Носир Фозилов

Танланган асарлар


Скачать книгу

қолди. Ҳали ану Формбўйра кирган эди. Тўрангиз шу хотинни кўпам ёқтиравермайди, индамай кўчага чиқиб кетганича ҳали йўқ… Формбўйра бирам эзмаки…

      Икки дугона чиқиб кетишди. Камола бу гапларнинг мағзини чақишга ҳаракат қиларди: «Демак, бояги ҳангомадан у ҳам хафа бўлибди-да!»

      Салима хола олиб кирган сутини тандир бошига ўтириб олиб ўлчаб берди. Ризвон келинойи уни ҳозиргина соғиб келган сути устига ағдарди. Салима хола ҳамон ичида Зулайхо холани койирди: «Ёш болага ҳам шундай дейдими? Ҳали бунақа гапларни эшитмаган-да, бирпасда ўзини олдирибди-қўйибди, шўрлик болагина. Эридан қорахат олган фақат сенми? Сузмангни ўғирлатган бўлсанг ўғирлатибсан-да!» У бу кайфиятини ташига чиқармади, гапни бошқа ёққа буриб юборди:

      – Уруш тугамай тинчлик йўқ шекилли, ўртоқжон. Аждарҳодай ҳамма нарсани домига тортяпти: бутун топган-тутганимизни беряпмиз, азаматларимизни беряпмиз. Тезроқ тугай қолсин, деб боримизни аямаяпмиз…

      – Қачон тугаркин-а? – деди Ризвон келинойи ҳам оғир тин олиб.

      – Ҳа, шунга ҳам шукр, ўртоқжон… – деди Салима хола Ризвон келинойига тасалли берган бўлиб. – Худога шукр, уйимиз – ўлан тўшагимиздамиз. Баҳоли-қудрат ишлаб турибмиз. Ану келган пўлакларга ўхшаб уй-жойимиздан ажраб, тентираб юрганимизда нима қилардик?

      – Ҳа-я, ўртоқжон.

      – Минг қатла шукрки, эрларимиздан хат келиб турибди, кечикиб бўлса ҳам…

      Уларнинг кўнгли анча таскин топган, асаблари хотиржам бўлиб, ҳозирги турмушларига шукрона айтадиган ҳолатда эдилар.

      – Куви пишдингизми, ўртоқжон?

      – Қаёқда? Шу бугун йиғилиб қолган қатиғимни пишиб оларман, деб келувдим. Кўрмайсизми энди… – деб Ризвон келинойи Камола ётган уйга ишора қилди. Гапи чўзилиб кетмасин дедими, Камола ҳақида лом-мим демади. – Тезроқ қўлим тегиб пишисам, Болтавой солиқчига икки кило ёғ бериб қутулиб қўя қолардим. Югургани-югурган.

      – Мен ҳам ҳали берганим йўқ, – Салима хола ўрнидан турди. – Ҳай, бир гап бўлар, уйга чиқай…

      – Ҳай-ҳай, ўртоқжон, овқатим пишиб қолди-я!

      – Бора қолай, Тўрангиз ҳам келиб қолгандир, – деди Салима хола ўғлидан фахрланганнамо. – Ану Бойғози чўлоқ ҳам йўқлаб кирган эди. Раис сўратган эмиш. Худога шукр, Тўрангизни ҳам катталар сўратадиган бўлиб қолди. Чиқиб билай-чи, нима гап экан?

      – Бир пиёла чой ичганингизда бўларди-да, – деди Ризвон келинойи Салима холанинг ҳадеб ўғлини кўтариброқ гапиришидан сал ғаши келиб. – Чиқардингиз-да…

      – Чиқа қолай. Овқати ҳам совиб қолгандир болагинамнинг.

      У пақирини кўтариб чиқиб кетди. Икки гапининг бирида: «Тўрангиз, ўғилгинам», деб фахрланиб гапириши Ризвон келинойининг кўнглида билинар-билинмас ғашлик уйғотди-ю, бу ғашлик бора-бора шубҳага айланди: «Ё Тўра билан иккаласининг ўртасида бир гап ўтдимикан? Ўлибдими, ҳали гўдак-ку…»

      Ризвон келинойи дастурхон ёзиб, ярим коса-ярим косадан ёвғон хўрда олиб келди.

      – Қани, туш, қизим, гармдори эзиб, ичиб ол иссиғида.

      Камола аста ўрнидан турди, даҳлизга чиқиб, юз-қўлини ювиб кирди-да,