Алишер Ибодинов

Худоёрхоннинг сўнгги кунлари


Скачать книгу

мингбоши “Сотқинлар қатл этилиши даркор, чунки бу қолганларга сабоқ. Иккинчидан бу хиёнаткорлар эртага зиндондан қочиб, янги фитна, уруш бошламаслигига яна ким кафолат беради?!” дея қаттиқ турса-да, хон бу маслаҳатга кирмади. Кўп ўтмай Олимхоннинг тирик қолган ўғли Оталиқхон исён кўтаради. Шералихон бу тахтталаб шаҳзоданинг исёнини бостириб, ўзини асир олади-ю, бироқ амакиваччасини ўлдирмайди. Ҳолбуки, ўша давр муҳитида қаттиққўл бўлмаган подшо аъёнлар назарида бўш-баёв ҳисобланарди. Бундай хонни беку бийлар чин дилдан ҳурмат қилишмас эдилар. Шундай бўлиб чиқди ҳам. Орадан бир йил ҳам ўтмай Қўқон корчалонлари суҳбатларида беклар орасида “хон бўш экан,” “шер эмас, атала-ку бу!” “Шер-али – шавла,” “Шерали пўстак” каби ҳақоратомуз беписанд иборалар ишлатила бошланди.

      Куни кеча ўнлаб амалдору уламоларни қатл этиб юборган шафқатсиз, телба-тезик Мадалихон устидан амир Насруллога шикоят қилиб борган кишилар бугун юмшоқ табиатли хонни ёқтирмай қолишди. Лекин бу ёқтирмасликнинг сиёсий сабаблари ҳам мавжуд эди. Чунки тахтда юмшоқкўнгил, иродаси бўш одам ўтирса, мамлакатда парокандалик, ўзбошимчалик авж олиши, мулк талашиб бир бутун юртни парчалашга уринадиган кишиларнинг пайдо бўлишини тарих неча бор кўрсатган. Мамлакатни парчалашга тайёр бекларга сероб Қўқон эса ҳақиқатан ҳам қаттиққўл, тадбиркор, сиёсатчи ҳукмдорга муҳтож эди. Шералихон ўрдаси атрофида исён ва фитна биқсий бошлади. Бироқ умри пурвиқор тоғлар қўйнида ўтиб, томдан тушгандай бирдан айшу ишрат, базмлар ўртасида пайдо бўлган Шерали бу ҳолга бепарво эди. Куну тунларини ўйин-кулги, базм ва ишрат оғушида ўтказиш хонга одат бўлиб қолди. Ҳолбуки, унинг боши узра қора булутлар аллақачон қуюқлашганди. Бир неча тахтталаблар бурчак-бурчакларда, тоғлар оралиқларида Қўқон тахтини эгаллаш мақсадида жиддий ҳаракатларини бошлаб юборишди. Бунинг устига Қўқон ўрдасида ўзбек ва қирғиз бекларнинг мавқеи ошиб кетганлигидан норози бўлган қипчоқлар ҳам қўзғалиб қолишди. Қипчоқлар сардори Мусулмонқул чўлоқ исён оловини ёқишга тушди. Мусулмонқул аслида қипчоқларнинг қулон уруғи вакили бўлиб, унинг қайнотаси Ирисқулбий Қўқон мамлакатидаги анча кўзга кўринган шахс эди. Мусулмонқул ўзига қарашли сарбозлар дастаси билан қайнотаси ҳомийлигида Муҳаммадалихон хизматида бўлган. Амир Насрулло бу ақлли ва жасур саркардани Қўқон уруши тугагач, юртнинг юқори мартабали амалдорлари қатори Бухорога олиб кетиши бежиз эмас. Аммо Шерали Амир Насруллога қарши дадил бош кўтаргач, ўз дастаси билан янги хон тарафига ўтган Мусулмонқул Насруллони енгишга ҳисса қўшган. Қўқон ҳимоясида унинг аскарлар дастаси бухороликларга қарши самарали жанглар ўтказгани маълум. Шералихоннинг тахтга кўтарилишида ҳақиқий ҳомийлик кўрсатган Юсуф мингбошининг Шоди шум ғаламислиги, фитнаси туфайли қатл этилганлиги Мусулмонқулнинг хонга қарши қўзғалишига туртки бўлган. Ҳолбуки, Юсуф мингбоши асл қирғиз бўлиб, Шералихонга садоқати кучли эди.

      Мусулмонқул ва яна бир эътиборли