Ўткир Ҳошимов

Танланган асарлар: 1-жилд


Скачать книгу

каттакон қандил ҳали ўчмаган, томошабинлар қаторлар ўртасидаги йўлакдан шоша-пиша ўтиб, ўз ўринларини қидиришарди, ҳали очилмаган саҳна томонга орзиқиб қараб-қараб қўйишарди. Улар ҳар хил: ёш, қари, эркак, аёл… Қандайдир бир ярим-икки йил ичида бутун ўзбекистонни ҳайратга солиб қўйган Алимардон Тўраевни кўришга, дилдор овозини эшитишга узоқ-яқиндан келган одамлар шулар.

      Алимардон мийиғида кулиб қўйди. Ҳа, у шод эди! У чиндан ҳам бутун ўзбекистонни забт этганини билар, билган сайин қувонарди. Одамлар бутунлай маҳлиё бўлиб қолганга ўхшарди. Унинг концертига энг чекка қишлоқлардан келишар, икки ҳафта илгари олиб қўйилмаса билетлар топилмас, шунда томшабинлар ҳар бир паттани ўн баробар баҳосига бўлса ҳам олиб тушишарди.

      Алимардон ўзининг нима учун бунчалик тез танилиб кетганлигини билади. У одамларнинг юрагини қитиқлаш сирларини ўрганиб олди. Қўшиқдаги ҳар бир янги оҳанг томошабиннинг завқини тошириб юборишини, ҳар бир ҳаракат олам-олам олқиш ҳадя этиши аниқлигини тушуниб қолди. ўзи басталаётган куйларда қувонч билан изтироб, муҳаббат билан садоқат – ҳамма-ҳаммасини мужассам этишга уринди. Ҳар бир ашулада ҳеч қачон такрорланмас оҳанг бўлиши, қўшиқларнинг ҳар бир сўзи тингловчининг юрак-юрагига етиб бориши учун ҳаракат қилди. Шу туфайли шинавандалар уни эҳтирос билан олқишлайдиган бўлдилар.

      Алимардон тўйларга ҳам кўп қатнайди, аммо арзон-гаровга эмас.

      Залда гулдурос қарсаклар янгради. Алимардон яна парда тирқишидан мўралади. Олдинги қаторлар лиқ тўлган, орқароқда эса жойини тополмаган томошабинлар зир югуришар эди. У соатига қараб қўйди. Томоша бошланишига беш минут қолган. У бурилиб кетаётганида яна зал гувуллай бошлади.

      Мана, икки йилдирки, Алимардон шу қарсаклар ҳавосида учиб юрибди. У худди ойга ўхшарди. Кун сайин тиниқлашиб, кун сайин ёрқинлашиб, баландлаб борарди. Унинг силлиқ таралган сочи устидан чуст дўппи кийиб, қошини хиёл чимириб, табассум қилиб турган сурати аллақачон ҳаммага таниш бўлиб қолган, афишалар номи ўқлоғидай ҳарфлар билан ёзилиб чиқар эди.

      У пардозхонага кириб, ўзини яна бир марта кўзгуга солди-да, торини кўтариб қайтиб чиқди.

      Саҳна пардаси секин-секин очила бошлади. Залдаги катта қандил ўчди. Чекка-чеккадаги эшиклар устида ёниб турган қизил чироқларгина қолди.

      Конферансье эълон қилгандан кейин Алимардон саҳнага чиқди. Кунгурадор шифтлар қарсак садоларидан титраб кетди, бутун зал ҳаяжондан ларзага келди. Алимардон ҳар тарафга қараб таъзим қилди. Олқишлар яна ҳам кучайиб кетди. Шу кўйи беш дақиқагача тўхтамади.

      Алимардон торини кўксига босиб, томошабинларга зимдан қараб қўйди. ўира-ширада ҳаяжондан қизарган чеҳралар кўринади, орқа қатордагилар ўрнидан туриб кетган, ҳамма баравар чапак чалар эди.

      Тор садолари юракларни зириллатиб тилга кирганидан кейингина зал секин-секин тинчий бошлади. ўша ондаёқ Алимардоннинг тиниқ овози осуда парвоз этди:

      … Рангинамни сариқ қилган ул қалам қоши…

      У кўзларини хиёл юмиб олганча қўшиқни завқ билан