Носир Фозилов

Танланган асарлар


Скачать книгу

қишлоқ марказига келганида, идора олдида турган Бойғози қўлини кўтариб қичқирди:

      – А-ай, Тўра! Бери кел!

      Тўра таёғини судраб аста унинг ёнига келди-да, нима дейсиз, дегандай унга тикилди. Бойғози:

      – Жур билай, – деди-да, оқсоқланиб идорага кириб кетди. Тўра унинг кетидан эргашди. Коридорга кираверишда, дераза ёнида, битта катта пақир, дераза рахида брезентдан тикилган яшил халта турар эди. Бойғози ўшаларга ишора қилди. – Мине, дайиндап қўйдим…

      Тўранинг юраги ҳаприқиб кетди, индамади.

      – Э, нега индемейсинг? Жарамайма? – деди Бойғози чўлоқ «кўнгли тўлмади чоғи», деб ўйлаб. – Оқсоқол «бироз кутиб, одамлар жумистан қайтқан сўнг бастасин», деди.

      – Шу… Бойғози оға, қандоқ бўларкан? – деди Тўра бироз ийманиб. – Уят бўлмасмикан?

      – Э-а, уялам, де, – деди кулиб у.

      – Ҳар ҳолда…

      – Уялатин бўлсанг, билай қил. Сен бирер сағаттан кейин ўсинде кел. Сен уялсанг, мен уялмаймин. Ўзим бастап берем. Қасимда журесинғўй?

      – Юраман, оға! – Тўра қувониб кетди.

      Бор бўлмаса. Кейинроқ кел!

      Тўранинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлиб, идорадан енгил чиқди. Уни идора олдида Сергей кутиб турган экан, биргалашиб уйларига кетишди.

      Сергей Тўраларнинг уйидан бир коса қатиқ ичиб бўлиб кетмоқчи эди, Тўра рухсат бермади.

      – Ошолол собрат будем, – деди у.

      – Чего?!

      Тўра унга ошолол нималигини тушунтиришга ҳаракат қилди. Сергей тушунмаганича қолаверди. Иккаласи бирпас ҳовлиларида айланишиб, у-бу ишларни қилган бўлишди, кейин Тўра сигирни боғлади, охурларга хашак солди, уйга чироқ ёқди.

      Ҳадемай қош қорайиб, Салима хола ҳам ишдан қайтиб келди. Тўра Сергей билан аста идора олдига чиқди. Ҳали идорага раис келмаган, Бойғози чўлоқ Тўрани кутиб турган экан. Булар келиши билан Бойғози чўлоқ майнабозчиликка бўлса керак – худди бозорда ун сотаётган аллоплардек енгини шимарди, кирза этикларининг қўнжини тортди, қозоқи қалпоғининг айвонини тортиб пешонасига сурди-да:

      – Қани, олиб шиғинглар, пақир мен қалтани, – деди. Тўра ичкаридан халта билан пақирни олиб чиқди. Бойғози кулгили бир оҳангда қошларини чимириб, у ёқ-бу ёққа қараб деди: – Кане, ўнгдан бастаймизба ё сўлдан. Арвақтарим ўнгдан жур, деп тур. Омин! Кане кеттик…

      Бойғози пақирни қўлига олиб, оқсоқланганича олдинга тушиб, қишлоқнинг кунчиқиш томонига қараб юрди. У билан қорама-қора Тўра билан Сергей ҳам эргашишган, одамлар энди ишдан қайтиб келишиб, овқат тараддудига тушишган пайт эди. Кунчиқиш томонда биринчи хонадон Муса мулла деган кишиники эди. Бойғози дарвозага яқинлашиши билан, орқада келаётганларга «тезроқ юринглар», деган маънода ишора қилди. Оқсоқ юримсоқ, деб шуни айтсалар керак-да, у Тўра билан Сергейга етказмай борарди. Бойғози чўлоқ дарвозани тақиллатиб ўтирмади, «ғийт» этказиб очди-да, ичкарига кириб кетди. Тўра билан Сергей унинг орқасидан эргашиб етиб боргунича, у ўчоқ бошига бориб қичқирди:

      – Ошо-ло-ол!

      Ҳовлида