иш буюр, орқасидан ўзинг югур, – дея менга қараб қўйди ва хандон отиб кулиб юборди. Сўнг кучукчасини бағрига босиб, ўпиб қўйди. Гўё бир тўда ошпазлар унинг фармонини кутиб тургандек, ошхона томон йўл олди.
– Лонг-Айленддаги уйимда эътиборга лойиқ бир-икки чизилган сурат бор, – деди ўзига бино қўйиб жаноб Мак-Ки.
Том ҳайрон бўлиб унга тикилиб қолди.
– Ҳатто иккитаси уйимизда осиғлиқ турибди.
– Қанақа суратлар экан, билсак бўладими? – қизиқсиниб сўради Том.
Иккита этюд. Улардан бирини мен “Монток бўртиғи. Чағалайлар” дея, иккинчисини эса “Монток бўртиғи. Денгиз” деб номлаганман.
Малла сочли Кэтрин мен ўтирган диванга келиб, ёнимга чўкдида:
– Сиз Лонг-Айлендда яшайсизми? – деб сўради.
– Уэст-Эггда яшайман, – дедим.
– Йўғ-е? – дея ажабланди у.
– Мен у ерга бир ой аввал боргандим. Гэстби деган кишиникига. Сиз уни танимайсизми?
– Танийман, қўшним бўлади.
– Айтишларича, у Кайзер Вильгельмнинг ё жияни, ё амакиваччаси эмиш. Шунинг учун ҳам у ўта бадавлат экан-да.
Қўшним ҳақидаги бу ғаройиб суҳбатни Мак-Ки хоним бўлди. У Кэтринни бармоғи билан кўрсатиб, тўсатдан хитоб қилди:
– Честер, Кэтриннинг сувратини чизсанг қандай бўларкин?!
Жаноб Мак-Ки истар-истамай бош силкиб қўйди-да, яна Томга юзланиб, деди:
– Агар имконим туғилса, Лонг-Айлендда жон деб ишлаган бўлардим. Аввал ишни бошлаб олсам, у ёғи хамирдан қил суғургандек кетарди-да.
– Миртлдан изн сўранг, – хахолаб кулди Том. Шу топ қўлида патнис билан Уилсон хоним кириб келди.
– У сизга тавсия хатини ёзиб беради, – деди, сўнг: – Миртл ёзиб берасанми? – деб сўради.
– Қанақа хат? – ҳайрон бўлиб сўради Уилсон хоним.
– Эрингга тавсия хати ёзиб берасан. Жаноб Мак-Ки бир неча этюд яратиши керак деб.
– Том лабини қимтиганча этюд номлари ҳақида хаёл сура бошлади.
– “Жорж Б. Уилсон устахонаси” ёки шунга ўхшаш номлар…
Кэтрин менга янада яқинроқ сурилиб, қулоғимга шивирлади:
– Миртл эрини қанчалик ёмон кўрса, Том ҳам хотинини шунчалик ёқтирмайди.
– Қўйинг шунақа гапларни!
– Ҳа, кўришга кўзлари йўқ!
– У аввал Миртлга, сўнг Томга қараб қўйди.
– Фикри ожизимча, ёқтирмайдиган одам билан яшашнинг нима кераги бор? Ажрашиб, сўнг ёқтирганлари билан турмуш қурмайдиларми. Мен опамнинг ўрнида бўлганимда, шундай қилган бўлардим.
– Демак, Миртл эрини мутлақо яхши кўрмас экан-да? Айтилган жавобдан гангиб қолдим. Саволимни эшитиб қолган Миртлнинг ўзи сурбетларча: “Ҳа”, деб жавоб берди.
– Ана, кўрдингизми? – гердайиб қараб қўйди Кэтрин, сўнг яна шивирлаб, деди:
– Ҳамма гап унинг хотинида. У католик. Католиклар сираям ажрашмайдилар.
Дэзи мутлақо католик динидан эмасди, мен бу ёлғон гапни устомонлик билан айтилганидан ҳайратда қолдим.
– Улар турмуш қургач, ғарбга кўчиб кетадилар. Жанжал тугамагунча улар ўша ерда яшайдилар, – деди Кэтрин.
– Унда