Светлана Алексиевич

Чернобиль таваллоси


Скачать книгу

Оилавий ёдгорлик. Бу эшикда отам ётган. Бу қанақа одатлигини билмайман (у ҳамма ерда ҳам йўқ), аммо бизда бор, онамнинг айтишича, марҳумни у яшаган уй эшигига ётқизиш керак. То тобутни олиб келгунларича, у шундай ётади. Отамнинг олдида тун бўйи ўтирдим, у мана шу эшикнинг устида ётарди… Уй очиқ қолганди… Тун бўйи… Эшикда пастдан юқорисигача кертик чизиқлар бор… Қандай ўсганимни белгилаб боришган: биринчи синф пайтимда бўйим қаерга етгани, иккинчи синфда. Еттинчи синфда. Ҳарбий хизматга кетиш олдидан… Бу белгилар ёнида ўғлимнинг бўйига қараб ўйилган кертиклар бор… Кейин қизимники… Яъни эшикка худди қадимги папирусларда ёзилгани каби бутун ҳаётимиз белгиланган. Уни қандай қолдира оламан?

      Машинаси бор қўшнимдан “Ёрдам бер!” деб сўрадим. У, дўстим, эс-ҳушинг ўзингда эмас, шекилли, дегандек бошимга имо қилди. Лекин эшикни олиб чиқиб кетдим… Тунда… Мотоциклда… Ўрмон орқали… Икки йилдан кейин, уйимизни ўмариб, шип-шийдам қилиб кетиб бўлишганидан сўнг. Ортимдан милиция қувди: “Отиб ташлаймиз! Отамиз!” Албатта, улар мени ўғри деб ўйлашган. Ўз уйимнинг эшигини ўғирладим…

      …Хотиним ва қизимни касалхонага жўнатдим. Уларнинг баданида қора доғлар ёйила бошлади. Гоҳ пайдо бўлади, гоҳида йўқолади. Беш тийинлик тангачадай… Ҳеч ери оғримайди… Уларни текширишди. Сўрадим:

      – Айтинг, текширув натижаси нима бўлди?

      – Сиз учун эмас бу натижалар.

      – Ким учун унда?

      Атрофдаги ҳамма бир гапни айтарди: ўламизкетамиз… Икки мингинчи йилгача белоруслар йўқ бўлади. Қизчам энди олтига тўлганди. Айнан ҳалокат юз берган куни тўлганди. Уни ухлашга ётқизаман, қизим қулоғимга шивирлайди: “Дада, яшашни истайман, ҳали кичкинаман-ку”. Уни бола, ҳали ҳеч нарсани тушунмайди, деб ўйлардим… У эса болалар боғчасидаги энагани ёки ошхонасидаги ошпазни оқ халатда кўрса, жазавага тушарди: “Касалхонага боришни истамайман! Ўлишни хоҳламайман!” Оқ рангни кўрса, чидай олмасди. Ҳатто янги уйимиздаги оқ пардаларни ҳам алмаштирдик.

      Сиз бир вақтнинг ўзида сочи калга олинган еттита қизчани тасаввур қила оласизми? Улар битта палатада еттита эди… Йўқ, етарли! Гапимни тугатаман! Ҳикоя қилиб берарканман, юрагим бир туйғу пайдо бўлганини шипшитяпти – сен сотқинлик қиляпсан. Чунки уни бегона сифатида тавсифлашим керак… Унинг азобларини… Хотиним касалхонадан келгач, чидай олмади: “Бунақа азоблардан кўра, ўлгани яхшийди. Ё уни бу аҳволда кўрмаслик учун, қанийди, ўзим ўлсам…” Йўқ, етади! Бас қиламан! Гапирадиган аҳволда эмасман. Йўқ!

      Қизимни ҳам эшикка ётқиздик… Қачондир отамнинг жасади ётган ўша эшикка. То кичкина тобутчани олиб келгунларича… Тобут кичкина эди, каттароқ қўғирчоқни соладиган қутичага ўхшарди. Қутичадай…

      Мен гувоҳлик беришни истайман – қизим Чернобиль туфайли ўлди. Биздан эса жим ўтиришимизни хоҳлашяпти. Эмишки, ҳали фан буни тасдиқламаган, маълумотлар базаси йўқ. Юз йиллаб кутиш керак. Лекин менинг инсон сифатидаги ҳаётим… Умрим бундан оз-ку!.. Бунча вақт кутиб тура олмайман. Ёзиб олинг… Ҳеч бўлмаса, сиз ёзинг: қизимнинг