Носир Фозилов

Танланган асарлар


Скачать книгу

бўлибди. Нақ ярим метрча келади. Ола-була: Қор устига ташлаб, иккаламиз «урра»лаб сакрай бошладик. Асет ашула айтиб сакрарди:

      Бакира балиғи белингга дармон,

      Уни есанг қолмас заррача армон…

      Назаримда, қаердадир бир нарса қарс этиб, тагимиз қимирлаб кетгандай бўлди. Сакрай-сакрай чарчаб, тағин қармоқни чуқурчага ташладик.

      – Нега чуқурчадан сув чиқиб кетди? – деб сўрадим.

      – Қайдам…

      Қирғоқ томондан биров қичқиргандай бўлди. Қарасам, биров қалпоғини ҳавода айлантириб, зўр бериб қичқирар эди. Асет қўлини силтади.

      – Биласанми бу ким?

      – Ким?

      – Бу Сейт! Ҳа, ўша. Орқамиздан эргашиб келибди. – Асет унга бурнининг учини кўрсатиб, масхара қилди. У ҳамон қирғоқ бўйлаб қичқириб югурар эди.

      – Алам қиляпти алдаб кетганимизга, – деди Асет тағин. – Ҳали Думалоқ кўлга борамиз, деб кетмаганмидик?

      Бу маҳалда менинг тилим гапга келмай қотиб қолган эди. Гапига гап қайтармаганимдан кейин, Асет менга қараб, ҳайрон бўлди-қолди.

      – Ҳа, нима бўлди?

      – Оқиб кетяпмиз…

      – А? – деб орқасига қарайман деган эди, бизни оқизиб кетаётган катта муз парчаси лапанглагандек бўлди. Бир-биримизни ушлаб қолмаганимизда йиқилган бўлардик. Муз аста оқиб соҳилга туташ музга яқинлашганда, Асет менга буйруқ берди: – Сакра, Соғиндиқ!

      Сакраш қаёқда? Ўзим мактабда бадантарбия дарсида бир метр келадиган жойдан зўрға сакрайману. Ҳозирги оралиқ икки метрча келади. Тағин таги дарё! Индамай туравердим. Ўзи мени ташлаб сакраб кетолмади. Бўлмаса сакрай оларди. У ҳар ҳолда мендан анча новча.

      Асет индамай бориб, ченани олди-да, нариги томонга отиб юборди. Кейин сумбани…

      – Нима қиляпсан?!

      – Ҳеч бўлмаса оқиб кетганимизни билишсин.

      Дарҳол эсимга ҳалиги қирғоқдаги одам тушиб, қараган эдим, ҳеч ким кўринмади. Кетиб қолибди.

      Иккаламиз ҳам чурқ этмай, бир-биримизга қараб қолдик…

      Муз қайиқ

      Оқиб кетяпмиз. «Муз қайиғимиз» гоҳ бир текисда сузар, гоҳ муз парчаларига урилиб лапанглаб, юракларимизга ғулғула соларди. Асет иккаламиз бир-биримизга хўмрайишиб индамай ўтирибмиз. Атрофда фақат муз, муз, муз! Тагимизда ўзи ҳам, кўриниши ҳам совуқ кўмкўк асов сув. Бир-биримизга ёпишиб ўтирибмиз. Бизларни шунчалик яқинлаштириб қўйган меҳрми ё қўрқувми, буни ҳозир ажратиш қийин. Оқиб кетяпмиз. Бутун умидимиз дарё соҳилидан. Аммо соҳилдан анча пастдамиз, бунинг устига-устак ўтирган одамга ҳеч нарса кўринмайди. Ўрнимиздан турайлик десак, қўрқамиз, муз ағдарилиб кетиши мумкин. Ўрмалаган жон кўринмайди. Муз билан сув тилсиз, асов!.. Соҳилга термилиб қараймиз. Фақат муз, қор, япроқларини оппоқ қиров босган қамиш, қўға, буталар. Осмон йироқ, муз қаттиқ!

      Ваҳимада пайқамабмиз, кеч кириб қолибди. Назаримда, қоронғилик ҳаммадан илгари дарё устига тушгандай. Атроф нимқоронғи, қирғоқ худди ойдин кечадай оқариб кўринади. Энди кеч киргани аниқ билинди. Соҳил ҳам баъзан кўринмай қолади. Дарёнинг оқаётган жойи қирғоққа яқинлашгандагина соҳил элас-элас кўринади.