сал қаттиқроқ гапириб қўйса, “аразлаб” тоғдаги чўпонлар ёнига кетиб қоларди.
Бирор ҳафта ўтгач, аммамизнинг ўзи бориб, “Менгина ношудни кечиринг отаси. Кенжангиз ичикиб касал бўлиб қолди. Уйга юрақолинг…” деб олиб келарди.
Баъзида уйимиз ёнидаги тоққа қараб кетувчи йўлда аммам кўриниб қолса, онам ичлари ачишиб:
– Ҳориб-чарчаб тоққа бориб сизга зарурми опа. Бир куни ўзи келади-да, – дердилар.
Шунда аммам:
– Э, синглим-ей, у баландласа, мен паст тушиб турай. Рўзғоримиз тўзиб кетмасин тағин, – деб қўярдилар.
Йиллар ўтиб, поччамиз “кетиб қолиш”ларини бас қилди, аммам иккови қўша-қўша ўғил уйлаб, қизлар чиқаришди.
Ҳар гал Самарқандга борсам аммамнинг катта ўғли Мансур ака ҳақида яхши гаплар эшитиб қайтаман. Эл орасида иззат-ҳурмат қозониш ҳаммагаям насиб этавермайди, ахир. Мансур ака шундай ҳурматга сазовор бўлибди. Катта укамнинг айтишича, қишлоқликлардан ёрдамини аямайдиган, ўзи ҳам оилапарвар, тадбиркор, хуллас меҳнати ва заковати туфайли бугуннинг янги бойлари қаторига қўшилган ажойиб инсон экан у киши.
Аммам саксонлардан ошиб, умри охиригача пиру бадавлат бўлиб яшади. Алп ва жасур ўғлонларни, назокатли қизларни вояга етказган бу донишманд аёлнинг номи жамиятимиздаги энг қадрли оналардан бири сифатида хотираларда қолди.
ПАРИЛАР ЕТАКЛАГАН МОМО
(бадиа)
Бир момо бор эди.
Беозор, меҳрибон, фариштасифат…
Шамолдай елиб-югурадилар, лекин асло чарчамасдилар. Кўпинча ортларидан чопиб етолмасдик. “Мени пари қизлар етаклаб кетади, шунда кучимга куч қўшилади”, дердилар кулиб.
Момо нақ юз ёшида қазо қилди. Ҳеч ким сочини юлиб айюҳаннос солмади. Бирор кимса ҳасса таяниб, “вой энам”, демади. Чунки момонинг ўзи “ҳеч биттанглар йиғламанглар”, деб васият қилганди. “Сизлар ёқа йиртиб дод солсанглар, эшитиб озорланаман”, дегандилар.
Бу табаррук ёшли аёл ҳаётлик чоғларида катталар тугул, гўдак боланинг йиғисига ҳам чидаб туролмасди. Ҳеч кимнинг кўзида ёш кўрмасам, дерди. Ўзи-ку, бирор жониворгаям озор бермаган. Ҳатто кўча-кўйда чумолиларга дуч келса, “тағин битта-яримтасини босиб олмайин”, деб ўтиб кетгунича четланиб турарди.
Айтишларича, момо анча йиллар бурун даштда ғўза чопаётиб, жўяк ўртасида ётган қора илонни кўриб қолган. Илон бўйнини тик тутиб, вишиллаганича даф қилибди. Момо эса қўлини кўксига қўйиб:
– Эй, жониворгина, кўриб турибсан-ку, ҳеч бир ёмон ниятим йўқ. Ахир сениям, мениям Худо яратган. Агар унинг амри билан жонимни олмоқчи бўлсанг, майли олақол. Бўлмаса, ўз йўлингдан қолма! – дебди.
Илон момонинг гапларини тушунгандек шу заҳоти шаштидан қайтиб, бошқа томонга жўнаб қолган экан.
Фазилатли аёл эди бу момо. Шунинг учун ҳам таъзия куни момонинг руҳи чирқирамасин деб бирор одам товуш чиқармади. Унсиз йиғлашди, ичикиб йиғлашди. Кимдир кўзи тўла ёш билан “мен ҳам момонинг ёшларига етиб юрай”, дея пичирлади. Яна кимлардир унинг бир шода қалампирмунчоғини бўлиббўлиб олишди, кўзларига суриб, сўнг набираларининг бешикларига қадаб