Ўткир Ҳошимов

Танланган асарлар: 1-жилд


Скачать книгу

шунчалик зички, муқовасини ёриб юбораман, деб турганга ўхшайди.

      Романнинг анчагина бобларида афғон уруши тасвирланади. Адаб бу адолатсиз урушнинг бутун фожеасини, ғайриинсонийлигини рўй-рост тасвирлайди. Мина портлаганда қўли бир томонга, боши бир томонга учиб кетган йигитнинг жон таслим қилиши, юртини соғинган аскарнинг нуқул ўлимни туш кўриши, ҳимоясиз афғон қишлоқларининг қули кўкка соврилиши манзаралари ўқувчи қалбини ларзага солади.

      Роман қаҳрамонларидан бири Рустам ўз “интернационал” бурчини ўтаётганидан мамнун эди. Бироқ у бу қонли манзаралар қаршисида ўйга толади. Бу уруш халқларга фақат кулфат олиб келиши мумкинлигини тушуниб қолади. Бироқ… у ўз жонини сақлаш учун қон тўкиши шарт. Акс ҳолда унинг ўзи қурбон бўлади. У бегуноҳ афғон аёлини отиб қўйганда қанчалар гуноҳга ботганини англайди. Изтироб, алам оташида ёнади. Унинг фожеаси бу билан тугамайди. Оғир яраланиб уйига қайтганда яна бир даҳшатли фожеа устидан чиқади. Бир умр меҳнатдан боши чиқмаган, партия қаерга ташласа ўша ерни меҳр билан гуллатган, қўша-қўша орденлар олган отасини “қўшиб ёзувчи” сифатида қамашганини эшитиб, ҳайрону лол бўлиб қолади. Дунё кўзига қоронғу бўлиб кетади. Рустамнинг адолат қидириб, елиб-югуришлари беҳуда кетади. Ҳеч ким унинг арз-додига эътибор қилмайди. Қайтага “Зўравонлигингни афғонга бориб қил, бу ерда кетмайди”, деб эрмак қиладилар. У икки йил йўлига интизор кўз тиккан севгилиси Шаҳнозага уйланганида бутун ҳаёти фожеага айланганини билади. У афғондан “яроқсиз” эр бўлиб қайтганини сезади. Рустам севган қизини бахтли қилишдан мосуво бўлган.. Йигит киши учун бундан ортиқ фожеа бўлиши мумкинми?

      Отасини туҳматлардан қутқаришга ожиз, севгилисини бахтли қилишдан ожиз Рустам ўз жонига қасд қилишдан бошқа илож тополмайди.

      Ёзувчи фожеаларнинг илдизлари чуқур, ҳамма гап мустабид тузумнинг моҳиятида эканини очиб ташлайди. Романдаги комиссар образи орқали сўнгги эллик ил ичида юз берган золимликлар намоён бўлади. Коллективлаштириш йилларидаги сургунлар, 37 ва 50-йиллардаги қатағонлар, афғон уруши, ва ниҳоят “ўзбек иши” деган жирканч туҳмат, биз сиғинган тузум адолатсизлик ва зулм пойдевори устига қурилганини ва нураб, ер билан яксон бўлиш арафасида охирги нафасини олаётгани жуда ишонарли тасвирланганига иқрор бўламиз.

      Комиссар ҳам ўзи суянган тузум билан баробар нураб бораяпти. Роман охирида ғалати бир эпизод бор. Комиссар фаррош Қурбоной билан шунчаки гаплашиб қолади. Бу аёлнинг бошига ёғилган кулфатларга шу одам сабабчи. Бир вақтлар эшон деб бобосини, халқ душмани, деб дадасини қаматган. Онасини зўрлаган. Онаси номусга чидолмай, ўзини осган. Қурбонойнинг бу мараз кимсани кўрарга кўзи йўқ.

      Улар орасида шундай суҳбат бўлиб ўтади:

      – Ўзингиз тузукмисиз? – деди Қурбоной бошқа гап тополмай.

      – Менми? – Комиссар кулди. – Хэх-хэх-хэх! Қачон ўласан, демоқчимисан? Овора бўласан! Мен ўлмайман. Хэх!..

      Назаримда бу гап тагида жуда катта маъно яшириниб ётибди. Ёзувчи бизни огоҳ