Ўткир Ҳошимов

Танланган асарлар: 1-жилд


Скачать книгу

мен келдим, Муқад…

      У бу сўзларни шундай майин айтдики, Муқаддам унинг ҳеч қачон бундай мулойим, ялинчоқ оҳангда гапирганини эшитмаган эди. Йўқ, эшитганди, бир вақтлар, келин бўлмасидан илгари…

      Муқаддам яна кўз ўнги хиралашиб кетаётганини, бир оғиз гапирса овози титраб кетишини билиб индамади. Яна унинг қўлларига, бармоқларининг устини майин тук қоплаган қўлларига қаради. Қачондир бу қўллар унинг сочларини силаган. Майин-майин силаган. Силаб туриб бахтига чанг солган… Бу қўллар ўша хотиннинг ҳам сочларини силаган-да. ўша хотиннинг ҳам елкаларини сийпалаган-да…

      Муқаддам ғазабдан бўғилиб пичирлади:

      – Нега келдингиз? Нима керак сизга?!

      Алимардон Муқаддамга таниш, ўша маъноли оҳангда кулди.

      – Бўл энди, Муқад…

      Муқаддам аламдан лабларини тишлаб, деворга суяниб қолди.

      “Бўл энди…” – У келинчак пайтида эрининг худди шу сўзларини, худди шу оҳангда кулиб айтганини ҳар кеча эшитарди. Ким билсин, яна кимлар эшитмади экан бу сўзларни…

      Унинг вужудини бирдан ғазаб ёндирди-ю, нафрат билан пичирлади:

      – Кетинг!

      Шу топда у Алимардоннинг ялинишини, ёлворишини истар, ўша уйга бари бир қайтиб бормаслигини билиб турса ҳам, шунча изтироблари ҳақи уни тиз чўктиришни, қасос олишни хоҳларди.

      Аммо Алимардон ялинмади. Унинг кўзларига хотиржам тикилиб турди-да, секин таъкидлади:

      – Бола бор, эсингни йиғ…

      Муқаддам ғазаб ичида қўллари қалтираб, эшикни қарсиллатиб ёпди-да, занжирлаб олди. Нима қилаётганини ўзи ҳам тушунмай, уйга отилиб кирди. Ухлаб ётган Шавкатни даст кўтарди-ю, биров тортиб олиб қўяётгандек маҳкам бағрига босди.

* * *

      Шавкат туғилганидан бери Муқаддам уйқуси қуш уйқусидек зийрак бўлиб қолган эди. Ҳозир ҳам у энди кўзи илинганида кимдир шип-шип юриб ёнига келганини сезди-ю, уйғониб кетди. Бошида онаси энгашиб турарди. Уй ичи қоронғи бўлса ҳам у онасининг чеҳрасидаги хавотирни пайқади. Кўйлагининг кўкрак тугмаларини қадаркан, онасига тикилиб сўради:

      – Нима бўлди, ойи?

      Анзират хола жавоб бермади. Ташқарида шамол гувиллаб, деразанинг очиқ қолган бир тавақаси ғийқиллар, уй ичидаги сукунатни чуқурлаштиришга қасд қилгандай ҳорғин инграр эди.

      Муқаддам Шавкатни уйғотиб юбормаслик учун эҳтиёт билан ўрнидан турди.

      – Нима бўлди? – деди тағин шивирлаб.

      Она Муқаддамга гўдакликдан таниш бўлиб қолган хавотирли овозда пичирлади:

      – Даданг келди… – Унинг юраги орқасига тортиб кетди, қўрқа-писа айвон томонга қараб қўйди. – Кўчадан эшитиб уйингга борибди. Эринг билан гаплашибди. Авзойи ёмон…

      Муқаддам турган ерида қотиб қолди. Бир вақтлар қизалоқлик пайтида гуноҳ қилиб қўйса, дадаси уни аёвсиз калтаклар, ўшанда онаси худди ҳозиргидек титраб-қақшарди. Муқаддамнинг вужудини енгил бир титроқ силкитиб юборди. У дадасининг қаҳри қаттиқ эканини, “ғизинг эридан чиқиб келди”, деган иснодни кўтара олмаслигини билар эди. У дадасининг кўнглида