Носир Фозилов

Танланган асарлар


Скачать книгу

Хайт… Со-оп!

      Шу заҳоти бир сигир думини хода қилиб, бўкирганича сувотга қараб чангитиб чопиб кетди. Кетидан бошқа сигирлар ҳам эргашгандай бўлди. Улар ариқ бўйига бир зумда етиб келишди.

      Сигирлар аллақачон етиб келишиб, сувга ўзларини уришган, оғизлари кўпириб, бир-бирларига гал беришмай бўкиришар, бир жойда жим туришолмай думлари билан устларини қўришар, думларидан сачраган сув ариқ рошларига худди ёмғирдек сепилар эди. Тўра билан Сергей ариқ бўйида қаққайиб турибди. Гўё сигирлар ариқдан чиқиб қочиб қоладигандай. Сигирларнинг думидан сачраган сув уларнинг устларини шалаббо қилиб юборган, юз-кўзларидаги чанг сув билан қоришиб лой бўлиб кетган эди.

      – Ҳорманглар-ов…

      Тўра билан Сергей товуш чиққан томонга ялт этиб қарашди. Қўшни қишлоқ подачиси Илёс бобо эшак устида кулиб турарди. Тўра юзларини енги билан артиб, унга томон юрди.

      – Ассалому алайкум…

      – Ваалайкум ассалом – деб Илёс бобо ҳам эшакдан туша бошлади. – Нима, сўна тегдими? Ғиёс қаёқда?

      – Ғиёс акамни аскарликка чақиришипти.

      Илёс бобо унинг гапларига ишонқирамай бироз тикилиб турди-да:

      – Ҳа, – деди чўзиб. Сўнг эшагининг устидан хуржунини олиб, ариқ бўйидаги юмшоқ ажриқ устига авайлабгина қўйди-да, қамчисига таяниб ўтирди. – Шундай дегин. Анави сариқ бола қай бола?

      – Серёжа…

      Илёс бобо кафтини пешонасига соябон қилиб тикилди.

      – Серёжа дедингми? Ўрисми?

      Тўра бош ирғади. Бобо ҳайрон бўлди. Тўра унга изоҳ берди:

      – Кўчиб келганлардан.

      – Э-э, шундоқ демайсанми? Қалай, чаққонгина эканми?

      – Тузук.

      – Ҳа, дуруст, дуруст, – деди Илёс бобо дастрўмоли билан пешонасини, бўйинларини артиб. – Буни қара-я, аскарликка чақирди, дегин. Бир кўргим, гаплашгим бор эди-да. Подани болаларга ташлаб келувдим. Ҳай, тушлик қилдингларми?

      – Йўқ, ҳозир келдик ўзи, – деди Тўра.

      Ростини айтганда уларнинг тушлик қиладиган ҳеч вақолари йўқ эди. Ғиёс ака эди эшак устига у-бу ортиб, буларни тушлик қилдириб юрадиган. У йўқ бўлгандан кейин унинг эшаги ҳам йўқ-да. Тўра подада битта эшак бўлиши кераклигини, у-бу нарсаларни унинг устига юклаб, баъзан эса оёққа дам бериш ҳам лозимлигини бугун ҳис қилди.

      Илёс бобо Тўранинг бўшроқ жавоб қилганидан ҳали бу шўрликларнинг тушлик овқатлари ҳам бўлмаса керак, деган ўйда ёнига ўгирилиб, хуржунини олдига тортди. Хуржундан меш олиб оғзини еча бошлади:

      – Мен сенларни бугун бир меҳмон қилай. Чақир ўрис ўртоғингни.

      Тўра ариқ бўйида, шундоқ иссиқ кунда гуппи чопон-у қулоқчинни бостириб кийиб олган чолга қараб ҳайрон бўлиб турган Сергейнинг олдига борди.

      – Давай, – деб юзини уқалаб, сувга ишора қилди. Кейин ўзи ариқ бўйига чўққайиб юз-қўлини юва бошлади. Буни кўриб Сергей ҳам энгашди.

      Улар артиниб, Илёс бобонинг олдига олдинма-кейин келишганида иккита зарангга тўлдириб овқат қўйилган, у айрон бўлиб айронга, гўжа бўлиб гўжага ўхшамасди.

      – Қани, олинглар, азаматлар, – деди Илёс бобо уларга. Сергей