кўтариб эшик кесакисидан ушлаганча гоҳ Алимардонга, гоҳ Муқаддамга қараб турар эди.
– Болалигидан шунақа, – деди Анвар ачиниш тўла паст оҳангда. – Сал шамолласа ўпкаси қисади. Қайси куни анҳорда чўмилиб, тағин шамоллаб қолибди. Ўжар-да, ўжар. Касалхонага бормади. – У бир нафас жим қолди-да, яна Алимардон томонга қаради. – Ҳали билмайсиз… Жуда ажойиб йигит. Шунақа овози борки, шунақа яхши ашула айтадики…
– Эшитдим… Доктор айтган эди. – Муқаддам Анварга қараб жилмайди. – Кетаверайми?
Анвар унинг кўзларидан ўзига қадрдон бўлиб қолган илиқ меҳрни сезди-ю, қувониб кетди.
– Овқат пишсин… Кузатиб қўяман.
Улар анҳор ёқасидаги ёлғизоёқ йўлдан изма-из боришарди. Муқаддам олдинда кетар. Анвар уч қадамча орқада ундан кўз узмай борарди. Йўл кимсасиз бўлгани учун Муқаддам туфлисини ечиб, бармоқларига илиб олган, яланг оёқлари остидан кўтарилган чанг йўл чеккасидаги сарғая бошлаган ўтлар устига чўкар, этагининг шамолидан силкинган ғумайлар оҳиста бош силкиб қоларди. У чор-атрофни томоша қилиб борар, Анвар унинг чеҳрасини кўрмаса ҳам қувончдан жилмаяётганини, ҳаяжонланаётганини сезиб турарди.
Қишлоқ устида кузнинг атлас либоси ловиллаб ёнади, уфққа туташиб кетган полизлар, токзорлар гоҳ қизғиш, гоҳ қаҳрабо рангда товланади. Олисда, осмоннинг ер билан туташган жойида оловли бир ҳовур ичида қуёш ботиб борарди. Қаердадир бузоқлар маърайди, гузар томондан мактаб болаларининг қий-чув товушлари эшитилади.
Сўқмоқ бирдан ўнгга бурилди-ю, пастга анҳор устига шўнғиб кетди. Муқаддам тўхтаб қолди. “Энди қаёққа борамиз?” – дегандай Анварга қайрилиб қаради.
– Яккачўпдан ўтамиз… – Анвар Муқаддамни четлаб ўтди-да, тик сўқмоқдан пастга югуриб тушиб, қирғоқдаги толнинг ғадир-будир, йўғон гавдасини қўли билан ушлаб қолди. Анҳор соҳилида эркаклаб кетган баланд-баланд ялпизлар яшнаб ётар, қирғоқдаги икки туп азим тол атрофга оқшом соясини ташлаган эди. Анвар бурилиб қаради-ю, терак бўйи баландликда ўзига қараб жилмайиб турган Муқаддамни кўрди. Юқорида ҳали қуёш нури сўнмагани учун Муқаддамнинг қизил кўйлаги офтобда ярақлар, гўё унинг ўзи ҳам аланга оғушида ёнаётгандек эди.
У қўлларини ҳавода кенг ёзди-да, болаларча шодон оҳангда қичқирди:
– Ушланг, Анвар ака!
Анвар ҳушини йиғиб олгунча у чопқиллаб туша бошлади. Анварнинг юраги гупиллаб уриб етди. У Муқаддамнинг ҳозир бағрига келиб урилишини билиб турар, аммо қучоқлаб олишини ҳам, қўлидан тутиб қолишини ҳам билолмай иккиланарди. Анвар ҳушини тўплаб бўлгунча Муқаддам шиддат билан етиб келди. Анвар бирдан ўзини четга олди-да, унинг билагидан маҳкам тутиб қолди. Муқаддам кескин бурилганча унинг кўксига урилди. У негадир кўзларини юмганча ҳадеб кулар, Анвар эса ҳаяжондан нафаси тиқилиб, нима қилишини билмай қолган эди. Муқаддам унга ҳеч қачон шунчалик яқин турмаган, унинг сочлари ҳеч қачон Анварнинг юзига тегмаган эди. Анвар ҳаяжондан бўғилиб қолган, ўзи ҳам маъносини тушуниб етмаган алланимадан уялар эди.
Муқаддам қўлини тортиб олди-да, қошларини чимириб жилмайди.
– Ёмонсиз-а…
Анвар