатли бир нарсани ғира-шира ёритарди.
«Бу қандай бўлди: буюк бахтиёрлик рўй бердими, ё катта бахтсизлик?» – деб сўрарди Нехлюдов