Носир Фозилов

Танланган асарлар


Скачать книгу

уруш асоратининг барча жабру жафоларини ҳамқишлоқларим билан тотиб кўрганман…

      Биз уруш даври фарзандлари болаликнинг барча имтиёзларидан фойдаланмай ўсдик; ўқишларимиз ҳам ўлда-жўлда, узуқ-юлуқ бўлди. Мен бу гапларни нолиб айтаётганим йўқ. Болалигимиз турмуш риёзатлари билан омухта кечди. Бу мурғак қалбларимизда муҳрланиб қолди. Озми-кўпми ҳаётнинг қадрига етадиган, уни эъзозлайдиган одамлар бўлиб улғайганимиз учун ўша давр машаққатлари сабоқларидан миннатдорлик туйғуси билан яшамоқдамиз. Халқимиз: «Ёмонлик кўрмай яхшилик йўқ», дейди. Балки, ҳозирги тўкин ҳаётимиз, бахтли онларимиз, ўша кўрган-кечирган ташвиш ва риёзатларимиз туфайли эмасмикан, деб ўйлаб кетаман баъзан.

      Қишлоғимизда турли миллат халқлари яшаб, меҳнат қилардилар. Биз бир-биримизни ўзбек, қозоқ, рус деб ажратмай ўсдик. Бунга асос ҳам йўқ эди. Бизни ҳаёт жипслаштириб қўйган эди. Мен ҳукмингизга ҳавола қилаётганим қиссаларни ёзаётганимда халқлар дўстлиги мавзусини ўйлаб ҳам ўтирмаганман. Ҳаётда қандай бўлса шундайлигича, бежамасдан, ёнимдан қўшмасдан, кучаниқсиз, чираниқсиз қоғозга туширишга ҳаракат қилганман. Бинобарин, кўрган-кечирган нарсанг, агар уни қалбдан ҳис қилсанг, туйғуларинг чинакам рост бўлса, ёзганларинг табиий чиқиши турган гап.

      Қўлимга қалам тутиб, ёзиш имконияти яратиб бергани учун яратгандан миннатдорман. Мана, оқ билан қорани ажрата оладиган ёшга етиб, босиб ўтган йўлимга шукроналик билан разм соламан. Шу пайтгача ёзганларимни олдимга қўйиб, бундай қарасам, ўша давр воқеаларини эсласам, болалигим бир пошшоликка менгзаб кетди.

      Бу китоб Сизни мен кечган ҳаёт сўқмоқларидан жиндай хабардор қилса, ўша давр машаққатларини кўз олдингизга келтира олса, ҳозирги бахтли ҳаётингиздан миннатдорлик туйғуларингизни уйғота олса, мен ниҳоятда хурсанд бўлардим.

Муаллиф* * *

      ҚИССАЛАР

* * *

      ҚОРХАТ

      Ўзим ҳақимда

      Гапни чўзиб ўтиришни ёқтирмайман. Қисқа қилиб айтиб қўя қолай: ёзувчи бўлмоқчиман! Тўғриси, илгари ёзувчиликдан сал кўнглим қолган эди. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг: кечаю кундуз хаёлингизда ёзувчи бўлишдек юксак орзу бўлса, тинмай машқ қилсангиз, ёзган шеърларингиз, ҳикояларингиз сиз ўқиётган мактабда овоза бўлиб кетса, деворий газетада ишлайдиган болалар, ғуж-ғуж бўлиб югуриб юрса, «фалон иккичи бола ҳақида шеър ёзиб бер, колхозимиз пахта планини бажарибди, мажлисда мактабимиз номидан шеър ўқиб бер», деб ялинса-ю, синфимиз раҳбари бирдан идорага чақириб олиб: «Дарслардан мазанг йўқ, аввал дарс, кейин шоирлик!» деб қийнов-қистовга олса! Шу ҳам гап бўлди-ю! Нима, Тўрткўлдан ҳам бир ёзувчи чиқса арзимайдиган районми? Менимча, арзийди. Кўп китобларда ўқиганман. Ёзувчиларнинг ҳаёти ёзилган китобларда ҳам бор: ёзувчи ё катта шаҳардан, ё серманзара, чиройли қишлоқдан чиқади. Бизнинг Тўрткўлимиз унча катта шаҳар бўлмаса ҳам чиройли қиш… йў-йўқ, район. Шаҳар деса ҳам бўлади. Ундан кейин, манзараси бой. Шундоқ ёнгинамиздан Амударё ёйилиб оқади. Дарё бўйи кўм-кўк тўқай. Ундан берида