Носир Фозилов

Танланган асарлар


Скачать книгу

жўлдастар, кенгсеге марш! Оқсоқол шақириб жатир.

      У идора олдида турганларни ичкарига, раис буванинг олдига чорлар эди. Аскарликка жўнайдиган йигитларнинг ҳаммаси бирин-кетин идорага кириб кетишди. Тўпланиб турганлар бири олиб-бири қўйишарди:

      – Кўзидан сувини оқизиб Ғиёс акани ҳам олгандан кейин…

      – Ҳа, шуни айтинг, овсин!

      – Энди ким қолди кетмаган. Хотин-халаж қолди!

      – Бу ергина ютгур Гитлер қуримасдан тинчлик йўқ шекилли?..

      – Манавилари ортиқча… – деб Зулайҳо хола Дворжек чол билан Афанасенко бобога қараб қўйди.

      – Вой овсин, ғалати гапларни гапирасиз-а, – деди Шарифа хола қизишиб. – Бу шўрликлар ўйнагани кептими? Уяси бузилгани учун тентирашиб юришибди-ку. Буларга ҳам осон тутиб бўлмайди!..

      Боядан бери хотинларнинг гапига индамай қулоқ солиб турган Раҳбар опа гапга аралашди:

      – Ўқимаган бўлса ҳам, Шарифа янгам тўғри айтди. Булар ўйнагани келишган эмас. Ҳозир буларнинг ерларида фашистлар туришибди. Бошпана қидиришиб келишган. Жойимизда тинч-омон меҳнат қилиб турибмиз, нолисак уят бўлади, Зулайҳо опа.

      – Нега нолимай. Мен буларни деб эримни бердим, – деб лабини бурди Зулайҳо хола. – Нега нолимас эканман. Тағин гапирасиз-а…

      – Фақат буларнинг тинчлиги учун эмас, ҳаммамизнинг тинчлигимизни деб…

      Зулайҳо хола жавоб қайтариш ўрнига йиғлаб юборди. Ичкаридан раис ва ҳарбийга жўнайдиганлар чиқиб қолишди.

      – Тушундинг-а, Бойғози, – деди раис ичкаридаги гапни қайта такрорлаб. – Буларни олиб бориб военкоматга топширасан-у, раисполкомнинг ҳовлисига кириб, бизга ажратилган одамларни олиб келасан.

      – Маъқул, оқсоқол.

      – Майнабозчилик қилма, улар уруш азобини чекиб келганлар, кўнгли нозик одамлар…

      – Ест, оқсоқол.

      – Бўпти бўлмаса, қани аравага мининглар! – деди раис. – Кечга қолманглар!

      Аскарликка жўнайдиган йигитлар Ғиёс ака бошлиқ ёпирилиб аравага чиқа бошлаганларида ўзи зўрға турган аёллар бирдан чувиллашиб йиғи кўтаришди.

      – Бас қилинглар! – жеркиб ташлади раис. – Нимага йиғлайсанлар? Бориши билан поездга ўтириб кетармиди. Булар комиссияга кетишяпти. Ҳали нима дейди, нима қўяди – Худо билади…

      Аёллар бирдан жимиб қолишди. Ўзини тўхтатолмаганлар оғизларини рўмоллари билан ўраб, кўнгиллари эзилиб, ичдан йиғлар, лекин қайноқ кўз ёшлари уларни ошкор қилиб турар эди.

      – Қани, чув де, Бойғози!

      – Ест, оқсоқол, – деди Бойғози. У ҳали ҳам ҳазилнинг пайида эди. – Нў-ў, пашол!

      Арава ўрнидан жилди. Одамлар арава кетидан анча жойгача боришди. Қайтаётганида раиснинг кўзи Камолага тушиб қолди. Раис уни бу кийимда кўриб ўрганмаганиданми, аввалига ҳайрон бўлди-ю, кейин тортиниброқ сўради:

      – Ие, Абдикамолмисан? – деди у энгашиброқ. – Сал тобинг йўқроқ, деб эшитувдим. Қалай, энди тузукмисан?

      – Шукур, – деди секин Камола уялиб.

      – Қачон ишга чиқасан?

      – …

      Камоланинг