Носир Фозилов

Танланган асарлар


Скачать книгу

– ҳа, айтгандай, Абдитўра, тунов кунги ваъда қилинган шишаларни олиб келиб берганмисан мактабдан?

      – Ўзим қўлим тегмай… – деб минғиллади Тўра. – Камолга тайинловдим…

      Пан Дворжек ҳеч нарса тушунмай уларнинг юзларига қарар, нима гап эканлигини билгиси келар эди.

      – Бойғози, сўра-чи, олиб келиб бердимикан? – деди раис пан Дворжекдан кўзини узмай.

      – Пан Дворжек, девушка стекло принес? – сўради Бойғози чўлоқ.

      – Штекло? Ах, дзефчина шпипетси… вчера, – деди пан Дворжек жилмайиб – Бардзо! Пасибо…

      Пан Дворжекнинг гапларидан Камоланинг шишаларни олиб келиб бергани маълум бўлди. Ўзини бу хижолатпазликдан қутқаргани учун Тўра кўнглида Камолага раҳмат айтди.

      Ҳамманинг юзида табассум ўйнаб турганини кўриб пан Дворжек мақсадга ўтди:

      – Пан предшедател, – деди у негадир ийманиброқ. Орқасида турган ўғли Франтишекка ўгирилиб, унинг елкасига қўлини ташлади. – Прошен… хсиялбим…9

      – Нима деяпти? – деди раис ҳайрон бўлиб. Бошқалар ҳам ҳайрон бўлиб туришарди. Унча-мунча русча гапнинг кифтини келтириб ташлайдиган қўнғизмўйлов вакил ҳам ағрайиб турар эди.

      – Чево хочеш? – деди Бойғози. Қўнғизмўйлов унинг гапига кулиб юборай деди-ю, ўзини зўрға босди.

      – Цос? Не разумен, да?10 деб ҳайрон қараб турди-да, сўнг ўғлини Тўрага қараб итарди. – Робатси, вмешта…

      – Э, бўлди, тусиникти, – деди Бойғози кулиб. – Тўрамен бирге жумис истесе ирзамин, деп жатир.

      – Майли, – деди раис пан Дворжекнинг кифтига қўлини ташлаб. – Раҳмат… Ана, Абдитўра, кўпайишиб қолдинглар. Бир-икки кун буларни ўргатмасак, Ғиёс аканг тоза қийналадиган бўлди.

      – Мужиганскийга қудай жеткизди, – деб кулди Бойғози. – Ўрисшани кўнгли тусегенше сўйлетин бўлди…

      Пан Дворжек хурсанд эди. «Сувни кўрмай этик ечмайдиган қувлардан-ку бу пан. Тунов куни атайлаб борганимизда индамаган эди. Бугун овқат улашган эдик, ўғлини хизматга берди. Мард бўлса, ўшанда розилик бермасмиди? Савдога яқинроқ халқ-да!» деди ичида Бойғози чўлоқ. Лекин бу фикри ўзига ҳам маъқул бўлмагани учун ташига чиқармади.

      Шу билан гап тамом бўлиб, ҳамма уй-уйига тарқади. Тўра уйларига ҳар кунгидан ҳам хушчақчақ кириб келди…

      Ҳаммаёқни димоқни қитиқловчи хушбўй буғдой ҳиди тутиб кетган. Арпа ўроғининг бошланганига икки ҳафтадан зиёдроқ вақт бўлган-у, буғдой ўроғининг бошланганига бугун иккинчи кун. Иш қизғин. Буғдойи ўрилиб, сап-сариқ анғиз бўлиб қолган пайкалларда Камола бошлиқ мактаб ўқувчилари бошоқ териб юришар, нариги томонда эса бошларини пешонабоғ билан маҳкам танғиб олган қиз-жувонлар бричка аравалар устига паншахада ғарам ортишар эди.

      Тўрада бир ҳафтадан бери тиним йўқ. У подани Ғиёс ака, Сергей билан Франтишекка топширганидан бери хирмонда, Соли оқсоқолнинг ихтиёрида! Гоҳ тарози тортади, гоҳ буғдой тўла қопларни кўтаришади, гоҳ у қопларни тикаётган Кристина билан Муса мулланинг келини Манзурага қарашади, кечқурунлари, ой туққан маҳалда эса йигирматача эшакка