курашиш керак, қандай қилиб? Бунинг сира иложи йўқ эди. Қичқирсанг қичқириғинг бурнинг тагидан нари бормаса, сув ютиб юборса. Бунинг устига қаттиқ қичқирай десанг, муз чайқалиб кетса! Энди бутун умидимиз шу муз парчасида. Бирор муз парчасига бориб урилиб, синиб кетмаса бўлди. Синиб кетиши ҳам мумкин. Нега деганингизда музимизнинг ўртаси ўйилган…
Ҳаммадан даҳшатлиси энди бошланди: тагимиздаги муз тез-тез чайқала бошлади. Чайқалган сайин музнинг ўйилган жойидан виқир-виқир сув чиқади. Муз устидаги қор аллақачон сув билан эриб, кўк тайғоқ бўлиб қолган. Уст-бошимиз тиззамизгача ҳўл. Ўзимиз қил устида ўтирганимиз учун бунга парво ҳам қилмаймиз. Асет сирпаниб тушиб кетмаслик учун муз тешигига қўлини тиқиб, маҳкам ушлаб ўтирибди. Мен бўлсам Асетни… Қимир этишга мажолимиз йўқ. Яхшиям, халта билан рюкзакнинг боғичини бўйнимизга илиб олган эканмиз. Бўлмаса аллақачон сирпаниб тушиб қолар экан. Ўн-ўн беш минутлар чамасида тагимиздаги музнинг чайқалиши тинди. Шундагина эсимизни йиғиб олиб, атрофга қарадик. Тун шундай зим-зиё қоронғики, на қирғоқ, на муз парчалари кўринади. Энди чироқлар ҳам негадир боягидан кўпайиб кетгандай… Ё кўзимизга шундай кўриняптими? Жуда хира нур сочади. Атрофимиз туманми, буғми – буни билиб бўлмасди. Туман десак, илиқ. Буғ десак, шундай совуқда дарё устида буғ нимаэ қилади, деб ўйлаймиз. Менинг хаёлимда фақат бир нарса: «Лаққачалик бўлолмадикми?»
Қаердадир бир нарса чўзиб гудок чалгандай бўлди. Ишонмай тағин қулоқ солдим. Тағин чалингандай бўлди.
– Асет, эшитяпсанми? – дедим жонҳолатда.
– Нимани?
– Гудок!
Асет қулоқларини динг қилиб бироз турди.
– Ова, – деди жонланиб. – Пароход! Қичқир! Ёрдам бе-ри-инг-лар!
– Ёр-дам бе-ри-инг-лар!!
Бироқ бизларнинг бақирганимизни ҳеч ким эшитмади. Ҳалиги гудок овози аста-секин узоқлашиб кетди. Пароход эканлиги аниқ эди. Ҳатто моторининг гуриллаган товушини ҳам аниқ эшитдик. Бироқ ўзини туманда аниқ кўролмадик.
Музимиз бир жойга келганда тўхтаб, жойида секин айлана бошлади. Гирдобга тўғри келиб қолдикми, деб қўрққан эдик, ҳайтовур, аста силжигандай бўлди. Боягидай чайқалишлар йўқ. Осмон булут, атроф жуда қоронғи. Туман бўлса совуқ бўларди, буғ бўлса керак.
– Энди нима қилдик? – дедим. Бу гапни ўзимга айтдимми ё Асетгами, билмайман.
– Попловскийлар нима қилган эди?
– Вой қорақалпоқдан чиққан Зиганшин-эй! – дедим жағлим чиқиб. – Ҳали қорнинг очса, этигимни ҳам ерсан?
– Аввал халтадаги балиқларни, сўнг сенинг этигинг чарми…
Худди ҳозир Асет этигимни еб қўядигандай оёқларимни бағримга тортдим.
Иккаламиз ҳам индамай ўтирибмиз. Аҳён-аҳёнда ғир этиб илиқ ел юзларимизни силаб ўтади. Майда тўлқинчалар чилп-чилп қилиб тагимиздаги музга келиб беозор урилади. Баъзан-баъзан атрофдан бизнинг музимизга ўхшаган ё ундан кичкина музлар шақир-шуқур қилиб сурканиб ўтади. Каттароқ муз тўғри келиб қолса, бир амаллаб ўтиб олиш ниятимиз ҳам йўқ эмас. Музимиз келиб бошқа музга текканида иккаламиз ҳам энгашиб қараймиз. Аммо ё у кичкина бўлиб чиқади, ё эса