align="center">
НУРДАН ЯРАЛГАНСАН
Нурдан яралгансан. Топмадим соя,
Қуёш сахий боқар Қашқадарёдан.
Нурлар жилвасини қилиб ҳимоя,
Мен-ку оқиб келдим бошқа дарёдан.
Бир томон Зарафшон, бир томон Сурхон,
Ёшли қароғингдан дарёлар боқди.
Бошингда япроқлар ўйнади, Нурхон,
Пойингда хазондек шовуллаб оқдим…
Кузим… Боқ. Юракнинг чандиқларидан
Заҳмида нам тортиб қондир вароқлар.
Берай Бибихоним сандиқларидан
Олтин сочларингга олтин тароқлар!
Кўзингга тикилсам, тўкилади шеър,
Борлиғим энг гўзал ҳисга тўладир.
Менга Тўмариснинг қиличини бер,
Сочларингни кессам керак бўлади…
Қиличнинг тиғида ой ҳам қулайди.
Эгилган бошларга тўлган она ер…
ЎШАЛ КОТИБАГА
Оламда турфа хил одамлар оқар,
Кўрган майдонида кўзим кўради.
Ҳамиша ҳиндларга камтарлик ёқар,
Лек туғишда биздан олдин туради.
Идора эшигин тепиб кираман,
Ойдек котибага қиламан хитоб.
Дейман ёзиб тургин кечга кўраман,
Виншушарман каби тузгандек китоб.
Агар Ҳиндистонга кетсам улоқиб,
Ҳиндикуш тоғига қўйиб манжаниқ,
Жасадимга қанча оловлар ёқиб,
Ҳинд диёридан мени қувиши аниқ.
Қуёшга ҳам мағрур қарайман бесар,
Босқиндек хислатлар қонда оқади.
Мени “оқ ит” боқмас оч қолсам агар,
Оч қолса ҳиндларни қуёш боқади.
НЕГА ЖИМСАН…
Нега жимсан? Хаёлларинг банд…
О, Феруза! Осмонга қара –
Ферузаранг ранглар – шаршара –
Гумбазларда тунги Самарқанд
Яшар. Яшнар кўзларингда чўғ –
Умрим шами кўчган диёрдир.
Ой халқаси бўйнимга дордир.
Афсус… ҳали осилганим йўқ!
Шоирлигим – ўтилмаган фан.
Чиройингни қилмагин пана.
Иста! Шеърлар ўқиб бераман,
Ёндафтарим ёнимда, мана!
Қоғозларга сачраган қондир!..
Мен сўрасам… Висол сўрадим.
Не оловсан? Куйди юрагим,
Оғушингда сўнги бор ёндир!
Ахир тунга ачинмайсанми?
Бошинг узра юлдузлар порлар,
Бошинг узра юлдузлар чорлар…
Ичгим келар… Билмам… Майсанми?…
Ферузаранг ранглар – шаршара –
Гумбазларда тунги Самарқанд…
О, Феруза…
ЖОНОНЛАРГА
Жононларга – титрак жонларга,
Бағишланган кечалар қани.
Борса келмас бир томонларга
Олиб кетинг кўчалар мани.
Кета қолай гарангсиб, гангиб,
Улоққанча шамоллар билан.
Чархидунни манглайга танғиб,
Қарғиш теккан аёллар билан.
Ўзим каби шеърларим мана,
Сизга қолсин хатдек, майлига.
Кетмакчиман бевақт, бесана,
Тажарруднинг беишқ сайлига.
Кетмакчиман