Носир Фозилов

Танланган асарлар


Скачать книгу

барибир, муздан сакраб тушиб қолишнинг иложи бўлмади-да. Буни ўзингиз ҳам биласиз. Бизлар, аҳмоқ бўлиб, Сейтга алам қиляпти, деб ўйлабмиз. Эҳ!.. Кейин Сейт шўрлик ҳарсиллаб орқасига қайтибди. Бутун болаларни оёққа турғизибди. Сейт, Бойтемир, Сафаргуллар тўпланишиб Мўйноққа хабар қилишибди. Ҳаммаёқда ваҳима бошланиб кетибди. Ўзлари ҳам машинага тушиб Мўйноққа қараб йўл олишибди. Жапақ оға билан Қалли ота ҳам Мўйноқда экан. Бу гапни эшитиб ҳанг-у манг бўлиб қолишибди. Кейин вертолётчилар бутун дарё бўйларини, Оқдарёнинг денгизга қуйилиш жойларини қидиришибди. Хуллас, Орол денгизининг Мўйноққа яқин жойида, – Тўқмоқ ота ярим ороли ёнидан топишибди бизларни. Олов ёқмаганимизда топишолмас экан. Тепадан вертолётда кўришибди-ю, бироқ тушишолмабди. Чунки денгиз усти қалин буғ эди-да. Кейин радио орқали бизлар сузиб юрган жойни айтишибди. Энди буёғи ўзингизга маълум: катерда келиб олиб кетишибди.

      Бизларни тўппа-тўғри Мўйноққа, кемалар турадиган пристандаги балиқчилар касалхонасига олиб келишди. Жуда озода, иссиқ хоналар экан. Касалхонага киришимиз билан Жапақ амаким Асет иккаламизга иссиқ чой ичирди, кичкина думалоқ дори ютқизди. Бир оздан сўнг ечинтириб, сувга ўхшаган оппоқ нарса билан баданларимизни ишқалаб, ётқизиб қўйди. Сасиб кетди. Спирт бўлса керак. Шамоллаб қолмасмишмиз. Қўлтиқларимизга термометр ҳам қўйиб кўришди…

      Эрталабгача шу ерда ётдик. Болалар ҳам бизлар билан қолишди. Жапақ амаким билан Қалли ота уришмадими деб ўйларсиз, балким. Уришмай бўпти. Тозаям адабимизни беришди. Эрталаб бизларни вертолётга чиқариб қўяётиб, қолганини овулга бориб гаплашамиз, ейишди. Бизларни вертолётга чиқариб, ўзлари қолишди, кечқурун зиёфатга келишармиш.

      Мана, шунақа.

      Вертолёт овулга яқинлашиб қолди. Тепадан аниқ кўриниб турибди: ҳув ана, яккам-дуккам уйлар… ўтлаб юрган моллар. Анави оппоқ оқариб, фақат тунука томигина кўриниб турган бино Асетларнинг мактаби. Ундан берироқда яна шундай катта оқ бино, бу колхоз идораси бўлса керак. Вертолёт пастлай бошлади. Бундай қарасам, Асетлар кичкина болаларга яхмалак қилиб берган тепача бор-ку, ўшанинг ёнбағрига қўнаётган эканмиз. Вертолёт ғалати қўнар экан. Худди томдан арқонга осилиб пастга тушиб келаётгандай бўлдик. Ерга яқинлашганда шу атрофдаги қорлар вертолёт парракларининг айланишидан худди бўрон тургандай учиб кетди. Вертолёт қўнди. Учувчи, келдинглар, дегандай эшикни очди. Ташқари анча совуқ экан, эшик очилиши билан ичкарига гуп этиб совуқ урилди. Олдин Асет, кейин мен тушдим. Сафаргуллар ҳам тушишди. Бирпасда атрофимизга болалар тўпланишди. Кўзлари мўлтираб бизларга қарашади. Бизлар эса уялиб турибмиз. Аста-секин катталар ҳам тўпланиб қолишди. Уларнинг орасида Асетнинг ойиси Ойгул опа ҳам бор. У югуриб келиб, Асетни бағрига босди. Кейин мени. Уришармикан, деб юрагим пўкиллаб турувди, ҳайтовур уришмади. Бирпас турганимиздан кейин ёнимизга учувчилар келишди. Биттаси елкамизга қўлини қўйиб:

      – Хайр бўлмаса, қаҳрамонлар, – деб кулди. Иккинчи учувчи ҳам бизларга қараб жилмайиб турарди.

      – Хайр, –