қолдим. Эллик қадамлар чамаси нарида истиқомат қилувчи қўшним қўлини чўнтагига тиққанча юлдузларни томоша қилаётганига кўзим тушди. У хотиржам эди. Узоқ ўйга толганча оғирлигини дам у оёғига, дам бу оёғига солиб туришидан бу бизнинг Уэст-Эгг осмонининг қанча қисми ўзига тегишли эканини чамалаш учун ташқарига чиққан жаноб Гэтсби эканлигини тушуниб етдим. Бир кўнглим уни чақирмоқчи ҳам бўлдим. Бугун кечки овқат пайтида Бейкер хонимдан у ҳақда эшитганимни айтмоқчи ҳам бўлдим, аммо бунга журъат эта олмадим, чунки унинг мазза қилиб, берилиб сураётган хаёлини бузишни хоҳламадим: у ғайритабиий тарзда нигоҳини қоронғулик қаъридаги сув томон тиқди, орамизда анчагина масофа борлигига қарамай, унинг аъзойи бадани титраётганини аниқ-тиниқ ҳис этдим. Мен беихтиёр у қараб турган томонга қарадим, лекин айтарлик ҳеч нарсани кўрганим йўқ, фақат узоқ-узоқда, соҳилда кўқ чироқ шуъласи милтираб турарди, холос. Ҳойнаҳой, бу соҳил четидаги белги берувчи чироқ бўлса эҳтимол, деган хаёлга бордим. Ўгирилиб қарадим, не кўз билан кўрайки, Гэтсби кўздан ғойиб бўлганди. Сокинликда ўзим ёлғиз қолдим.
II БОБ
Уэст-Эгг билан Нью-Йорк оралиқда чўзилган шоҳроҳ четидан темир йўл ўтганди. Ён-атрофда шағал сочилган. Бу ерни шағал водийси деб атаса ҳам бўлади. Қаёққа қараманг, уюм-уюм шағални кўрасиз, у ерда ишлаётган одамларнинг рангларига ҳам нуқси уриб, улар кулранг тусда кўринардилар. Темир йўлдан вагонлар тарақтуруқ қилганча келарди. Вагонлар юришини секинлаштириб, охири тўхтади. Қўлида белкурак ушлаган кишилар вагонга шағал юклай бошладилар. Ён-атрофда кўтарилган чанг-тўзондан ишлаётган одамларни кўриб бўлмасди.
Шағал водийсининг ёнида катта дарё оқиб ўтарди. Дарё устига кўтарма кўприк солинган бўлиб, пороходлар кетма-кет у ёқдан-бу ёққа ўтиб турарди. Кўприк кўтарилганда тўхтаб қолган вагондаги йўловчилар бу манзарани жон-дилдан томоша қилар эдилар. Поезд ана шу ерда бир дақиқага тўхтаб ўтарди. Том Бьюкененнинг жазмани билан шу ерда тасодифан танишиб қолдим.
Томнинг жазмани борлигини ҳамма ерда гапириб юришарди. Том маъшуқасини ҳашаматли қаҳвахоналарга олиб келиб, меҳмон қилар экан, уни стол ёнига ўтқазиб қўйиб, таниш-билишларини ёнига чорлаб гердаярди. Танишлари унинг бу қилиғидан нафратланишарди. Унинг маъшуқасини узоқдан бўлса-да, бир кўриш ниятида эдим, лекин у билан яқиндан танишиш ниятим йўқ эди. Буни қарангки, кутилмаганда у билан танишиш шарафига муяссар бўлдим. Бир куни Том билан Нью-Йорк томон йўл олдик. Поезд шағаллар уюми олдида тўхтаган пайтда Том дабдурустдан ўрнидан сапчиб турди-да, қўлимдан ушлаганча мени вагондан тортиб туширди.
– Шу ерда тушиб қоламиз, – деб туриб олди Том.
– Мен сени ўз маъшуқам билан таништирмоқчиман.
Том эрта саҳардан ичиб олганди. Бу кунни мен билан ўтказмоқчи эканини айтиб, мени кўндирганди. Якшанба кунига мўлжаллаган режам бор эди. Ишим борми-йўқми экани уни қизиқтирмасди.
Мен Томнинг ортидан эргашдим. Биз темир йўлни тўсиб турган пастроқ оқланган девор устидан ошиб тушдик ва ортимизга қайтдик. Ён-атрофда учта ғиштин уйдан