Ўктам Мирзо

Умрим есталиклари


Скачать книгу

бир пул,

      Дилафрўз рақсга тушганда.

      БИР ПАРИ

      Субҳидам чоғи эди, ёнимдан ўтди бир пари,

      Бир парики беназир, соҳибжамоллар сарвари.

      Юзлари ял-ял ёнар, кўзлар хумор, қошлар камон,

      Улпарини ишқи бирлан ёзилди кўнгил дафтари.

      Арғувоний кўйлак ичра салланодир сийми тан,

      Жон тасаддуқ бўйига мафтун қилар сумбатлари.

      Сочи сунбулму дейин, яшнаб туришинму дейин,

      Юрган юришинму дейин, кўргум келур кўрган сари.

      Илтифот айлаб манга гуфтугў этди калом,

      Ёзганим бирла адо бўлмас парининг гаплари.

      Бунча хушрўй, бунча хушбўй, бунча кўркам бўлмаса,

      Қолмагай Ўктамда армон бўлса шундоғ дилбари.

      ЎТДИМ ЯНА КЎЧАНГДАН

      Қўмсаб юзингни, жонон,

             ўтдим яна кўчангдан,

      Кўзлар бўлиб нигорон,

             ўтдим яна кўчангдан.

      Васлинг умиди бирлан

             оҳу фиғон этарман,

      Ҳолима ҳамма ҳайрон,

             ўтдим яна кўчангдан.

      Висолингга етолмай

             фурсат ўтиб бородир,

      Ғаниматки бу даврон,

             ўтдим яна кўчангдан.

      Висолинг давлатидан

             бенасиб қилма, жонон,

      Ўртага солма ҳижрон,

             ўтдим яна кўчангдан.

      Кўрсам юзингни, жонон,

             жамолингга жон қурбон,

      Ақлим бўлиб паришон,

             ўтдим яна кўчангдан.

      Умид улки, парирўй,

             меҳрингни дариғ тутмай

      Зорингни айла меҳмон,

             ўтдим яна кўчангдан.

      Таъзимни бажо айлаб

             тараҳҳум айласанг гар,

      Ўктам дер тасаддуқ жон,

             ўтдим яна кўчангдан.

      ЧУСТ ДЎППИСИ

      Бу азиз бошимга кийсам,

             келмас малол Чуст дўпписи,

      Хушбичим ҳам сержило,

             соҳибжамол Чуст дўпписи.

      Неча гулюз, гултабиат,

             зебо сулувлар илкида

      Топди сайқал минг усулда

             гулмисол Чуст дўпписи.

      Бир қолип, аммо нафосат

             бобида юз ноз билан

      Товланиб қилгай жамолин

             баркамол Чуст дўпписи.

      Офарин санъатга бундоғ

             барно йигитга совға деб,

      Кўз нуридан тикди гул,

             битказди ол, Чуст дўпписи.

      Дўппи тиккан ул сулувга

             эҳтиромим беҳисоб,

      Бош эгиб, раҳмат дедим,

             сўзимда бол, Чуст дўпписи.

      Кўрсалар қардошлар ичра

             ўзбеклигимнинг рамзидир,

      Ўктам айтур, бир умр

             бошимда қол, Чуст дўпписи.

      КЎЗИМ ИЗЛАР

      Бу гулшанда гўзаллар кўп,

             кўзим излар у дилбарни,

      Юзи гул, лаблари ёқут,

             тиши дур, шамсу анварни.

      Юрак амри ёмонлик йўқ,

             муҳаббат хўп, садоқат хўп,

      Нетай қалбим унга маҳбуб,