Носир Фозилов

Танланган асарлар


Скачать книгу

сигирни подага ўзи олиб чиқишга қарор қилди. «Нима, одамлар мени еб қўярмиди?» У қалбида жиндек ҳаяжон билан «ола»сини дарвозадан ҳайдаб чиқди. Қасдига олгандай «ола» ҳам дарвозанинг олдига чиқди-ю, чўзиб «мў-ў» деди-да, йўл четидаги сарғайиб кетган ажриқларни чимдий бошлади. Камола дарвоза ташқарисига чиқишга мажбур бўлди. У «ола»ни сал нарироққа ҳайдаб сигирларга қўшмоқчи эди, дафъатан олдидан Тўра чиқиб қолди. Камола нима қилишини билмай, унга қараб жилмайди. Тўра ҳам бироз ўзини йўқотиб қўйди, сўнг ўзига келиб «ола»ни олдига солди-ю, индамай ҳайдаб кетди…

      «Бир ўзига қийин бўладиган бўлди… Қандай эплайди? Ғиёс ака йўқ, мен… Қийин бўладиган бўлди. Зерикади…» У шундай хаёл билан ҳовлига кирди-да, Тўрадан кўнглини узолмай, дарвозанинг тирқишидан мўралади. «Ана, Тўра подани ҳайдади. Фақат менинг «ола»мни кутиб турган экан-да! Бечора… Ие? Анув сигирларни қайтариб югуриб юрган ким бўлди. Сергей-ку! Яхши бўпти. Яхши бўпти қўшиб олгани. Ҳарҳолда, эш бўлади-ку…»

      Камола пода кўздан ғойиб бўлгунча дарвоза тирқишидан қараб турди-да, нимага эканини ўзи ҳам билмай, бир хўрсиниб қўйди, кейин ичкарига йўл олди. Уйни супурди-сидирди, эрталабки сутни ойиси тайинлагандай, ўчоққа олов ёқиб пишириб, катта, сирлик кўк кашкулга қуйди, бироз совигач, томизғи солиб, устини ўраб-чирмади.

      Унинг бошқа ишга қўли бормади. Каттагина ҳовли, бўм-бўш уйда бир ўзи – юраги сиқила бошлади. Кенг далада юриб ўрганиб қолган эмасми, уй унга зерикарли, айниқса ёлғиз одам учун диққинафасдек туюлиб кетди. Ҳа-да, катта уй, ҳаммаёқ сукунат, нақ ютиб юборай дейди. Ҳовлига чиқди. Зерикмаслик учун нимадир қилиши керак эди: қудуқдан сув тортиб, ҳовлига юпқа қилиб сепди, кейин чиннидек қилиб супурди. Ўзининг ҳам баҳри очилгандек бўлди. Кечадан бери дадасига бир хат ёзишни кўнглига тугиб юрган эди. Қоғоз-қалам олиб деразанинг тагига келиб ўтирди. Қани энди, бирорта тузукроқ гап топилса? Қалам чайнаб анча ўтирди. Нима деб ёзсин? Бундоқ дадасига хабар қилгудек қишлоқда бирорта янги гап содир бўлмапти. Ўрнидан туриб ҳовлига чиқди. Идора томондан одамларнинг бақириб-чақириб гапирганлари қулоғига чалинди. Бориб дарвозанинг тирқишидан қараган эди, идора олдида турган бричка арава, унинг атрофида турган бир-иккита хотин-халаж, эркакларга кўзи тушиб қолди. Ғиёс ака ҳам Шарифа хола ҳам, раис билан Раҳбар опа ҳам шу ерда. «Нима қилиб туришибди улар? Э, эсим қурсин, ахир улар бугун ҳарбийга жўнашмоқчи-ку.»

      Камола бир-бир босиб, идора олдига борганини билмай қолди. Арава устига хашак ташланибди. Устида уч-тўртта тугунча. Одамлар арава атрофида гангир-гунгур гаплашиб туришибди. Аслида намланиб юрадиган кўзини ўқтин-ўқтин артиб Ғиёс ака турибди. Унинг бу одатини билмаган одам йиғлаяпти, деб ўйлаши турган гап. Ёнида Шарифа хола. Йиғидан кўзлари шишиб кетибди. Зулайҳо холанинг аҳволи ҳам уникидан кам эмас. Лаблари пир-пир учиб, тез-тез нафас олиб, оз бўлмаса ўкириб йиғлаб юборай деяпти. Ахир Ғиёс ака унинг қайнағаси-да! Эридан айрилгани етмагандай… Энди бу ҳам бормиди?

      Камола ҳам кўзига ғилт-ғилт ёш олиб, уларга тикилиб турган эди,