Тохир Хабилов

Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ)


Скачать книгу

эса бебаҳо неъматдир…

* * *

      Тунги навбатларда туриш ёшига етганимда бу қийинчиликлар барҳам топган эди. Лекин тўкинлик даври бошланмаган эди. Маҳалла дўконига нон келганда улгурганлар оларди, билмай қолганларга эса қийин эди. Шу боис мени дўкон олдида пойлашга масъул қилиб қўйишган эди. Нон ташийдиган машинани кўришим билан уйга хабар қилишим, агар пул беришган бўлса, ўзим сотиб олишим шарт эди. Тўрт-беш бола навбатчилик қилардик. Машина кўриниши билан уйга ошиқмай, кўчама-кўча юриб, “Нон келди!”, “Нон келди!” деб бақирардик. Гўё шодлик хабарини улашардик, бундан ўзимиз ҳам қувонардик. Хабарлаб келгунимизча дўкон олдида турнақатор навбат пайдо бўларди, аслида биз биринчи бўлсак-да, орқада туришга мажбур қилишарди. Баъзан нон етмай, уйга қуруқ қайтиб, қулоқчўзмадан баҳраманд бўлсак-да, эртасига яна “Нон келди!” деб хабарлашни давом эттирардик. Дўкончи йигит шу маҳаллада яшарди, ундаги кибр шаҳзодаларникидан кам эмасди. Агар нон пешинга яқин келса, тушириб, жойларди-ю, “обед”, деб уйига жўнаб қоларди. Ўттиз-қирқ ёки ундан кўп одам унинг овқатланиб, дам олиб чиқишини кутарди. Одамларни офтоб куйдирадими ё совуқда қақшайдими, ёмғирда шалаббо бўладими – парвойига келмасди. Ҳам тарозидан, ҳам қайтимдан уриб қолса-да, одамлар нонга етишганларига шукур қилибми ё маҳалладошлиги ҳурматиданми, индашмасди. Ҳаром йўл билан пул йиға-йиға тўй қилди. “Зўр тўй қилди-я!” – деб мақтадилар. У одам ҳозир қариб қолган, ўзининг аҳмоқона кибрини эслайдими ё йўқми, билмайман, лекин уни кўчада ҳар кўрганимда мен ўша ҳолатни хотирлайман. Кўчадаги шундай учрашувлардан кейин ён дафтарига буни ёзиб қўйган эканман:

      “Бу дўкондор ҳамма нарсани виждонига қўшиб сотади”, деган гап менга мантиқсиз туюлди. Чунки виждонини сотишга тайёр одамда аслида виждон бўлмайди. “Виждони бор” деб тасаввур қилинган тақдирда ҳам виждонсизнинг виждонини сотиб оладиган покиза виждон эгаси топилармикин?”

      Бундай инсофсизнинг қиёфасини кейинроқ “Ажаб дунё” деган ҳикояда тасвирлашга уринганман. Баъзи муаллимларнинг айтишларига қараганда, мактабда нон ҳақида суҳбат бўлса, шу ҳикоядан мисол келтиришаркан. Мазкур ҳикоя араб тилига таржима қилинган экан, фаластинлик адибнинг мақтовига лойиқ бўлибди, шукур.

      Мен учун болаликдан қолган бир муаммо бор, одамларнинг табиатига ҳозирга қадар ҳам тушунмайман. Бир қарасангиз, меҳр-оқибатли қўшнилар, бир қарсангиз, айниқса орага нафс аралашса, қорин ғами устун келса, бир-бирини танимайдиган бўлиб кетади.

      Кўп маҳсулотлар камёб бўларди, навбатда туриб, баъзан жанжаллашиб олишга тўғри келарди. Бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлган қўшнилар икки кило гуруч ёки ун, ёки гўшт олиш учун бир-бирларини танимай қолардилар. Ҳаётда сурбетликдан ҳазар қилмайдиганлар ҳам учрайди. Бундайлар ўзларининг асл қиёфаларини айнан шундай навбатда кўрсатадилар. Қўшниларидан уялмайдилар: “Менинг навбатим бор эди”, – дея олдинга суқиладилар. Бир марта олишга қаноат қилмай, иккинчи ва учинчи марта суқиладилар. Ўша ун