қилиб, ҳеч нарса тополмай чиқди. Кейин оғилхоналарни тинтишди, баъзи гумон қилган жойларга узун-узун темир қозиқлар тиқиб кўришди. Ҳеч вақо топишолмади, елка қисиб қайтиб келишди. Бу маҳалда Тўланхўжани дарвозахона остига олиб келишган, лозими аллақачон оёғидан сидирилиб тушиб қолган эди. Шу ернинг ўзида Замонали сўроқ қила бошлади уни:
– Қуроллар қаерда?
– Қанақа қурол?! – ўзини билмаганликка олди Тўланхўжа.
– Қанақа бўларди? Тунов куни сизнинг ақчангизга инглизлардан сотиб олинган қуролни айтяпман. Қаерда ўша қурол?
– Мен унақа қуролни билмайман.
– Биласан!!!
Замонали бехосдан маузернинг тепкисини ҳавога қаратиб босиб юборди. Унинг аччиқ товуши ўқ товуши билан бирга чиқди:
– Биласан!!!
Тўланхўжанинг капалаги учиб кетди. Ўтирган жойида сакраб тушди. Юраги чиқиб кетаёзди. Жон ширинлик қилди чоғи, ялина бошлади:
– Айтаман, айтаман… Фақат мени ўлдирманглар…
– Қуролни топсанг, айбинг енгиллашади.
– Топаман…
– Қаерда улар?
– Бўрижарда, ғорда. Оғзига шох-шабба ёпиб қўйилган. Мени ўлдирманглар…
– Қани, юр! Кўрсатасан бизларга.
– Шу аҳволда-я? Раҳм-шафқат қилинглар, мусулмонлар…
–Яшириб қўйган шунча қуролларингни бизга раҳм-шафқат қилгани сотиб олганмидинг? – деди Замонали маузерни ўқталиб.– Қани юр, кўрсат қаердалигини!
Тўланбойнинг тили калимага келмай қолди. У лозимсиз, ялангоёқ, итоат билан олдинга тушди. Отлиқ аскарлар орқада, милтиқларини тўғрилаб шай келишяпти. Замонали отда, қўлида яланғоч маузер. Кўчага одам тўлиб кетибди. Тўланхўжанинг аҳволини кўриб, қиқир-қиқир кулишади, кўплари унга лаънат тошини ёғдиришади:
– Бу кунингдан баттар бўл!
– Ҳақиқат бор экан-ку!
– Ўл-а!..
– Ҳечқурса лозимини ҳам кийдирмабди?!
Кўча бўйлаб анча юрилгач, олдиндан бир отлиқ кела бошлади. Яқинга келганда танишди: бу қишлоқ шўросининг раиси Маткарим эди. Важоҳатидан от ҳуркарди. У чопиб кела солиб, аскарларга мурожаат қилди:
– Бу қанақа масхарабозлик! – деди Маткарим шўро зўраки кулиб. Кейин Замоналига қараб: – Қизиқчилигингиз қолмади-қолмади-да!деб қўйди.
Тўланхўжа Маткарим шўрога нажот истаб термилар, назарида шўро уни ҳозир қўлларини ечиб қутқариб олиб кетадигандай эди.
– Бу масхарабозлик эмас, – деди Замонали олдинга чиқиб.– Бу кишини қўлга олдик. Баъзи маълумотларга кўра, Тўланхўжа инглизлардан қурол-яроғ сотиб олиб, бу ердаги ўз одамларига берган.
– Бўлмаган гап!– деди Маткарим шўро бирдан жиддий тортиб. – Ҳали бу гапларни исботлаш керак, ўртоқ Замонали.
Тўланхўжа ялтоқланиб бир Маткарим шўрога, бир Замоналига қарар, ҳозир ўзининг озод бўлишига шубҳа қилмас эди.
– Исботланди. Ҳозир қуролларни қаерга яширганини айтиб берди. Шуни олгани кетяпмиз, – деди Замонали хотиржамлик билан. – Тағин қандай исбот керак бўлади?
Маткарим шўронинг мўйловлари диккайиб