section>
“Дийдор ғанимат” китобидан
ҚАЛАМ
Ё пирим, деб йўлга чиқдим,
Йўлда йўлдошим қалам.
Ҳам сиру асрорим айтсам,
Ёру сирдошим қалам.
Гоҳ қувонсам, гоҳ куюнсам,
Танти тенгдошим қалам.
Дилдаги дардимни айтсам,
Сабру бардошим қалам.
Гоҳ насиҳатгўй вале,
Қавму қариндошим қалам.
Оқилу доно бўлиб,
Ишда ишбошим қалам.
Юрту элнинг бахтини
Куйла, сирдошим қалам.
Ўктам айтур шу сабаб,
Йўлда йўлдошим қалам.
МЕНИНГ ИШҚИМ
Менинг ишқим ҳамон бўлгай, севар ёрим омон бўлса,
Севар ёру диёримда ҳамон шундай замон бўлса.
Ажаб барно, ажаб доно, ажойиб нозу истиғно,
Ҳусн мулкида ул Лайло каби соҳибжаҳон бўлса.
Қаро кўзу қаро холу қаро сочини айтайму,
Кўнгилни шод этарга ул қаро қоши камон бўлса.
Келишган қомати шамшод, нигоро, интизор этма,
Не тоқат айлайин мен бир томон, у бир томон бўлса.
Уни севмоқ билан шодман, бу йўлдан кечмагум асло,
Агар севги гуноҳ бўлса, агар севги ёмон бўлса.
Ўшал хушхулқли ёр бирла қилурга шарҳи ҳол Ўктам,
Наманган боғидай кўркам, латофатли чаман бўлса.
ҲЕЧ КИМНИ ЎХШАТОЛМАДИМ
Кимга қиёс этай мен, ёр, қадди-қоматингни,
Ёр, қадди-қоматингни, дилбар латофатингни.
Дилбар латофатингга жоним садоға бўлса,
Жоним садоға бўлмай кўрсат садоқатингни.
Садоқатли нигоро, сунбул сочингга борман,
Сунбул сочингни ўйнаб қилдинг кароматингни.
Қилдинг кароматингни, тушди бошимга савдо,
Инсонму ё малакму, билолмадим зотингни.
Билолмадим зотингни, қилмадинг илтифот ҳам,
Сенга таадди айлаб кездим вилоятингни.
Кездим вилоятингни тополмай ўхшашингни,
Васфингни ёза-ёза такрорладим отингни.
Такрорладим отингни меҳру муҳаббат билан,
Муҳаббатинг ёр бўлди, кўрдим саодатингни.
Барнолигингни Ўктам куйлар экан ҳамиша,
Дариғ тутма, нигоро, биздин иноятингни.
ДИЙДОР ҒАНИМАТДУР, ГУЛИМ
Кўргани келдим сани, дийдор ғаниматдур, гулим,
Интизор этма мани, дийдор ғаниматдур, гулим.
Севганим соҳибжамол, ҳусни паридек баркамол,
Келганим кўрма малол, дийдор ғаниматдур, гулим.
Севганим ойдек тўлар, сал кўрмасам кўргим келар,
Бирга ўлтиргим келар, дийдор ғаниматдур, гулим.
Ўйнагин гул-гул ёниб, зулфинг белингда тўлғониб,
Бўлса суҳбатлар қониб, дийдор ғаниматдур, гулим.
Ёшлигинг бахтинг-ку, жон қадрига ет, сарвиравон,
Ўтгуси елдек бу он, дийдор ғаниматдур, гулим.
Севгимиз ёд айлагил, суҳбатни обод айлагин,
Ўктаминг шод айлагин, дийдор ғаниматдур, гулим.
ЎТДИ ГЎЗАЛИМ
Ўтди гўзалим у томондан бу томонга,
Солмай назарин биз каби яхшию ёмонга.
Билмам неча йил қилгуси ул жабрини жонон,
Ҳижрон азоби рангимни ўхшатди сомонга.
Бир мен эмас ишқида куйган, неча ошиқ
Ваҳ-ваҳ, қиё боқмади ул аҳли замонга.
Сабрим тугагач журъат этиб йўлини тўсдим,
Таклиф этайин юрса агар боғу чаманга.
Чимрилди қоши, бир силкиниб кетди йўлига,
Ҳай-ҳай, онинг кокиллари тегди товонга.
Бу ҳолни кўриб маст бўлибон учди хаёлим,
Гўёки сайд сайёдини олди нишонга.
АЙРИЛИБ БЎЛМАС
Суюкли ёрим, эй жонон,
ўзингдан айрилиб бўлмас,
Қаро кўз-қошларинг, эй жон,
сўзингдан айрилиб бўлмас.
Соғиндим мен жамолингни,
юзингда якта холингни,
Қачон кўргум висолингни,
кўзингдан айрилиб бўлмас.
Фироқингда ётиб бедор,
қаро сочинг қилиб хумор,
Қачон топгум севикли