Тўсатдан ўлдиришса-чи, деган хаёл бўларди! Ҳозир бу ерда ўрмонда ўзим кезаман ва ҳеч кимдан қўрқмайман. Ўрмонда одам йўқ, бирор кимса учрамайди. Юраман, эслайман: буларнинг барини мен бошдан кечирдимми ёки биров? Бошқа сафар овчиларни учратасан: қуроли, итлари ва дозиметрлари11 бор. Улар ҳам қуролли одамлар, лекин бошқача, улар одамни қувмайдилар. Ўқ овозини эшитсам, биламанки, улар қарғаларни отмоқда ёки қуёнларни қувламоқда. (Жимиб қолади.) Шунинг учун бу ерда қўрқмайман… Ердан, сувдан қўрқмайман… Одамдан қўрқаман… У ёқда юз долларга бозордан автомат сотиб олиш мумкин…
Бир йигитни эслайман. Тожик… У бошқа бир йигитни қувиб келарди… Одамни қувиб келарди!!! Таъқиб қилишидан, ҳансирашиданоқ у кимнидир ўлдирмоқчи эканини дарров сездим… Аммо қочаётган одам беркинди… Қочиб кетди… Ва анави қувган йигит ортига қайтди, ёнимдан ўтаркан, сўради: “Онахон, бу ерда қаердан сув ичса бўлади?” У одатдагидек, гўё ҳеч нарса бўлмаётгандай савол берди. Вокзалда сув тўлдирилган идишча турарди, шуни кўрсатдим. Ва унинг кўзларига қараб туриб, қайта-қайта: “Нега бирбирингизни қувасиз? Нега ўлдирасиз?” дедим. У ҳатто бироз хижолат тортгандай бўлди. “Қўй, онахон, жим бўл”, деди. Улар кўплашса, бошқача бўлиб қолишади. Агар уч киши, ҳеч бўлмаганда, икки киши бўлганида борми, мени деворга тираб қўярди. Битта одам билан эса ҳали гаплашса бўлади…
Душанбедан Тошкентга келдик, у ёғига яна йўл юриш керак – Минскка борамиз. Чипта йўқ – тамомвассалом! У ерда ҳаммаси жуда маккорона ташкил этилган: пора бермасанг, самолётга чиқа олмайсан, тинимсиз эътирозлар билдиришади – ё юкинг оғир келади, ё ҳажми катта дейишади: бу мумкинмас, уни олиб ташла… Икки марта тарозига югуртиришди, ниятларини зўрға англаб олдим. Чипта орасига пул солдим… “Мана, бўларкан-ку, яна тортишасан-а бу ерда”. Ҳаммаси осонгина ҳал бўлди! Унгача эса… Контейнеримиз – икки тонна, ағдаришга мажбур қилишди. “Сизлар қайноқ нуқтадан келяпсиз, балки, қуролингиз бордир? Балки, наша бордир?”
Раҳбариятга учрадим ва унинг қабулхонасида яхши бир аёл билан танишдим, у бор гапни менга уқтириб қўйди: “Тортишиб, бирор нимага эришолмайсиз, адолат талаб қилсангиз, юкингизни далага ағдаришади ва олиб келган буюмларингизни ўғирлаб кетишади”.
Хўш, нима қилиш керак? Туни билан ухламадик, юкни туширдик, нимамиз ҳам бор: латта-путта кийимлар, кўрпалар, эски уй жиҳозлари ва музлаткич, икки қоп китоб.
– Балки, қимматбаҳо китобларни олиб кетаётгандирсиз?
Қараб чиқишди: Чернишевскийнинг “Нима қилмоқ керак?” китоби, Шолоховнинг “Очилган қўриқ” китоблари… Кулдик.
– Музлаткичингиз нечта?
– Битта, уни ҳам синдиришди.
– Нега декларация олмадинглар?
– Қаердан биламиз? Урушдан келяпмиз. Биринчи марта…
Бирданига икки ватанимизни йўқотдик – Тожикистонимизни ва Совет Иттифоқини…
Ўрмонда кезаман, ўйлайман. Бизникилар бари телевизор олдида ўтиради: у ёқда аҳвол қандай? Нималар бўляпти? Мен эса билишни хоҳламайман.
Ҳаёт бор эди… Бошқача ҳаёт… У ерда катта одам ҳисобланардим,