қилувдим, қани, халтангни оч, болам, – деди Тўрага яқинлашиб. У қўллари титраб, халтага қўғирмочини ағдарар экан, тинмай дуо қиларди: – Илоё юртимизга қасд қилганлар паст бўлсин…
Чолидан аллақачон айрилган, иккита азаматини урушга жўнатган бу кампир бояги Муса мулланинг тамоман акси эди. Қизиқ дунё эканда!
Улар ҳалиги кампирнинг ёнгинасидаги ҳовлига киришди. У Мастура янганинг ҳовлиси эди. Ишдан энди қайтиб келган бўлса керак, ўчоғининг тўқитқасидан гувлаб чиқаётган олов қарийб ҳовлининг ярмини ёритиб турар, ўзи тандир устида нимадир қилар, атрофида майда-чуйда уч-тўрт бола гирдикапалак бўлиб, қийқиришар эди. Кирувчилар яқинроқ боришиб қичқиришди:
– Ошолол!
Мастура янга қўлида капгири, қаддини ростлаб, олов яллиғидан терлаб кетган бўлса керак, пешонасини енги билан артди-да, чиройи очилиб:
– Келинглар, келинглар, – деди. У жўхори қовураётган экан. Ҳалиги майда болалар қозондан атрофга учган оппоқ бодроқларни теришар, қизиқиб кетиб, оловга яқинлашиб қолганларини сезмас эдилар. – Ҳой, яшшамагурлар, қоч! Ёниб ўласанлар… – У болаларга танбеҳ бериб, кирувчиларга қараб жилмайди. – Ҳозир бирпасда бўламан…
– Маъқул, кутейик женге…
…Ошолол деган товуш тўртинчи ҳовли эшиги олдидан чиққанида, Бойғозиларнинг кетларидан беш-олти бола эргашган, улар бозорда юргандай чувиллашишар, Бойғози чўлоқ билан баб-баравар бақиришар, хижолатпазлик билан бошланган ишнинг охири хурсандчиликка айланиб кетган эди. Болаларга ўйин керак-да! Текин томоша топилди-қўйди. Сергей учун ҳам бу иш хурсандчилик бўлди. Навбатдаги ҳовлига боришганида болаларга қўшилишиб у ҳам қичқирди:
– Аса-лўл…
– Ошолол!
Бу ҳовли Информбюро холаники эди. Холанинг ўзи чиқди, қўлларида ҳеч нарса йўқ эди:
– Вой чироғларим-эй, ҳали ҳеч нарса қилолганим йўқ эди. Овқатим бироздан кейин пишади, бир айланиб келинглар, болаларим. Буни қара-я, ошолол сўрашларингни кеча эшитувдим-а, ўчоққа ўтни эртароқ ёқсам бўларкан-а…
Информбюро холанинг гапи кўпайиб борарди. Бойғози унинг гапини бўлди:
– Бўпти, сўған-да, раҳмет. Энди эртен келемиз. Насяга-де кўнаверамиз, шеше… – деди пақирини қўлига олиб.
– Уят бўлди-да, болаларим…
– Жўқ деганингизде не қилардиқ? Қудайлиғингизди айттингиз-ғўй…
Навбат Зулайҳо холаникига келганида Бойғози тўхтамай ўтиб кетди. Улардан илгарироқ келиб бақиришни мўлжаллаб турган болалар ҳайрон бўлиб турдилар-да, индамай буларнинг орқаларидан чопишди. «Эридан қорахат келганини ҳисобга олган бўлса керак», деб тахмин қилди Тўра. Бойғози бўлса: «Тағин бирор гап бошлаб юрмасин», деб ўтиб кетган эди. Навбатдаги уй Камолаларники эди. Шу жойга келишганларида Тўра сал ўзини тортиброқ турди. У негадир ҳаяжонда, ким чиқар экан, деб бир четда кутиб турарди. Эшик ғичирлаб очилди. Тўранинг юраги қинидан чиқиб кетай деди. Камола қўлида коса, эшик олдига чиқиб болаларга битта-битта қаради. Четроқда турган Тўрани таниди шекилли, аста келиб Бойғозининг қўлидаги пақирга косадаги овқатни қуйди. Болалар ўзи жимиб қолдими ё Тўрага