Г. Жамилова

МЕН БОРМАН, ҲАЁТ


Скачать книгу

дер эдилар. Соч тарасак, ерга тушган ҳар бир толасини эринмай йиғар, сўнг тоза латтага тугиб қўярдилар. “Сочнинг хосияти катта, уни эҳтиётланглар, одамлар кийим-кечак нималигини билмаган замонларда аёлларнинг сочлари жуда узун бўлган, улар гўдакларини шу сочларига ўраб, совуқдан асрашган”, дерди момо. Бу нуроний аёл ҳар гапи билан юракларга ўт соларди, суҳбатидан баҳраманд бўлган ҳар кишини улуғ манзиллар томон ундар эди.

      Юз йил яшаб, ҳалоллик ва поклик туйғуларини юрагида гавҳартошдек асраган момони ҳали-ҳануз соғинган кезларимда “бу покдомон аёлни пари қизлар оппоқ нур тўшалган йўллардан етаклаб юргандир”, деб ўйлайвераман.

      РОҲАТОЙ ОНАНИНГ БОҒЛАРИ

      Қадимги даврларда шундай воқеа рўй берибди. Бир киши ҳовлисининг ярмини деҳқон қўшнисига сотибди. Деҳқон кўкламда янги сотиб олган ерига экин экиш ниятида омоч тортибди. Шунда омоч тиши “қирс” этиб нимагадир тегибди. Деҳқон қарасаки, бир кўза олтин экан. Дарров ҳалиги кишининг ёнига югурибди.

      – Сендан сотиб олган еримдан бир кўза тилла чиқди, шуни ол, – дебди.

      – Энди сотилган ҳовлининг эгаси ўзингсан, демак тилла ҳам сеники, – дебди у киши.

      – Йўқ, мен оёғим тагидан чиққан бу бойликни олмайман, – дебди деҳқон.

      Иккови қозининг олдига боришибди. Мушкул масалани ҳал қилолмай боши қотган қози деҳқон билан ер сотган кишининг фарзандларини суриштирибди. Бирининг ўғли, бирининг қизи бор экан.

      – Шу икковини никоҳлаб, тиллаларни уларга беринглар, янги оилага ишлатишади, – дебди қози.

      Қиз ва йигит турмуш қуришибди. Лекин тўйдан кейин хумни кўтариб яна қозининг олдига келишибди.

      – Меҳнат қилиб топилмаган бу тиллалар бизга керак эмас, ҳалол ишлаб рўзғор тебратмоқчимиз, – дейишибди.

      Қози ўйлаб-ўйлаб ахири одамларни йиғибди ва хумдаги тиллаларни уларга тарқатибди. “Мана бу бойликни сарфлаб ҳашар йўли билан боғ яратинглар, мева-чева кўп бўлсин, шундагина бу тиллалар эл-юрт учун ҳалол ҳисобланади”, дебди…

      Демак, боғ яратиш қадим-қадимданоқ ҳалол яшов чи одамларнинг азму қарори туфайли келиб чиққан экан!

      Ургутлик Роҳатой ҳожи онанинг узоқ йиллар машаққат чекиб барпо этган боғларини кўрганимда доимо шу афсона ёдимга тушади.

      Ҳожи она умрининг ўтган саксон уч йилини сарҳисоб қилса, “бекорга яшамаган эканман” деган ёруғ хаёл кўнглидан кечади. Болалигидан то ҳозиргача эл-юрт хизматида бўлди, одамларга фақат яхшилик соғинди, ҳаёти давомида диний ва дунёвий илмларни эгаллади, шу илмларни она юрти тараққиётига сарфлади.

      Роҳатой онанинг ҳаётида эсда қоларли кўп воқеалар бўлган.

      …Мактабда яхши ўқирди. Еттинчи синфдалигида Алишер Навоийнинг “Сабъайи сайёр” достонидаги жамики мисраларни бир кечада ёдлаб, эртасига синфда айтиб берган ва ҳаммани қойил қолдирган.

      …Тўққиз ёшлик чоғлари эди. Колхоз қўйларини боқишга ёрдамлашарди. Ўша пайтларда тоғдан бўрилар тушиб қўйларга тез-тез ҳужум қиларди. Бир кун ҳам шундай бўлди. Атрофда ҳеч ким йўқ. Ёш қиз бўриларни таёқ билан қувлади, айниқса биттаси қочаётганида қўлидаги узун