Абдуқаҳҳор Иброҳимов

Бизким ўзбеклар


Скачать книгу

учратамиз. Шарқ манбаларига мурожаат қилганларида ҳам, асл манбаларга ёндашмай, ўша манбаларнинг Оврўпо тилларига ўгирилган таржималаридан, талқинларидан мисол келтирадилар. Натижада сўз ўзбек илмий ходиминики, фикр эса Оврўпо олиминики бўлиб келди. Ўзбек китобхонига эса ана шу ўзгаларнинг мулоҳазалари етиб борди. Буларнинг бари чоризм ва қизил империянинг ўзлигимизни унутишга қаратилган сиёсатининг асорати ва касофатларидандир.

      Тарихий асарлардаги сохталиклар бадиий адабиётга ҳам кўчиб ўтди. Қатор романлар, пьесалар, достону шеърларда, драмаларда Амир Темур ва темурийлар образлари, уларнинг фаолияти бир ёқлама тасвирланди. Маълумки, тарихий китобларга қараганда бадиий адабиётнинг ўқувчиси кўп бўлади, улар кенг халқ оммасига чуқурроқ кириб боради, китобхон онгига кўпроқ таъсир этади. Масалан, ёзувчи Сергей Бородин «Самарқанд осмонида юлдузлар» романининг бир китобини «Тамерлан» – «Оқсоқ Темур» деб атагани ва бу китоб катта ададларда қайта-қайта рус ва ўзбек тилларида нашр қилинганининг оқибати бўлса керак, ҳатто айрим «интеллигентларимиз» «Амир Темур» ёки «Соҳибқирон Темур» дейиш ўрнига ҳамон «Тамерлан» дейишларига шоҳид бўлиб қоламиз.

      Совет тарихчилари нафақат Темур ва темурийлар ҳақида, балки улар замонида фаолият кўрсатган буюк дин арбоблари ҳақида ҳам бир томонлама, аксарият ҳолларда нотўғри фикр билдирганлар. Масалан. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳақида шўровий тарихчилар томонидан айтилган мутлақо нотўғри фикрлар ҳатто бадиий адабиёт ва санъатга ҳам кўчиб ўтди. Уни романларда, кинофильмларда, спектаклларда Мирзо Улуғбекнинг ашаддий ғоявий рақиби, ўта мутаассиб бир шахс, илму урфоннинг душмани сифатида талқин қиладилар. Масалан, «Мирзо Улуғбек» спектакли ва «Улуғбек юлдузи» фильмида Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Мирзо Улуғбекнинг ҳалокатига, Самарқанд расадхонасига ўт қўйилишига сабабчи сифатида нотўғри тасвирланган. Ваҳоланки, бу зот Мирзо Улуғбек вафотидан кейин орадан икки йилча ўтгач, султон Абусаид мирзонинг илтимосига кўра Самарқандга ташриф буюрган ва ўттиз йилча мамлакатда тинчлик барқарор бўлиши учун кафолат бўлиб турган. Абдураҳмон Жомийдек, Алишер Навоийдек улуғ сиймоларнинг ҳурмат-эҳтиромини қозонган.

      Амир Темур, темурийлар ва улар ҳукмронлик қилган даврда яшаган буюк сиймоларга нисбатан билдирилган нотўғри қарашларга истиқлол давримизда танқидий баҳо берилиб, уларга нисбатан тарихий адолат қарор топди.

      Истиқлол йилларида Носируддин Хожа Убайдуллоҳ валийга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. У ҳақда ҳаққоний ёзилган илмий ишлар, рисолалар, мақолалар чоп этилди, диний ва ижтимоий фаолияти ҳақида илмий анжуманлар ўтказилди. Ва ниҳоят 2004 йили Хожа Убайдуллоҳ валий таваллудининг 600 йиллиги нишонланди.

      Шонли ва кўҳна тарихимизни янгитдан варақлашимиз, адолат, ҳақиқат ва миллий истиқлол нуқтаи назаридан эминэркин ва холис туриб ўрганишимиз, тарихга оид атамалардаги чалкашликларни бартараф этишимизга вақт етиб келди. Чоризм ва совет