Ханс Рослинг

Factfulness


Скачать книгу

умр кўриш давомийлиги энди ўн йилга ошган. Биз инсонлар оилаларимиз тирик қолиши учун доим қаттиқ курашиб келган эдик ва ниҳоят ҳаракатларимиз самара бермоқда.

      Бу диаграммани ҳар сафар кўрсатганимда одамлар 1960 йилга ишора қилиб, “Бу ердаги энг охирги чўкишга нима сабаб бўлган?” деб сўрайди. Агар сиз ҳам билмасангиз, бу мен учун дунё ёмон томонга ўзгаряпти, деган нотўғри тасаввурга қарши чиқишим учун ажойиб имконият.

      1960 йил глобал умр кўриш чизиғида чўкиш кузатилган, чунки ўша йили Хитойда 15–40 миллион киши (аниқ сонини ҳеч ким билмайди) инсоннинг ўз хатоси билан юзага келган, эҳтимол, дунёдаги энг йирик очарчилик оқибатида ҳалок бўлган.

      1960 йил Хитойда мавсум ёмон келгани, боз устига, ҳукумат экинларни самарали етиштириш бўйича тузукроқ маслаҳат бермагани туфайли ҳосил режадагидан кам бўлган. Маҳаллий ҳукуматлар ёмон натижа қайд этишни истамаган, шунинг учун барча егуликни марказий ҳукуматга юборган. Ўзига умуман егулик қолдирмаган. Бир йилдан сўнг инспекторлар ҳайратга тушганча ўзи гувоҳ бўлган каннибализм ва йўл ёқаларида ётган жасадлар ҳақида ҳисобот топшира бошлади. Ҳукумат марказий режалаштириш таназзулга учраганини тан олмади ва Хитой ҳукумати ҳалокатни 36 йил давомида сир тутиб келди. 1996 йилгача бу ҳақда инглиз тилида ташқи дунёга ҳеч бир сўз айтилмади. (Ўйлаб кўринг-а, ҳозирги кунда бирорта давлат 15 миллион киши ўлганини дунёдан яшира оладими?)

      Ҳатто Хитой ҳукумати бу фожиа ҳақида бутун дунёга маълум қилганида ҳам бугун қаер муҳтож бўлса, егулик тарқатадиган БМТ озиқ-овқат дастури ҳам ёрдам беролмаган бўларди. Чунки 1961 йилгача ундай ташкилот мавжуд эмасди.

      Ҳозирги ҳолатни тарихий контекстга қўйсак, дунё ёмон томонга ўзгармоқда, деган хато тасаввурни сақлаб қолиш қийинлашади. Тўғри, ҳозирда дунёда кечаётган қурғоқчилик ва очарчиликни паст баҳоламаслигимиз керак. Лекин ўтмишдаги фожиалар ҳақида билсак, бу бизга дунё қандай қилиб шаффоф ва керак бўлганда ёрдам олиш мумкин бўлган жойга айланганини англашга ёрдам беради.

Мен Мисрда туғилганман

      Ватаним Швеция бугун IV даражада ва дунёдаги энг бой, аҳолиси энг соғлом мамлакатлардан бири. (Мамлакат IV даражада дегани бу ўша мамлакатдаги ўртача одам тўртинчи даражада деганидир. Буни Швецияда ҳамма IV даражада яшайди, деб тушунмаслик керак. Ёдингизда бўлсин, ўртачалар ёймаларни яширади.) Аммо у доим ҳам ундай бўлмаган.

      Энди сизга энг севимли графигимни кўрсатмоқчиман. Китобнинг ички муқовасида унинг рангли версияси ҳам берилган. Мен уни Жаҳон соғлиқни сақлаш жадвали деб атайман ва у соғлиқ ва бойлик бўйича дунё харитасига ўхшайди. Аввалги бобда келтирилган пуфакчали графикда бўлгани каби ҳар бир мамлакат пуфакча орқали ифодаланган ва пуфакчанинг ҳажми мамлакат аҳолисининг сонини кўрсатади. Худди аввалгидек кам бағал мамлакатлар чапда, бой мамлакатлар ўнгда; аҳолиси соғломроқ мамлакатлар юқорида, носоғломроқ мамлакатлар пастда кўрсатилган.

      Эътибор беринг, иккита гуруҳ йўқ. Дунё иккига бўлинмаган. Пастдаги касал ва камбағал мамлакатлардан тортиб юқоридаги бой ва соғлом мамлакатларгача