лабларини қимтиб ютинди. Касса олдида уймаланишган одамларга бир қаради-да, яна ўшандай енгил қадамлар билан театр биносини айланиб ўта бошлади.
Ёш чинор дарахтлари қалин хазон тўккан кичкинагина боғчадан ўтиб, театрнинг орқа эшигидан ичкари кирди. Шошиламсдан цемент зиналардан кўтарилди. Йўлаклар нимқоронғи, залдаги ҳашамлар бу ерда кўринмас, деворлар зах эди. Қаердадир доира тараклар, пианино товуши эшитилиб турарди.
“Репетиция қилишяпти”, деб ўйлади у саҳна томонга юриб бораркан. Яна бир йўлакдан ўтиб, ёнбошдаги эшикни тақиллатди. Ичкаридан йўғон, босинқи овоз эшитилди:
– Киринг!
Алимардон овоз эгасини таниди: “Зуфар Ходиевич! Ҳозир уришади!”
У эшикни шахт билан очди. Жажжигина хона биллур қандилдан ёғилаётган нурга тўлган, деворлардаги кекса артистларнинг суратлари рамкалар ойнаси ярақлаб турарди.
Зуфар Ходиевич каттакон стол орқасида креслога оғир гавдаси билан чўкиб ўтирар, сигарет тутатар, оппоқ, сийрак сочлари чироқ нурида ялтилларди. Унинг хиёл очиқ лабларидан оғзидаги уч-тўрт тилла тиши кўриниб турар, чеҳрасида чарчоқ бир ифода бор эди.
– Яна кеч қолдингизми? – Зуфар Ходиевич кафти билан тамаки тутинини ҳайдаб койиди. – Шу одатингизни қачон ташлайсиз?
Алимардон индамай тураверди. У театр бадиий рағбарининг қаттиққўллигини, унга гап қайтаролмаслигини билар, аммо унинг ёшларни яхши кўришидан ҳам хабардор эди. У Алимардонни ишга олаётганда ҳамма шароитни яратиб беришга, гастролларга олиб чиқишга ваъда берган эди. Чиндан ҳам ваъдасини бажарди. Алимардон ёз бўйи республиканинг ҳамма вилоятларига бориб келди…
У тағин нима деркин, деган хаёлда Зуфар Ходиевичдан кўз узмай тураверди.
– Гримхонага кирмайсизми? – Зуфар Ходиевич тағин ўша койиган оҳангда.
Алимардон ҳеч нима демай, кескин бурилди-да, чиқиб кетди.
У саҳна чеккасига суриб қўйилган парда олдига борганида концерт қизиб кетган эди. Яна иккита номердан кейин конферансье қиз шошилиб келиб, унинг қулоғига шипшиди: “Тайёрмисиз? Чиқинг!” У Алимардоннинг жавобини ҳам кутмай саҳна ўртасига бориб эълон қилди:
– Навбат ёш хонанда Алимардон Тўраевга!
Гулдурос қарсаклар зални титратиб юборди. Унинг назарида одамлар қўшиқнинг номини эшитишга ҳам тоқат қилмай, ўзини кўришга ошиқардилар. Алимардон енгил, ишончли қадамлар билан саҳна ўртасига – микрофон олдига етиб борди. Ҳамон ҳавони қарсаклар титратар, у юриб эмас, мана шу қарсаклар қанотида учиб саҳнага чиққандек эди. Алимардон бир вақтлар саҳнада қай ҳолатда кўринишни орзу қилган бўлса, ҳозир худди ўша ҳолатда эди. У чуст дўппи, қора костюм-шим кийиб олган, оппоқ кўйлагининг крахмалланган ёқаси тагида чиройли ялтироқ галстук ёниб турарди. У бир вақтлар телестудияда илк бор қўлига ушлаб томоша қилганидан ҳам яхшироқ тор кўтариб турарди.
Алимардон қошини бир оз чимириб жилмайди-да, оҳиста таъзим қилди. Зал яна гувуллаб кетди. Торнинг жозибадор янгроқ садолари кунгурадор шифтларга урила