Тохир Хабилов

Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ)


Скачать книгу

истеъмол қилсангиз, учинчи кун унга қарагингиз ҳам келмайди. Лекин нон ҳеч қачон меъдага тегмайди. Инсон барча махлуқот орасида азиз ва мукаррам қилиб яратилгани учун ҳам унга шундай неъматлар насиб этилган.

      Мен қизлар даврасидаги хунук манзарани тилга олдим. Аслида атрофимизга назар ташласак, катталар орасида ҳам нон қадрини унутаётганлар, нонни исроф қилаётганларни кўрамиз. Агар ёшлар нон қадрини билмаётган бўлсалар, демак, бунга катталар айблидирлар. Масалага мантиқан қарайлик: нон қадрини билмаган катта одам фарзандига бу борада қандай насиҳат қилиши мумкин? Нонни исроф қилаётган одам ерни шудгор қилиб, буғдой қадаган, етиштирган, ўриб олган деҳқоннинг, тегирмонда тер тўккан ишчининг, тандирнинг оловли оғзи олдида заҳмат чеккан новвойнинг меҳнатини қадрлармиди?

      Нон учун хизмат қилаётганларнинг манглай тери иқтисодий жиҳатдан ҳукумат томонидан тақдирланади. Маънавий қадри эса сиз билан биз томонимиздан бўлади. Аввало қорин тўйиб, шукроналик дуоси қилинаётганда уларнинг ҳақига ҳам хайрли тилаклар билдирилса савоб устига савоб бўлади. Энг муҳими – уларнинг меҳнатларини қадрлаш бизларнинг нонни исроф қилмаслигимизда намоён бўлади. Тасаввур қилинг: бир шоир янги шеъри ёзилган қоғозни сизга инъом этди. Сиз шеърнинг ярмини ўқиб, сўнг қоғозни ғижимлаб ташладингиз…

      Нон исрофи – ношукурликдан келиб чиқади. Ҳозир дунёда миллион-миллион одамлар бир бурда нонга зор бўлиб яшаяпти. Биз шуни ўйлаймизми? Ёки уйи нон ва бошқа неъматлар билан тўкин оиладаги хаста одам бир тишлам нонни чайнаб юта олмайди. Буни-чи, буни кўз олдимизга келтира оламизми? Худо дастурхонимизни тўкин қилиб берди, неъматларни истеъмол қилишимиз учун саломатлик берди. Бунга шукур этмоқлик ўрнига бу неъматларни нима учун исроф қиламиз?

      Шоир Анвар Эшонов ёзган эдилар:

      Ўзбекистон кузидай бугун дастурхон тўкин,

      Турналардай тизилиб, юраклари эзилиб,

      Қора нон навбатида турганларнинг ҳаққи ҳам,

      Улуғ жанг йўлларида кўксидан қон сизилиб,

      Европада ўт кечиб юрганларнинг ҳаққи ҳам

      Насибангга қўшилиб турар дастурхонингда.

      Ёши улуғ отахонлар, онахонлар бир бурда нон учун қишнинг совуғи, ёзнинг жазирамаси демай туну кун навбатда турганларини унутишмагандир. Бу азобларни эслаб туришнинг фойдаси бор. Албатта, биз ёшларга бу азобни раво кўрмаймиз, Худо сақласин! Лекин ўтмиш инсон учун ҳамиша сабоқ бўлиб хизмат қилиши керак.

      Бу йўллар

      кўп қадим йўллар,

      Беш миллион,

      ўн миллион

      юз миллион нафар

      қуллар ва туллар,

      Гарданда чўяндан қуйилган занжир,

      Ерларда ҳашарот каби

      Очликдан,

      зорликдан гезариб лаби,

      Ожиз,

      маҳкум,

      хор ва бетадбир:

      – Нон! – дея,

      – Нон! – дея

      суриниб кечмишдир.

      Ғафур Ғуломнинг бу сатрларини катта авлод унутмагандир? Ёш авлод ҳам бу каби