аталади… Темур бир йўла соҳибқирон ва соҳибзуҳур бўлган…»
Бугунги кунда маънавият масаласи ижтимоий ҳаётимизнинг асосий масалаларидан бирига айланиб қолди. Халқимиз ва мамлакатимиз босиб ўтган йўлни, аждодларимиз фаолиятини – тарихимизни чуқур билмай ва теран идрок қилмай туриб, киши маърифатли ҳам, маънавиятли ҳам бўлолмайди. Зеро, ўтмиш билан бугуннинг, аждодлар билан авлодларнинг мустаҳкам боғланиши бу – миллат мангулигига кафолатдир. Тарих бундай боғланишда олтин кўприк бўлиб хизмат қилажак. Хуллас, миллий давлатчилигимиз тарихини яратиш давлат юмушларидан бири ҳисобланади. Бундан мақсад миллатимиз мангулигини кафолатлашдир.
Ўн биринчи боб
ТАРИХ – ХАЛҚНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ
Яхлит олиб қаралганда, тарихни халқ яратади. Уни яратишда фаол қатнашган, халқ руҳида, онгида ва қалбида ўзларидан чуқур ва ўчмас из қолдирган тарихий шахслар ҳам халқ фарзандлари бўлганликларига асосланиб шундай демоқдамиз. Шу сабабли рамзий маънода тарихни уни яратган ва яратаётган (тарих, худди вақт сингари бир зум бўлса-да, тўхтаб турмайди) халқнинг таржимаи ҳоли дейиш мумкин. Шу боисдан қадим тарих, ўрта асрлар тарихи, замона тарихи каби ибораларни ишлатамиз. Буларни жамласак, яхлит тарих келиб чиқади. Ҳар бир ота-она ўз фарзандларидан биронтасини «Бу менинг ўғлим эмас» ёки «Бу менинг қизим эмас» деёлмайди, деса-да бу ёлғон бўлади. Чунки ота-она ҳеч қачон ўз фарзандларини инкор этолмайди, чунки ўзлари уларни дунёга келтириб қўйганлар. Шунга ўхшаш халқ ҳам гарчи яхшидир, гарчи яхши эмасдир, уқувлидир, уқувсиздир бу фарзандларини инкор этолмайди, инкор этиши мумкин ҳам эмас. Яхшисини олқишлайди, ёмонини қоралайди, уқувлисидан мамнун бўлади, уқувсизига ачинади. Яхшисини «бахтим» дейди, ёмонини «пешонамнинг шўри» дейди. Бошқа чораси ҳам йўқ. Нима ҳам деб бўларди. Қисмат!
Бундай ҳолатни ўзбек давлатчилигини бошқариб ўтган сулолалар ва улар ҳар бирининг вакилларига нисбатан ҳам қиёс этиш мумкин. Маълумки, шўролар замонида чиқарилган китобларда ва матбуотда ўзбек давлатчилигини бошқарган сулолаларнинг бари тилга олинмас, бири тилга олинса, иккинчиси ҳақида индамай ўтилар, бирини иккинчисига қарамақарши қилиб қўйилар, сулолаларимиз вакиллари фаолиятидан фақат нуқсон қидирилар, кичик нуқсонлар ҳам катта қилиб, бўрттириб кўрсатилар эди. Нима қилиб бўлмасин, қандай йўллар билан бўлмасин, ишқилиб ўзбек давлатчилиги камситилар эди. Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги юбилейида бундай нохолисликка илк бор чек қўйилиб айтилдики, ўтган икки ярим минг йил давомида ўзбек давлатчилигини бошқарган қадимий хоразмшоҳлар, кушонлар, эфталитлар, ашиналиклар, сомонийлар, қорахонийлар, ануштегинлар, темурийлар, шайбонийлар, аштархонийлар, манғитлар сулолалари тарихимизда, хусусан, Бухорои азимда ўзига яраша ном ва из қолдирдилар. Бу тарихан тўғри баҳодир. Давлатчилигимиз тарихини яратишда ўтмишда ҳокимиятни бошқарган барча сулолаларга уларнинг ўз даврида келажак авлод учун қолдирган