Ҳиротдан боқма паришон.
Жон тутдим. Сўз тутдим. Каминг тўлмайди…
Ёвга нишон, сенга қалқонман, ишон!
Ахир мен ўламан… Сўзлар ўлмайди!
ҲОФИЗ ШЕРОЗИЙГА НАЗИРА
Сармаст яша танда жон токи,
Бода тутгил, ки олийсифат.
Ё дўзахдир, жаннатдир ёки,
Бил, кетармиз алалоқибат.
Зўр бўлармиш жаннатда, эй дўст –
Май бўлармиш жаннатда, эй дўст.
Ҳур бўлармиш жаннатда, иста –
Най бўлармиш жаннатда, эй дўст.
Майлар ичай, ёрлар қучай мен,
Қанотимда олиб учай мен.
Сен билмайсан – бир хилват манзил –
Ҳурлар билан танҳо кўчай мен.
Эй ёр, қалбим тирна шонада,
Эй дўст, бир дам сен тилингни тий.
Шу дунёда – шу майхонада
Яшаб ўтай бўлиб жаннатий.
ИШҚ ДЕДИНГ
Ишқ дединг. Сўрадинг умримга тилхат,
Қалтираб турардинг. Қўлингда това.
Япроқдек тўкилдим. Тўкилди дилхат –
Дунё ёлғон дедим, қиз бевафо. Ва
Кетдим бўйга етган буғдойзорлардан,
Рангин чироқлардан изладим жамол.
Булутлар карвонин ўйнаган шамол,
Бағишлади сарсон хазонларга шаън!
Карвонлар изини этганча тавоб,
Кетдим. Сендан кетдим кўп йироқларга.
Ойдин кечаларда бермадим жавоб,
Юрагимни чертган қўнғироқларга…
Шеърларим тош эмас. Сиғинма, ай, жон…
Мана, илоҳ каби яшаяпман жим.
Қонталаш шафақда ичилди рашким,
Мажнун саҳросида фақат кечдим қон!..
Яхшимисан?! Бошқа не деб айтарман,
Четга йиғиштириб қўй ишларингни.
Бир кун жомадонда олиб қайтарман,
Фақат сенга – сендан кетишларимни…
КЎП БОР ЎТДИМ
Кўп бор ўтдим кўчангдан, эркам,
Кўп бор ўтдим сочимни тараб.
Ёқиш учун бекўсту бекам,
Турганингда дарчангдан қараб.
Кўп бор ўтдим кўчангдан, эркам,
Кўп бор ўтдим туфлимни артиб.
Ўтавердим ўзимни тергаб,
Ўтавердим башанг, батартиб.
Ўтавердим бегўр, ложарам,
Куну тунда, тушу пешинда.
Бир кечада айирдинг, эркам,
Ўтиш деган буюк ишимдан.
ҲУСН ОРА ТЕНГСИЗ, ГУЛДЕК ЁР
Нозик қўлларида, ваҳким, тутиб май,
Ҳусн ора тенгсиз, гулдек ёр турур.
Ҳорғин жасадимнинг тарожига шай,
Чап кўксимда улуғ жавонғор турур.
Майда жилва қилар чеҳраси кулиб,
Бир қадаҳ майдирким, сипқорсам ўлам.
Сипқорсам кетгаймен оламни бузиб,
Сипқорсам оламнинг ғамига тўлам.
Анинг кўзларида жилва қилар май,
Нетай, қаршимда гулдек ёр турур.
Сайрон – жасадимнинг хирожига шай,
Ўртада бир қушким интизор турур.
Урёндир, сипқорсам озор фараҳга,
Сарҳушмен, сипқорсам сўздин қолмаймен.
Афсуским бундайин гулгун қадаҳга,
Фақат