Лев Толстой

Тирилиш


Скачать книгу

тирсагигача очиқ қўлида чиройли ридикюль ушлаган, катта бантли баланд шляпа кийган, шоҳи-барқутларга беланган олифта хотиндан кўз узолмай, қараб-қараб қўйганини сезди. Кейин билса, бу хотин гувоҳ, Маслова турган исловатхонанинг бекаси экан.

      Гувоҳлардан исмлари, дини, мазҳаби ва ҳоказоларни сўрай бошладилар. Сўроқдан кейин томонлардан, гувоҳларга қандай савол берасиз: қасам ичириб савол берасизми ёки қасам ичирмасданми, деб суриштиришди. Бояги кекса поп оёғини зўр-базўр судраб, ҳарир тўнининг кўкрагидаги сариқ хочни тўғрилаб, фойдали ва муҳим иш қилаётгандек хотиржамлик ва дадиллик билан гувоҳларни, кейин экспертни қасамёд қилдирди. Қасамёд қилиш маросими тугагач, фақат Китаевани – исловатхона эгасини қолдириб, қолган гувоҳларнинг ҳаммасини олиб чиқиб кетишди. Ундан бу иш ҳақида нималар билишини сўрашди. Китаева сохта табассум билан, ҳар гапида шляпа қўндирилган бошини ирғитиб, немисча талаффуз билан батафсил ва равон гапириб бера бошлади.

      Энг аввал исловатхонага сибирлик бадавлат савдогар учун қиз олиб кетгани таниш хизматкор Симон келибди. Китаева Любашани юборибди. Бир қанча вақтдан кейин Любаша савдогар билан бошлашиб келиб қолибди.

      – Савдогар жуда хуш-хуружда эди, – деди Китаева сал жилмайиб, – бизникида ҳам ичишини, қизларни зиёфат қилишини қўймади; пули етмай қолгандан кейин номерига ана шу Любашани юборадиган бўлиб қолди. Савдогар билан шу Любаша ишрат қилиши керак эди-да, – деди у судланувчига қараб қўйиб.

      Нехлюдовнинг назарида, Маслова шу гапни эшитиб жилмайгандек бўлди. Бу табассум уни жиркантирди. Кўнглида нафрат аралаш ачиниш ҳисси ғалаёнга келди.

      Суд томонидан судьяликка номзод қилиб кўрсатилган киши, Маслованинг адвокати қизариб-бўзариб тортиниб:

      – Маслова ҳақида қандай фикрдасиз? – деб сўради.

      – Жуда яхши, – деб жавоб берди Китаева, – ўқиган қиз, жуда яхши қиз, яхши оилада тарбият топган, французчани билади. Баъзида ортиқча ичиб қўярди-ю, лекин ҳаддидан ошмас эди. Жуда яхши қиз.

      Катюша бекасига қараб ўтирарди. Кейин бирдан маслаҳатчиларга кўз югуртирди ва Нехлюдовга тикилганича қараб қолди, юзи жиддий, ҳатто қаҳрли тус олди. Қаҳрини сочаётган кўзларнинг бири хиёл ғилай эди. Ғалати боқиш қилган ана шу икки кўз Нехлюдовга узоқ тикилиб қолди. Нехлюдов ҳам даҳшат ичида қолганига қарамай, соққаси оппоқ ғилай кўздан кўз узолмади. У сой музлари қарсиллаб синган ўша туманли, даҳшатли кечани эслади. Саҳар пайтида чиққан ўроқсимон ой қандайдир қора ва даҳшатли нарсани ёритган эди. Ҳам ўзига, ҳам унинг ёнидаги нарсага боқувчи бу қора кўзлар унга қандайдир қора ва даҳшатли нарсани эслатарди.

      «Таниди!» – деб ўйлади у. Нехлюдов калтак тушишини кутгандек ғужанак бўлиб олди. Лекин Катюша уни танимади. Катюша бир хўрсиниб қўйди-да, яна раисга кўз тикди. Нехлюдов ҳам хўрсиниб қўйди. «Тезроқ тугай қолсайди», – деб ўйларди у. Нехлюдов ов вақтида ярадор бўлган қушни ўлдиришга тўғри келганда шундай нарсани ҳис этарди: ҳам жирканар, ҳам ачинар, ҳам афсусланарди. Чала ўлик қуш халтада типирчилайди: ҳам жиғингга тегади,