ва Қандаҳор вилоятларини берибгина қолмай, унинг ҳеч қандай рухсатсиз Лаҳўр ва Панжоб вилоятларини ҳам ўз мулкига қўшиб олишига эътироз билдирмади.
Бундай кўнгилчанлик ҳалокатга элтувчи лоқайдлик ва катта хато бўлган эди. Маълумки, отамерос мулк устидан мустаҳкам бошқарув тизими ўрнатилмагунча, унга даъвогар бўлган шаҳзодалар ҳар қандай қабиҳликдан ва ҳийла-найрангларни ишга солишдан тап тортмайдилар. Бундай ҳолларда «ё тахт, ё ўлим» таомилига кўра иш юритилади. Ўз ҳукмдорлигини мустаҳкамлаб олиш учун Ҳумоюн отамерос тахтга даъвогар бўлиши мумкин бўлган рақиблари, яъни укаларини, таомилга кўра, ё ўлдириши ёки кўзлари-ни кўр қилиши лозим эди. У на у чорани ва на бошқасини кўрмади.
Бу орада Ганг дарёсининг нариги қирғоғидан улкан лашкар пойтахтга таҳдид солиб юра бошлаган эди. Уларнинг сардори Фарид Сурий илгари Биҳар вилояти ҳокимининг қўриқчиси бўлиб, ов пайтида хўжайинига ҳужум қилган шерни бир қилич зарби билан ўлдиргани учун унга «Шерхон» лақаби берилган эди. У 1486 йилда туғилган бўлиб, кейинчалик Бобуршоҳ даргоҳида ҳам хизмат қилган.
Унинг қобилиятидан таъсирланган подшоҳ вазирларига қарата: «Шерхондан доим кўз-қулоқ бўлиб туринглар. У жуда айёр ва унинг пешонасига ҳукмдорлик тамғаси босилган, мен ундан кўра обрўлироқ афғон сардорларини жуда кўп кўрганман, лекин уларнинг ҳеч бири менда бунчалик кучли таассурот қолдирмаган. Мен уни биринчи марта кўргандаёқ сезганман: унинг мақсад ва иштиёқларини назорат қилиб туриш керак, чунки унда улуғворлик ва ҳукмдорлик хислатлари бор», – деган эди.
Шерхон Бехор (Биҳар) вилояти ва Бенгалия бўйлаб тарқалиб кетган ўз қавмига мансуб сардорларни тўплаб, уларни Ҳиндистонни маҳв этиш ва ҳокимиятни яна афғон султонлари тасарруфига олиш учун ҳарбий юришга чорлаганда ёши элликда эди. Туғма жангчи, сардор ва моҳир бошқарувчи бўлган Шерхон бобурийларни Ҳиндистондан қувиб чиқариш учун барча чора-тадбирларни ишга солди.
Ҳумоюн эса унинг маккор ва қабиҳ ниятларини амалга ошириши учун қулай вазиятни юзага келтириб берди. Имконият борида рақибларини янчиб ташлаб, улардан қутулиш ўрнига у Шерхоннинг сулҳ тузиш ва ҳамкорлик қилиш борасидаги ёлғон ваъдалари ва қасамларига ишониб, Аграга қайтди ва бир йил давомида маъжун ва ҳарамдаги канизаклар даврасида маишатдан бош кўтармади.
Бу ҳол эса Шершоҳга нафасини ростлаб олишга ва афғон сардорлари билан ҳамкорликда Бенгалияни босиб олиш ва унинг афсонавий беҳисоб бойлик-ларини қўлга киритиш имконини берди. Натижада у Ганг дарёсининг нариги соҳилидаги ҳудудда ўз ҳукмдорлигини ўрнатишга улгурди. «Шершоҳ Сур» номи билан ўзини император деб эълон қилди.
Ҳумоюн ўз вақтида иниларидан мадад олганида, айниқса, укаси Комрон мирзо ихтиёридаги ўн икки минг кишилик мунтазам қўшин унга ёрдамга келганида бу таҳдиднинг олдини олган бўларди. Ёрдам ҳақидаги мурожаатига рад жавоби келгач, икки марта – биринчи сафар 1539 йилда Чауза (Чауса )дарёси бўйидаги жангда, иккинчи бор 1540 йилнинг ёзида Канноуж шаҳри яқинида