Носир Фозилов

Танланган асарлар


Скачать книгу

туриши билан ойисининг қош-қовоғига қаради. Худди ёғай деб турган булутга ўхшарди. У ичидан: «Ёғадиган булут ахир ёғмай тинчимайди», деб ўйлади-да, ишини пухта қилиб юз-қўлини ювиб кирди. Ҳар эҳтимолга қарши «булут ёғиб қолгудай бўлса, кечагидақа доғда қолмай», деб кирза этигини ҳам, қалин курткасини ҳам кийди, ҳатто папкасини ҳам дарвозахона ёнига – тайинли жойга қўйиб, сўнг чойга ўтирди. Бу маҳалда дадаси аллақачон ишга кетган эди. Стол атрофида ойиси, синглиси Маҳфуза, ўзи эди холос. Улар индамай ўтириб чой ҳўплардилар. Анвар зимдан ойисининг авзойига разм солди: у негадир кўкариб кетган, асабдан бўлса керак, лаблари пир-пир учар эди. Анвар қўрқиб кетди. Дарров бир гап айтиб чалғитмаса бўлмайдиган.

      – Ойи, – деди Анвар «юмшоқ супурги» бўлиб олиб. – Бобом нима иш қилган эканлар, Назарбекда?

      Бусиз ҳам ўғлининг кеча ўринсиз меҳмон чақириб, ташвишга қўйганидан ёрилай деб турган Меҳри опа «пов» этиб ёнди-кетди. Ёнига олиб келиб ўтирган эканми, ўқлоғи билан Анварнинг бошига тушириб қолди.

      – Мана бундай иш қилган экан бобонг, мана бундай!

      Анвар қўққисдан тушган калтак зарбидан бирпас ўзини йўқотиб анграйиб турди-ю, ойисининг яна ўқлоғини ўқталиб, столни айланиб келаётганини кўриб, ура қочди, «Булут ёғди!»

      – Сен яшшамагур, шошмайтур ҳали!

      Хайрият кўча эшик очиқ экан, бўлмаса кечагидақа девор ошаман деб қўлга тушармиди! У шу қочганича ўпкасини қўлтиқлаб Фурқатларникига чиқди. Эшик олдида бирпас нафасини ростлади. Ўқлоғи қаттиқ теккан шекилли, башарасини бужмайтириб, бошини силаб кўрди. Озгина ғурра бўлибди. Ҳечқиси йўқ. Бунақани кўрмабдими Анвар. Неча марталаб ғурра бўлган бу шўрлик бош. Тузалиб кетади. Сўнг қулоқчинини бостириб кийиб, эшикдаги қўнғироқ тугмачасини босди. «Яхшиям ойим ургани. Бўлмаса қандай қилиб чиқиб кетар эдим, – деб ўйлади у. – Заб баҳона бўлди-да!»

      – Сенми? – деди Фурқат эшикни очиб. Кўринишдан у ҳали чойини ҳам ичиб бўлмаганга ўхшарди. Кийинмабди ҳам.

      – Ҳа?

      – Назарбекка бораман. Биласанми, сенинг бобонг ҳам Расулмат амакининг айтишларига қараганда, Назарбекда урушган эканлар. Атий ҳам бирга урушган экан.

      – Атий ҳам дедингми? Қайси Атий? Ўша ўзимизнинг почтальон Атийми?

      – Ҳа-да!

      – Шунақами? Бўпти мен кийиниб чиқай… – деб орқасига бурилди-ю, негадир бир гап эсига тушгандай тўхтаб, Анварга ўгирилди. – Ие, мактаб-чи! Мактаб нима бўлади?!

      – Бир кунга ҳеч нима қилмайди. Ма, менинг папкамни ҳам уйларингга олиб кириб қўй.

      – Уйдагиларга нима деймиз?

      – Хат ёзиб кетамиз…

      – Қандай бўларкин?

      – Қаҳрамонларни топсак, ҳеч ким индамайди, – деди Анвар ишонч билан. – Қайтанга бобонгни ҳам кўриб келамиз.

      Фурқат бобосини эшитиб, индамай уйга кириб кетди. Тўғри-да, бугун шанба, эртага дам олиш куни. Бугун йўлга чиқишса бир кун тунаб, эртага ҳаммасини билиб қайтишади.

II

      Анвар мана шуларни кўз олдига келтириб, хаёл суриб ўтирар экан, Фурқат унинг биқинига туртди. У шундагина автобусда келаётганини фаҳмлади. У, Фурқат анави мўйловдор амакига жой бер, деб туртди шекилли, деган хаёлга бориб,