чиқариларди. Эндиликда бу газета чиқаяптими-йўқми, мавқеи қандай, хабарсизман. Барча туркий давлатларда «Халқ сўзи» газеталарини мухбирлари доимо ишлашларини ҳозирги тезкор давр тақозо этмоқда.
Элчиларимиз ўзлари элчилик қилаётган давлатларда азалдан яшаб келаётган ҳаммиллатларимизнинг маданий, маърифий, маънавий аҳволларидан қонун доирасида ҳабардор бўлишлари, қонун доирасида ёрдам беришларини эслатамиз, холос. Зеро, Элчи ўз халқининг юзи, ўз халқининг кўзи ва ҳимоячисидир.
Ҳақиқатан ҳам юртимизда янги давр бошланган. Одатда янги даврда энг ибратли, ёруғ кунлар такрорланади. Маълумки, XV асрнинг иккинчи ярмида темурийларнинг Хуросон давлатида подшох Ҳусайн Бойқаро ва шоир Алишер Навоий замонларида давлатчиликда ҳам, илму фан, адабиёту санъатда ҳам, китоботда ҳам юксак чўққиларга эришилган. Вазири аъзам Алишер Навоийнинг иниси Амир Дарвешалибек китобдорлик соҳасини бошқарган. Китобдорлик махсус лавозим бўлиб, ҳозирги кундаги Матбуот ва ахборот агентлигининг бош директорлигига ўхшайди. У пайтда китоб нашр этилмаган, хаттотлар қилқалам билан нусха кўчиришган. Етиб келган маълумотларга кўра, хаттотлик ишхонасида кўп котиблар, муқовасозлар ишлашган. Подшоҳнинг амрига кўра, 30 нафар хаттот фақат Алишер Навоий асарларини ҳуснихат ила кўчириш билан шуғулланишган, 2 нафар хаттот Ҳусайний (Ҳусайн Бойқаро)нинг ғазалларини кўчиришган. Ҳусайн Бойқа ронинг эътимоди мактабдош дўсти, давлатининг таянчи Алишер Навоийга шу қадар юксак бўлган.
Китобдор айни пайтда сарой кутубхонасини ҳам бошқарган. Хаттотлар ишхонасида кўпгина саҳҳоблар – муқовасозлар хизмат қилишган. Ҳар бир китобнинг муқовасининг ўзи такрорланмас санъат асари бўлган. Бу ерда Қуръони карим, Ҳадиси шариф, Амир Темурнинг «Тузуклари», соҳибқирон ҳақидаги Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома»си, Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома»си каби буюк асарлар ҳам кўчирилган. Хаттотларнинг маълум қисми уйғурлардан бўлишган. Еттинчи асргача, яъни араб алифбоси жорий бўлгунча фойдаланилган туркийча хат (Алишер Навоий ибораси) истеъмолда бўлган. Бу китобларнинг маълум қисми Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий томонларидан Ҳиротга келган элчиларга тортиқ қилинган ҳамда чет эл мамлакатларининг бошлиқларига совға қилиб юборилган. Китоб дўстлик элчилари бўлган. Халқимизнинг бундай гўзал удуми муҳтарам Юртбошимиз томонларидан қайта тиклангани шояд диққатэътиборга лойиқдир.
Чоризм ва шўролар даврида халқимизни ёппасига саводсиз бўлган деган таги пуч сафсаталар бўлган эди. Буни казо-казо тарихчи «олим»ларимиз ҳам ялтоқланиб китобларида ёзишган. Ваҳоланки, халқимиз азалдан китобхон ва китобсевар бўлган. 1878 йилги маълумотга кўра, Қўқон хонлигининг водий ва воҳа ҳудудлар аҳолисининг 58 фоизи саводхон бўлган. Ўша замонда Европадаги Германия, Франция, Англия каби тараққий этган давлатлар аҳолисининг саводхонлиги бу даражадан қуйи бўлган. Хон ва ҳоким саройларида, мадраса ва масжидларда кутубхона, шаҳар жойлардаги маҳаллаларда