Лев Толстой

Тирилиш


Скачать книгу

оппоқ кўйлагининг кўкраги крахмалланган ўрта ёшлардаги киши ўрнидан турди ва Картинкин билан Бочковани ёқлаб нутқ сўзлади. Бу одам Картинкин билан Бочкова уч юз сўмга ёллаган адвокат эди. У ҳамма айбни Масловага тўнкаб, буларнинг икковини оқлашга уринди.

      Адвокат Маслованинг: «Пул олаётганимда тепамда Бочкова билан Картинкин бор эди», деган гапини рад қилиб, заҳар бериб одам ўлдиришда айбланган аёлнинг сўзи инобатга ўтмайди, деб туриб олди. Икки минг беш юз сўм эса, – деди адвокат, – бу иккала меҳнаткаш ва инсофли одамлар томонидан ишлаб топилган бўлиши мумкин. Нимагаки, меҳмонлар уларга кунда уч сўм, баъзида эса беш сўм бериб кетишади. Савдогарнинг пулини эса шак-шубҳасиз Маслова ўғирлаган, кейин ё бировга бериб юборган ёки бўлмаса йўқотиб қўйган. Зероки, ўша пайтда у маст бўлган. Савдогарни заҳарлаган ҳам Маслованинг ўзи.

      Адвокат маслаҳатчилардан ана шу юқорида зикр этиб ўтилганларни назарда тутиб, Картинкин билан Бочковани гуноҳсиз деб ҳисоблашни, мабодо пул ўғирлашда айбдор деб ҳисобланган тақдирда эса, уларни олдиндан тузилган режага мувофиқ заҳарлашда айбдор деб ҳисобламасликни сўради.

      Сўз охирида адвокат, прокурор ёрдамчисига ўчакишиб, жаноб прокурор ёрдамчисининг ирсият ҳақидаги сўзлари, гарчи, ирсият тўғрисидаги таълимотни илмий жиҳатдан ёритиб кўрсатса-да, Бочкованинг ота-онаси номаълум бўлгани ҳозирги воқеага алоқаси йўқлигини уқдириб ўтди.

      Прокурор ёрдамчиси, аччиғланиб, зарда билан алланарсаларни қоғозга ёзиб олди ва нафрат аралаш ҳайрат билан елкасини қисиб қўйди.

      Кейин Маслованинг адвокати ўрнидан туриб тутила-тутила, тортинибгина ҳимоя қила бошлади. У Маслованинг пулни ўғирлашда иштирок этганини инкор қилмади, фақат Маслова Смельковни ўлдиришни хаёлига ҳам келтирмаганини, уни ухлатиш учунгина дори ичирганини гапирди. Адвокат Маслова бу тубанликнинг барча аччиқ-чучугини татиб тургани ҳолда уни йўлдан оздирган эркак жазоланмай қолгани тўғрисида ваъзхонлик қилиб, одамларнинг кўнглини юмшатмоқчи бўлиб кўрди-ю, лекин уддасидан чиқолмай, қайтага бошқаларни ҳам хижолатга солди. Адвокат эркакларнинг тош кўнгиллиги, хотин-қизларнинг заифлиги ҳақида эзмалик қилаётган эди, раис уни оғир аҳволдан чиқариш учун масаладан узоқлашмаслигини илтимос қилиб қолди.

      Бу ҳимоячидан кейин прокурор ёрдамчиси яна ўрнидан туриб, биринчи ҳимоячига қарши ўзининг ирсият ҳақидаги мулоҳазаларини ёқлаб кетди ва Бочкованинг ота-онаси номаълум бўлса-да, бу билан чин ҳақиқат бўлган ирсият қонунини камситиб бўлмайди, ирсият тўғрисидаги таълимот илмий жиҳатдан тасдиқланганлиги сабабли, ирсиятга қараб жиноятни белгилабгина қолмасдан, балки жиноятга қараб ирсиятни белгилаб оламиз, деб уқдиришга уринди. Иккинчи адвокатнинг Масловани аллақандай бир (у «аллақандай» сўзини айтганда заҳарханда қилди) одам йўлдан оздирган деган фикрига келганимизда, шуни айтиш мумкинки, билъакс барча фактлар йўлдан оздирувчи Маслованинг ўзи эканлигини ва кўп одамни йўлдан оздирганини кўрсатади, деди. Шу сўзларни