айтур эди. Уднинг торларини якка қилиб бу чолибтур. Айби бу эдики, бисёр ноз била чолур эди. Шайбонийхон бир навбат соз буюрур, такаллуф қилиб ҳам ёмон чолур, ҳам ўз созини келтирмай, ярамас соз келтурур. Шайбонийхон фаҳмлар, буюрурким, суҳбат-уқ ғалаба гарданилар урурлар. Шайбонийхоннинг оламда бир яхши ишиким бор бўлур, филвоқиъ хўб бордур. Ушмушдоқ нозук мардакларга мундин кўпрак сазо керак…»
Бобур мирзо она Ватанига талпинар, шу сабабли шайбонийлар фаолиятини кузатиб турар, юртига қайтиш йўлларини излар эди. Бироқ орзуига эришиш унга насиб этмади, чунки ватанига қайтиш йўли берк эди, бунга илгари ўзи йўл қўйиб қўйган бир ғоявий хатоси сабаб эди. Бу ҳақда кейинроқ, ўз ўрнида қисқача тўхталиб ўтамиз.
Тарихий асарлар тасдиғига кўра, шайбонийлар, улардан кейин ҳокимият тепасига келган ўзбек сулолалари ҳам Амир Темур шахсига ҳамда темурийлар даврида яратилган асарларга, шу жумладан, уларга бағишланган асарларга чуқур ҳурмат билан қарашган, темурийларнинг бевосита давомчилари ўлароқ бундай асарларни тарғиб-ташвиқ қилишда маълум ишларни амалга оширганлар. Масалан, шайбонийлар сулоласининг иккинчи вакили, Муҳаммад Шайбонийхон ҳалокатидан кейин хонлик ҳокимиятига келган, 1510–1529 йилларда ҳукмронлик қилган Кўчкунчихон 1519 йили темурийларнинг сарой тарихчиларидан бири, машҳур муаррих Шарофиддин Али Яздий таълиф этган шоҳ асар – «Зафарнома»ни форсчадан ўзбекчага таржима қилиш ҳақида фармон чиқаради ва бу вазифани Муҳаммад Али Бухорийга топширади. Муҳаммад Али Бухорий бу топшириқни маҳорат билан адо этади.
Бизнингча, Кўчкунчихоннинг мазкур фармонидан икки мақсад кўзланган эди. Биринчиси, шайбонийлар Туркистон мамлакатини Амир Темур давридаги ҳудудлар доирасида бирлаштириш ва марказлашган қудратли бир давлатни қуриш нияти билан майдонга тушган эдилар. Бу борада уларга Амир Темур давридаги Туркистон мамлакатининг шон-шуҳратини эслаш ва эслатиш асқатар эди, албатта. Иккинчиси, «Зафарнома» ёзиб тугатилган 1424–1425 йилларда темурий шаҳзодалар ҳали ўзаро тотув эдилар, хоқони саид Шоҳрух мирзо теварагига уюшган эдилар, улуғ боболари Амир Темур руҳи олдида таъзимда бўлиб, оталари амрига мунтазир эдилар. Шу боис давлат ҳам қудратли эди. «Зафарнома»нинг ўзи ҳам ана шу тотувликнинг меваларидан бири сифатида дунёга келганидан хабардормиз. Шу ҳолатни назарда тутсак, Кўчкунчихоннинг ўша фармони замирида шайбонийлар сулоласи вакилларини ўзаро тотувликка чорлов ҳам бор эди, дейиш мумкин.
1999 йили «Шарқ» нашриёти «Зафарнома»ни Муҳаммад Али Бухорий таржимасида чоп этди, шу тариқа икки давр – XV ва XVI асрларга, икки сулола – темурийлар ва шайбонийлар замонидан биз миннатдор авлодларга ёдгорлик бўлиб келаётган мазкур асар истиқлол замонамиз китобхонлари қўлига бориб етди.
Шайбонийлар даврида бошлаб берилган темурийлар дав-рида яратилган асарларни таржима ва тарғиб қилиш ишлари Бухоро хонлигида аштархоний ва манғит сулолалари, Хива хонлигида қўнғирот сулоласи ва Қўқон хонлигида