йўл тик қоялар билан қопланган бир дарани тор йўлак оралаб ўтишга тўғри келди. Унинг ортида йўл айрилади ва шимолий-ғарб томонга йўл олинса, Кобул томонга, жанубий-ғарб томонга юрилса, Синд дарёси томон йўл очилади. Акасининг эртароқ бориб Кобулни эгаллаб олишидан хавфсираган Комрон ундан аввалроқ довoндан ўтиб олиш пайига тушди. Укасининг бундай такаббурлигидан ранжиган Ҳумоюн ўзининг катталигини пеш қилиб йўлга отланди, натижада ака-ука қўшини ўртасида жиддий вазият юзага келди: ўртада қуролли тўқнашув юз беришига оз қолди. Бобур саройида хизматда бўлган мансабдорлардан бири ўртага тушиб, ўртасида воситачилик қилиб Ҳумоюнни Комроннинг қўшини кўплигини Комронни эса, акаси харқалай, унинг ҳукмдори эканини инобатга олишга чақирди. Ниҳоят, Ҳумоюн ўзига бошпана сифатида Синдни танлади.
Йўллар кесишадиган жойда карвон иккига ажралди. Унинг Аскарий бошқараётган қисми Комронга қўшилишни маъқул кўриб, у томонга йўл олди. Кичик укаси Ҳиндол эса Гужаратни босиб олишга имкон қидириб, Синд вилояти томон йўл олди. Бир неча садоқатли кишиларигина Ҳумоюн атрофига тўпландилар.
Ҳумоюн ўз яқинлари билан Лаҳўрдан чиқиб кетгач, тўрт йил қувғинликда умр кечирди. Бу вақт ичида улар Синд вилояти ва Ражастон чўлларида дарбадарликда юрдилар. Улар Синд вилояти ҳокими Шоҳ Ҳусайн Арғун саройидан ёхуд Жодпур вилояти ҳокими Рао Малдео саройидан бошпана топишга умид боғладилар. Бироқ Шершоҳнинг ғазабидан чўчиган бу икки ҳукмдор ҳам қуруқ ваъдалар билан анча вақт Ҳумоюнни алдаб юрдилар.
Боз устига Рао Малдео айёрлик билан Бобурнинг олмосини қўлга киритиш пайига тушди. Бир куни пешиндан кейин Ҳумоюн ўз одамлари билан Марвар вилояти ҳудудидан чиқиб жануби-ғарбий йўналишга қараб отланаётган пайтда узоқда бир карвон кўринди. Карвондан бир отлиқ киши ажралиб чиқиб, Ҳумоюннинг одамлари турган жойга қараб кела бошлади. Улар ўтирган чодирга яқинлашиб келгач, отдан тушди ва ўзини бой савдогар сифатида кўрсатиб, уларнинг сардори билан кўришмоқчи эканини айтди. Ҳумоюн чодир йиғиштирилишини кутиб, қўлида қолган каҳрабо рангли қимматбаҳо тошларини ҳисоблаб ўтирган эди. Унинг кайфияти чоғ эди. Бир неча соат аввал у ташқарида, очиқ ҳавода, қуёш нурлари остида бир оз мизғиб олган эди. Ўшанда осмондан бир улкан бургут учиб келиб, қанотларини кенг ёйиб Ҳумоюнни ўткир қуёш нурлари иссиғидан ҳимоя қилиб турди. Бундай башорат Ҳумоюнни мамнун қилган эди.
Ҳумоюншоҳ ҳузурида бўлган суҳбатда бояги подшоҳнинг молиявий аҳволига ачинган киши бўлди ва унинг ихтиёридаги Бобурнинг олмосини у иста-ган нархда сотиб олиш билан Ҳумоюнга бир оз молиявий ёрдам қилмоқчи эканини айтди. Бу савдогар Рао Малдеонинг югурдакларидан эканини фаҳмлаган Ҳумоюн унга нафрат билан қараб: »Бундай олмосни сотиб ололмайсан. Уни қилич кучи билан ёки саховатли ҳукмдорнинг марҳамати билангина қўлга киритиш мумкин» – деди.
Кейин мулозимларини чақириб, фирибгарни ҳузуридан ҳайдаб чиқариш ва йўлга отланиш ҳақида буйруқ берди.
Бу воқеадан кўп ўтмай, Ҳумоюн Амаркот вилояти ҳудудига кириб