Мирмухсин Мирсаидов

Илон ўчи


Скачать книгу

гаплаша бошлади. Сингил зинапоялар тепасида полга ётиб, мўралаб, онаси ва опасининг гапини эшитишга уринарди.

      Нигора бу йил ўн тўққиздан йигирмага ўтди. Мактабда ўқиб юрганидаёқ медицинага қизиққанми, ҳозир қизларнинг кўпчилиги ўзини ТашМИга, СамПИга ураётганими ёки аслида заковатли хотин-қизлар улуғ медицина учун туғиладиларми, ҳарқалай, шу соҳа уларни қамраб олаётган бир давр эди. Бу илм саройига ёшлар ёнган чироққа ўзини уриб, чир айланган парвонага ўхшайдилар, кўпларнинг қаноти куйиб йиқиладилар, кўплар бу оташу нурдан қудрат олиб, оқ либос кийишгача етиб борадилар. Нигора етарли балл билан Ўрта Осиё педиатрия институтига кириб олиб, яхши ўқимоқда, мана, сентябрь келиши билан учинчи курс аудиториясига киради. Яна югур-югур, лекциялар, имтиҳонлар… Унинг онаси Маҳбубахон асли тил ва адабиёт ўқитувчиси, уч фарзанд кўрди; каттаси Бобур, ундан кейин Нигора, кичиги – Севара. Лекин кейинги йилларда саломатлиги йўл бермай уйда ўтириб қолди. Иккинчи томондан турмуш ўртоғи Жамшидбек Зулфиқоровнинг беҳаловат хизмати, ҳали мажлис, пленум, командировка, тез-тез Москвага бориш, кутилмаганда вилоятларга учиб кетиш каби ишлар ҳам унинг уйда бўлишини тақозо этарди. Икки қаватли чиройли коттеж коридорида Зулфиқоровнинг сафар жомадони доимо тайёр турарди. Баъзан шундай кунлар бўлар эдики, у райондан ярим кечада қайтар, эрта билан соат ўнда яна идорада – Совминда бўлиши керак. Баъзан эр-у хотин ўтириб, бафуржа бир пиёла чой ичишолмас, ҳафталаб бир-бирларини кўролмаган вақтлар ҳам бўлган. Отанинг давлат ишлари билан қаттиқ банд бўлгани туфайли хонадонга раҳбарлик Маҳбубахоннинг зиммасига тушган. Депутат, Республика Министрлар Совети раисининг муовини Зулфиқоров хотини туфайли турмуш ташвишларидан деярли фориғ эди. Уларнинг турмуш қурганликлари, топишганликлари ўзи бир ҳикоя, шунинг учун ҳам Маҳбубахон қизига: «Мол-дунё топилади, энг муҳими, турмуш қураётган қиз ва йигит бир-бирини яхши кўриши керак. Бўлмаса, бундай оила ҳаётдаги баъзан бўлиб турадиган зиддиятларнинг биринчи зарбасидаёқ чок-чокидан сўкилиб кетади. Мен аданглар билан бир-биримизни севиб, анча вақт бир-биримизга синашта бўлиб, кейин турмуш қурганмиз. Совчилар шунчаки расмий одамлар. У вақтда аданглар Министрлар Совети раиси муовини эмас, институтни тамомлаган, деярли ночор студент йигит эдилар. Меҳнат билан шу паллага етдик», дея бот-бот гапириб турарди.

      Маҳбубахонни баъзилар Мукаррама Турғунбоеванинг ёшроқ даврига ўхшатадилар, у дуторни яхши чалади. «Тановар»га чиройли рақсга тушади. Зулфиқоровлар уйида, деворда ҳамиша садафлар билан безатилган бир яхши дутор осиғлиқ туради. Пианино ҳам бор; Нигоранинг туғилган кунига совға қилиб отаси олиб берган. Пианино икки қиз ўртасида бўлиб, уни Севара тинғиллатиб турарди.

      Кўп масалаларда Зулфиқоровнинг ўз фикри бор, у баҳслашишни яхши кўради, айниқса, ўзбек маданияти арбоблари ҳақида, уларнинг ишлари ҳақида фикр юритиб, баҳсу мусоҳаба этишни ёқтиради. Санъат арбоблари хусусида кўп гапирар, Шашмақомни севар, Мулла Тўйчи Ҳофиз, Домла Ҳалим, Садрхон, Устод Абдул Азиз, академик Юнус Ражабийларга эътиқоди