ойдек жамолингга, юзингга термилиб турсам.
Висол боғи сенинг васлинг билан обод, эй дилбар,
Чаман аро очилгай дил, ўзингга термилиб турсам.
Шакаргуфтор нигорим нутқини жон деб эшитгайман,
Кўнгил тоғдек ўсар ҳай-ҳай, сўзингга термилиб турсам.
Сенга ортар мани меҳрим, ҳалол меҳнатда Ўктамман,
Зафар қучганда таққан юлдузингга термилиб турсам.
МЕҲМОНИ БЎЛИБ ЎЛТИРДИМ
Бахтим борки, шаҳло кўзнинг
меҳмони бўлиб ўлтирдим,
Гўзал юзу ширин сўзнинг
меҳмони бўлиб ўлтирдим.
Ишқ элидаги султоним
фармонига фидо жоним,
Қолмай юракда армоним,
меҳмони бўлиб ўлтирдим.
Раҳм тушдими дилига,
номимни олди тилига,
Сўзлар ширин хил-хилига,
меҳмони бўлиб ўлтирдим.
Кўкда порлаган юлдузнинг,
сунбул кокили қундузнинг,
Ўктамжон, ул гўзал қизнинг
меҳмони бўлиб ўлтирдим.
КЎЗИ ШАҲЛО КЕЛМАДИ
Кўзларим йўл устида, ул гулираъно келмади,
Гулираъно демаким, ул қадди барно келмади.
Қадди барно келса деб кўз тутибман интизор,
Интизор айлаб мани қилди таманно келмади.
Интизорлик дардини ман ёру дўстга арз этиб,
Йўқласин бир бора деб қилдим тавалло, келмади.
Қайта-қайта чиқдиму йўлларига, воажаб,
Ҳар чиқиб боққанда бўлди меҳри аъло, келмади.
Тонггача кўз юммадим аҳволима раҳми келиб,
Барқ уриб чиқди қуёш, ул кўзи шаҳло келмади.
Келмагай ёрдан умид бор, келмаганин ўйла хўп,
Зори гирён йиғлатиб Мажнунни Лайло келмади.
Келганим билса маломат қилмасин ағёр, деб,
Дўстига айлаб карам ул ақли доно келмади.
БОҒБОН ЙИГИТ ҚЎШИҒИ
Сув бўйига гул экарман севгили ёримни деб,
Сарвиқомат, сочи сунбул, лола рухсоримни деб.
Ўзгача тарҳин тузиб боғни бўстон айладим,
Шу гулистонга ярашган кўзи хумморимни деб.
Товланиб очилса гул ҳарён муаттар ҳид сочиб,
Келса ёр баҳрин очишга ошиқи зоримни деб.
Лутф этиб боқса гулим, гулдин кошона айлабон,
Андалибдек куйлар эрдим номусу оримни деб.
Юртни обод, элни шод этмоқ дилимда муддао,
Ўктамо, меҳнат қилурман шу чаманзоримни деб.
ПОКИЗА ГАВҲАРСАН
Жамолинг ой каби порлаб кўрингайдир уйингдан ҳам,
Менинг наздимда ул равшан ою юлдуз кунимдан ҳам.
Қаро кокилларинг васфин десам сунбулму райҳоним,
Қараб ҳайрон бўлиб қолдим узун сочинг бўйингдан ҳам.
Қошинг қошинг билан пайваст, жамолингга бўлибман маст,
Бирор фурсат нари кетмас, хаёлимдан – ўйимдан ҳам.
Қачон топгум сени, дилбар, ширинсўзлиқ шакаргуфтор,
Олай ором, ёзиб хуммор, қўшиқ айтган куйингдан ҳам.
Гўзалсан, шамсу анварсан,