аммо ҳали иш бошламагн эди.
Анвар дўстини ранжитиб қўйганини пайқади шекилли, индамасдан бориб қоғоз халтани очди.
– Узум ейсанми? – деди турган ерида бурилиб қараб. Алимардоннинг жавобини ҳам кутмай ҳовлига чиқиб кетди. Зум ўтмай тўрт бурчак патнисда икки бош узум кўтариб кирди. Яна каравот олдида чўккалади. – Ол, жуда ширин экан…
Алимардон кўз қири билан қараб қўйди. Сап-сариқ ҳусайнилар товланиб турар, шудрингдай сув томчилари таранг, текис узум доналари устида жилоланар эди.
Анвар икки дона узумни узиб олди.
– Оғзингни оч!
Алимардон узумни карсиллатиб ер экан, беихтиёр жилмайди.
– Шаҳарда нима гаплар?
– Тинчлик… – Анвар қизларникига ўхшаш тимқора кўзларини сузиб қўйди.
Алимардон унинг қизиқ бир янгилик айтишга оғиз жуфтлаб турганини сезди.
– Гапиравер! – деди жилмайиб.
Анвар ялт этиб унга қаради.
– Муқаддам шу ерга – Бўстон гузаридаги дўхтирхонага ҳамшира бўлиб келибди…
“Ҳа, шунинг учун оғзи қулоғида экан-да!” Алимардоннинг кўнглида яна ўша чалкаш туйғу уйғонди. Анвар бу қизни яхши кўришини кўп гапирар эди. “Бу ёғи ҳам беш бўлибди… Қизиқ, бир хил одамларнинг иши ўз-ўзидан юришиб кетаверади. Меники-чи?” Алимардон ичидан хўрсиниб қўйди.
– Яхши! – деди хушчақчақ гапиришга уриниб. – Бизни келиннинг ўзи даволар экан-да?
– Айтдим унга… – Анвар бир шингил узумни унга тутқазди. – Бугундан бошлаб ҳар куни келиб туради. – У тўсатдан эсига тушгандек сўради… – Мастава қилиб берайми… Афтингни буриштирма, яхшилаб пишираман…
Салдан кейин Анварнинг ошхонада гурсиллаб ўтин ёргани эшитилди. Зум ўтмай дераза орқасида Анварнинг ўзи кўринди. У майкачан бўлиб олган эди.
– Ҳаммаёқ хазон бўлиб кетибди, супуриб ташлай, – деди у деразадан бошини суқиб. – Кейин молхона эшиги тагида ётган узун супургини олди-да, худди чалғида ўт ўраётгандай қулочкашлаб супара кетди.
Йирик-йирик ёнғоқ хазонлари қизғиш ўрик япроқларига қўшилиб, супургига эргашганча ҳавода ожизгина пирпираб учиб, анча нарига бориб тушар, ҳовлининг оппоқ сатҳи йўлакдай очилиб қолар эди. Анвар супургини ғайрат билан қаттиқ-қаттиқ силкитар, аммо зум ўтмай супурилган ерга яна хазонлар келиб қўнар, хуноби ошиб тағин орқага қайтар эди.
Алимардон япроқларнинг пирпираб учишини томоша қила-қила пинакка кетди…
Ошхона ичи тутунга тўлиб кетган эди. ўтин ўчакишгандай ёнмас, ҳадеб тутар эди. Анвар чўнқайиб олганча бор кучи билан пуфлайвериб томоқлари ачишиб кетди. Бўғилиб йўтала бошлади. Энди тоқати тоқ бўлганида ўтин лов этиб ёниб кетди.
Анвар тутундан бўғилиб ташарига отилди. Кўзларини узоқ ишқалади. Қўлини туширди-ю, кўча эшик олдида ўзига қараб турган Муқаддамни кўриб хижолатдан юзлари ловиллаб кетди. Муқаддам қизил кўйлак кийиб олган, қўлидаги ялтироқ стерилизаторни силкитганча ҳадеб куларди.
Анвар жилмайганча югуриб унинг олдига борди.
– Келдингизми? Қандоқ топдингиз?
– Ҳаммаёғингиз қоракуя бўлиб кетибди-ку! – Муқаддам эрка табассум