вафот этади. Ваҳоланки, ўша пайтлари у 19 ёшга кирган навқирон ва бақувват йигит эди. Хонликнинг расман тугатилганига ҳали ўн йил ҳам тўлмаган, мустақил давлатни тиклаш орзуси халқнинг кўп табақалари онгида ҳамон тирик, бу қутлуғ йўлда жонини фидо этишга тайёр ватанпарварлар бисёр эди. Шундай шароитларда халққа бош бўлишга қобил тахт ворисининг улғайиши, тирик юриши биринчи галда мустамлака маъмурлари кайфиятига рахна солиши аниқ эди. Ва шу боис халқ орасида турли гап-сўзлар ўрмалади… Ҳар ҳолда унинг ўлими сабаблари сирлигича қолган. Бунинг устига Худоёр ўз фарзандлари ва қавму қариндошлари ичида бор-йўғи икки кишига – укаси Султонмуродбекка ва ўғли Ўрмонбекка ихлос қўйганлигини ҳам жуда кўпчилик билар эди. Тақдирни қарангки, Марғилон ҳокими бўлиб турган Султонмуродбекни 1875 йили исёнчи сохта Пўлатхон сўйдириб юборади. Шоир Усмонхўжа Зорий шу даврларда ёзган шеърида Худоёрхон тилидан бежиз бундай демаган:
Худоёрхон демишлар, Шаҳри Фарғонамдан айрилдим,
Ки тахту бахту қасру тожу шоҳонимдан айрилдим.
Жигарбандим, иним бек султонимдан айрилдим,
У Насриддин ўзимга жонишин хонимдан айрилдим,
Хусусан, нури дийдам, жоним Ўрмонимдан айрилдим,
Шаҳид шаҳзодалар – кокил паришонимдан айрилдим…
Хон тушида безовта бўлган кундан бошлаб яна тушкун кайфиятга қайтди. Орадан икки-уч ойлар чамаси вақт ўтгач эса Фарғонадан Маккаи Мукаррамага йўл олган ҳажталаблар орқали оғизма-оғиз Ўрмонбекнинг вафот топгани ҳақидаги қайғули хабар Каррухга ҳам етиб келди. Юсуф афанди бу мусибат муждасини хонга қандай етказиш йўлини билмай ўйга толди. Кейин секин ҳисоблаб чиқса, худди ўша хон ёмон туш кўрган куни шаҳзода оламдан кўз юмган экан! “Во дариғ, во ҳайрато! Оллоҳнингқудратига шак-шубҳа йўқ! – дея ичида истиғфор ўқиди ҳожи, – қарангки, ўғил жон бераётган лаҳзаларда Оллоҳим ундан минглаб чақирим олисдаги отага башорат берган! ”
Ҳожи ўйлана-ўйлана “суюкли ўғил вафотини отадан сир тутмоқ ножоиз ишдир” деган хулосага келди-да, бир куни ётиғи билан хонни ушбу мусибатдан воқиф этди. Худоёрхон кўзларини катта очиб анча муддат қаршисида гуноҳкордек бош солинтириб турган ҳожига тикилиб қолди. Кейин аста ҳужра деворига тиралган болишга суянди. Юзлари қорайиб кетди. Сўнг кўзларини юмиб фотиҳа тортди. Юмуқ кўзлар орасидан қалин ёш сизиб чиқиб бетларини юварди…
– Аниқми? – деди ниҳоят хон унинг аҳволига қараб йиғлаётган ҳожига.
– Дафн маросимида қатнашган одам айтди, бу кўргулик хусусида, тақсир, – деди ҳожи ёшли кўзларини белбоғи билан артар экан.
– Дафн маросими шаҳзоданинг обрўсига муносиб тарзда ўтказилибди. Оғоча ойим, қолган ойимлар, келинларингиз, Тошкентнинг эътиборли зотлари хонадонларга мансуб баъзи бир бошқа аёллар ҳам қора кийиниб азадор бўлишган. Ўғилларингиз, хон хонадонига алоқадор барча ҳурматли кишилар аза ва фотиҳахонлик кунлари ўша хонадонда бошдан-оёқ туришибди…
Дарҳақиқат,